Британияда «Новичок» ёрдамида заҳарланиш иши бўйича суд эшитуви бўлиб ўтди
Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида 2018 йилда Дон Стёржесснинг «Новичок»дан заҳарланиши бўйича суд эшитуви бошланди. Эшитувлар 2024 йил декабр ойининг биринчи ҳафтасига қадар давом этиши кутилмоқда.

Фото: Reuters
Қайд этилишича, суднинг кейинги йиғилиши Лондонда бўлиб ўтади ва у ерда ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлияга уюштирилган суиқасд билан боғлиқ ҳолат тафсилотлари тингланади. Якуний ҳисобот 2025 йилда эълон қилинади.
2018 йил 4 март куни Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлия Скрипал Солсберидаги хиёбонда беҳуш ҳолда топилган. Кейинроқ маълум бўлишича, улар инсонни фалажлаштирувчи «Новичок» моддаси билан заҳарланган. Британия бу ишда Россияни айблайди. Айбловга кўра, жиноятни аслида ГРУ разведкачилари қилган, лекин Британия ҳудудига Александр Петров (аслида офицер Александр Мишкин) ва Руслан Баширов (аслида полковник Анатолий Чепига) исми билан кирган одамлар содир этган.
Ўша йилнинг 27 июнида Солсберида яшовчи Чарли Роули хайрия эҳсонлари учун мўлжалланган қутидан Nina Recci брендидаги атир флаконини топиб олади ва уни 44 ёшли Дон Стёржессга совға қилади. Аёл эса флакондаги суюқликни терисига сепади ва кўп ўтмай ҳушини йўқотади. 8 июл куни Стёржесс заҳарланишдан вафот этади. Чарли Роули ҳам заҳарланганига қарамай, омон қолади.
Буюк Британия ҳукумати ушбу воқеаларда Россия ҳукуматини айблаб, мамлакатнинг махсус хизмат ходимлари заҳарлашни амалга оширганини билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навалний ҳам «Новичок» гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланган эди. У Германияда даволаниб, 2021 йилда Россияга қайтганида ҳибсга олинганди. Охир-оқибат Навалний 2024 йил 16 февраль куни қамоқхонада вафот этди.
BBC’га кўра, «Новичок» СССРда Органик кимё ва технология давлат иттифоқ илмий-тадқиқот институтида яратилган. Ушбу заҳарли моддаларни ишлаб чиқиш дастури «Фолиант» деб номланган. Россия томони Скрипалларни заҳарлаган модданинг айнан АҚШда ишлаб чиқарилганини эълон қилган. Кейинчалик ушбу модда Чехияда ҳам ишлаб чиқилгани маълум бўлганди.
Мавзуга оид

21:13 / 14.02.2025
Олимлар «Новичок» каби заҳарларни аниқлайдиган дастурни ишлаб чиқди

00:52 / 14.12.2020
Алексей Навалний Германияга жўнатилишдан олдин такроран заҳарланган – The Sunday Times

14:12 / 08.10.2020
Қандай заҳарлангани, Путиннинг топшириғи ва омади келгани ҳақида. Навальний Юрий Дудга катта интервью берди

23:11 / 01.10.2020