Жаҳон | 15:10 / 14.10.2024
2243
2 дақиқада ўқилади

Bild: Усмонов ARD журналисти устидан прокуратурага ариза берди

Миллиардер Алишер Усмонов Кёлн прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, немис телевидениеси журналисти Хайо Зеппелтни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди. 

Фото: Andrey Rudakov / Bloomberg via Getty Images

8 октябр куни миллиардер Алишер Усмонов Германиянинг ARD телеканали журналисти Ханс-Йоахим (Хайо) Зеппелтни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилиб, Кёлн прокуратурасига ариза топширди. Бу ҳақда 11 октябр, жума куни Bild нашри Усмоновнинг адвокати Йоахим Штайнхёфелга асосланиб хабар берди.

Миллиардернинг норозилигига 4 август куни ARD телеканалида Париждаги Олимпиада ўйинларида қиличбозлик бўйича берилган репортаж сабаб бўлган. Унда Зеппелт «керакли» спортчиларнинг ғалабаларини таъминлаш учун Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE)нинг «ҳакамларини сотиб олиш тизими» яратилганини билдирган.

Зеппелтнинг суриштируви истеъфодаги FIE ҳакамининг сўзлари ва Олимпиаданинг 1/8 финалида гуржистонлик қиличбоз Сандро Базадзенинг мисрлик Муҳаммад Амерга ютқазганига асосланган эди. Шундан сўнг спортчи ҳакамлик адолатсиз бўлганини айтди. Кейинчалик унинг отаси, Гуржистон қиличбозлик федерацияси президенти Мераб Базадзе буни Сандронинг руҳий тушкунлиги билан изоҳлади ва кечирим сўради. Зеппелт билан суҳбатлашган судя FIE унга 2023 йилги саралашдан ўта олмагани ва ҳакамлар ҳайъатидан четлаштирилганини маълум қилганини айтди.

Штайнхёфел Зеппелтнинг репортажлари «асосий журналистика стандартларини бузгани» ва бу «журналистика эмас, балки шармандалик» эканлигини маълум қилди. Октябр ойида Ҳамбург суди Усмоновнинг даъвосига кўра, миллиардерга қарши айбловлар бўлган ARD репортажини тарқатишни тақиқлаб, материал «шубҳага асосланган» ва «шахсий дахлсизлик ҳуқуқини бузади» деган қарорга келди. Шундан сўнг немис телеканали репортажни ўчириб ташлади.

Алишер Усмонов 2008 йилдан 2022 йилгача FIE президенти лавозимини эгаллаган.

Мавзуга оид