Ўзбекистон | 11:39
1322
2 дақиқада ўқилади

Наманганда чиқинди ташиш ташкилоти аҳолидан 11 млрд ошиқча пул олгани аниқланди

Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси томонидан аҳолидан олинган ошиқча пулларни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берилган.

Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, аҳолидан тушаётган мурожаатлар бўйича қўмитанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Namangan Musaffo iqlim” МЧЖнинг 2024 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш давомида, МЧЖнинг Наманган шаҳар, Давлатобод, Янги Наманган, Тўрақўрғон, Наманган ва Мингбулоқ туманлари МФЙлардаги истеъмолчи абонентлар-хонадонларига хизмат кўрсатиш сифати бўйича олинган далолатномалар таҳлил қилинган.

Шунда Наманган вилоятнинг 6 та ҳудудида жойлашган 275 та МФЙда 1,3 миллионга яқин аҳоли яшаса-да, ташкилот томонидан ҳудудда 176 та МФЙдаги 633 598 нафар аҳоли қамраб олинмагани ҳамда 762 512 нафар истеъмолчига 11 млрд сўм кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ҳисоблангани ҳолатлари аниқланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Namangan Musaffo iqlim” МЧЖга нисбатан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

МЧЖга 762 512 нафар истеъмолчи фойдасига 11 млрд сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Мавзуга оид