Иқтисодиёт | 20:35 / 14.10.2024
5065
2 дақиқада ўқилади

Долларнинг расмий курси илк марта 12 800 сўмдан ошди

Ўзбек сўми йил бошидан буён Америка валютасига нисбатан 3,7 фоизга қадрсизланди. Сўнгги кунларда биржада доллар савдоси ҳажми сезиларли ошган. Аввалроқ аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кучайгани маълум бўлганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 15 октябрдан бошлаб ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 12 803,05 сўм деб белгилади. Бу – бир кун олдингидан 22,91 сўмга юқори. Шу билан бирга, расмий курс илк марта 12 800 сўмлик психологик нуқтадан ўтди.

Айирбошлаш шохобчаларидаги курс бу нуқтадан бир неча ҳафта аввал ўтганди. 14 октябр, душанба куни аксарият банкларда Америка валютасининг харид курси 12 720 – 12 750 сўм оралиғида, сотиш курси эса 12 810 – 12 840 сўмни ташкил этди.

Сўнгги кунларда валюта биржасида доллар савдоси ҳажми ошганини кузатиш мумкин. Охирги 10 савдо кунида (30 сентябрдан 14 октябргача) жами 1,88 млрд долларлик олди-сотди битимлари тузилган бўлиб, бу – аввалги 10 савдо куни (16–27 сентябр, 1,14 млрд доллар)га нисбатан 64 фоизга юқори.

Ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан йил бошидан буён (2024 йилнинг илк иш кунида курс 12 338,77 сўм эди) сўмга нисбатан 3,76 фоизга мустаҳкамланди.

Расмий курс апрел ойида 12 700 сўмдан ошганди. Маълумот учун, Марказий банк белгилайдиган хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан расмий курси Ўзбекистон ҳудудида бухгалтерия ҳисоби, статистика ҳисоботи ва бошқа ҳисобот мақсадлари учун, шунингдек божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун ишлатилади.

Аввалроқ регулятор эълон қилган сўровлардан аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кучайгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид