Жаҳон | 14:05 / 14.10.2024
5341
9 дақиқада ўқилади

Исроилга дронлар ҳужуми, БМТга шарт қўйган Нетаняҳу ва Трампнинг хавотирлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессияси давом этмоқда. Нусайрат ва Жабалия қочқинлар лагерларига берилган зарбалар натижасида камида 14 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Эксклавнинг марказий қисмидаги Нусайрат лагерида жойлашган уй ўққа тутилиши оқибатида 7 киши ўлдирилган. Жабалияда ҳам исроиллик ҳарбийлар шунча одамни ўлдиришган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Исроил қўшинлари 12 октябр тунидан буён Жабалия, Байт Лахия ва Байт Ханун туманларини ёпирилма артиллерия зарбасига дучор қилган. Кўплаб одамлар яралангани ҳам хабар қилинмоқда.

2023 йилнинг 7 октябридан буён давом этаётган агрессия натижасида Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 42 минг 175 нафарга етган. 98 минг 336 киши яраланган.

Ливандаги вазият

Исроил армияси Ливаннинг жанубига халқаро конвенциялар билан тақиқланган кассетали бомбалар билан ҳужум қилган.

«Ҳизбуллоҳ» томонидан эълон қилинган ёзма баёнотга кўра, Исроил Ливан жанубидаги Хонин ва Тайри шаҳарчаларига ана шундай бомбалар ташлаган.

«Исроилнинг Фаластин ва Ливан халқига нисбатан жиноятлари рўйхатига янги ёвузлик саҳифаси қўшилди», — дейилади «Ҳизбуллоҳ» баёнотида.

Исроил армияси Ливан жанубидаги 2 та масжидни ҳам вайрон қилгани хабар қилинмоқда. Улар Сур ва Набатия шаҳарчаларида жойлашган.

Анадолу агентлиги мухбирининг хабар беришича, Сур шаҳрининг Дахира мавзесида жойлашган масжид Исроил армияси томонидан бомбаланиб вайрон қилинган.

Исроил ҳарбийлари Дахира мавзесига яқин Жардиҳ ҳарбий зонасини қисман ёриб ўтишганидан сўнг масжидда портлаш рўй берган.

Тарқатилаётган маълумотларга кўра, Исроил шифохоналар ва тез ёрдам машиналарига ҳам ҳужум қилмоқда. «Ҳизбуллоҳ» баёнотига кўра, агар Америка Қўшма Штатлари томонидан сиёсий ва ҳарбий қўллов бўлмаганида Исроилда ҳеч қачон бундай йўл тутишга журъат топилмаган бўлар эди.

Исроилга дронлар ҳужуми

Исроил шимолида жойлашган ҳарбий базага «Ҳизбуллоҳ» дронлар ҳужуми уюштирди. Жабрланганлар сони 70 нафарни ташкил этаётгани хабар қилинмоқда.

«Ҳизбуллоҳ» Ҳайфа шаҳридан жануброқдаги Исроил ҳарбий базасига ҳужум уюштирган. Хабарларга кўра, исроиллик ҳарбийлардан тўрт нафарининг аҳволи ўта оғир.

United Hatzalah волонтёрлик ташкилотининг хабарларига кўра, жабрланганларнинг аҳволи ўта критик даражадан ўртача оғирликда белгиланган. Беш киши вертолётлар ва тез ёрдам машиналарида касалхоналарга етказилган.

Ҳужум учун жавобгарликни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўз зиммасига олган. Улар Исроилнинг «Голани» бригадасининг машқ лагерини нишонга олганини таъкидлашган. «Ҳизбуллоҳ» баёнотида шунингдек бу Ливан жануби ва пойтахт Байрутга пайшанба куни уюштирилган Исроил ҳужумларига жавоб экани қайд этилган.

«Ҳизбуллоҳ» бутун бир дронлар галасини учирганини таъкидлаган.

Исроил цензураси айнан қаерда ва нималар ҳужумга дучор бўлганини оммавий ахборот воситаларида ёритишни тақиқлаган. Бироқ Исроилнинг айрим нашрлари паст баландликда учиб келган дронлар портлаш уюштиргани ва улар у қадар саросима чақирмаганини қайд этишган.

Исроилдан тафсилотлар жуда кам. Бироқ лагерда ўша пайтда овқатланаётган ҳарбийлар кутилмаганда зарбага дучор бўлишган. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасвирларда бўм-бўш ошхона ва унинг томида ҳосил бўлган туйнукни кўриш мумкин.

БМТга беписанд Исроил

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу БМТ бош котиби Антониу Гутерришга видеомурожаат қилди. Нетаняҳу БМТнинг тинчликпарвар кучлари зудлик билан Ливан жанубидаги ўз позицияларини тарк этиши лозимлигини таъкидлаган.

«Биз ўз келажагимизнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳар доимгидан кўра қатъиятга тўламиз, биз ҳар доимгидан кўра кўпроқ душманларимизни яксон қилишни истаяпмиз», – деган Нетаняҳу ўз видеомурожаатида.

Унинг сўзларига кўра, БМТ тинчликпарвар кучларининг позицияларни тарк этишни рад этаётгани «Ҳизбуллоҳ»га тирик қалқон бўлиб хизмат қилишга йўналтирилган».

«Ҳозироқ, зудлик билан кучлар у ерни тарк этиши керак», — дея қўшимча қилган Нетаняҳу.

Бу орада Исроил БМТ ҳарбий базасига ҳужум қилган. Исроилнинг иккита Merkava танклари тинчликпарвар кучларнинг Ливан жанубидаги позициясини ёриб ўтиб, асосий дарвозани бузиб кирган ва инфратузилмага зарар етказган. БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари — UNIFIL эътироз билдирганидан 45 дақиқа ўтиб, танклар базани тарк этган.

Кейинроқ тинчликпарвар кучлар базадан 100 метр нарида отишма бўлганини хабар қилишган. Пайдо бўлган ачқимтир тутун базага ёпирилган.

UNIFIL Исроилнинг хатти-ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1701 резолюциясини оёқости қилиш деб баҳолаган ва Исроил армиясидан тушунтириш талаб қилган.

Исроилнинг Эронга ҳужум режаси

АҚШдагилар Эроннинг ҳужумига жавоб бериш учун Исроил потенциал нишонларни ҳарбий ва энергетика инфратузилмалари даражасигача торайтирганини тахмин қилмоқда, деб хабар беради NBC News.

Америка расмий шахсларининг маълумотларига кўра, асосий нишонлар Эроннинг ҳарбий ва энергетика инфратузилмалари бўлади.

Манбалар Эроннинг ядровий объектларга ҳужум қилиш ёки суиқасдлар уюштириш режаси йўқлигини таъкидлашмоқда. Бироқ улар жавоб бериш ва унинг вақти борасида якуний қарорга келинмаганини ҳам қайд этишган.

Минтақада таранглик Эрон томонидан 1 октябр куни Исроилга ракета зарбалари берилганидан сўнг кескин оша бошлаган эди.

Теҳрон ушбу зарбалар Исроилнинг Ливанга бостириб киргани, Эроннинг иттифоқчилари, жумладан, ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг Теҳронда, «Ҳизбуллоҳ»нинг таъсирли етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг Байрутда ўлдирилишига жавоб эканини таъкидлаган.

Америка расмий шахслари Исроил жавобининг аниқ муддатидан бехабар, бироқ исроиллик ҳарбийлар буйруққа кўра исталган онда ҳаракат қилишга тайёр эканини қайд этишган.

Эрон томонининг баёноти

Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб бермаганини таъкидламоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи интервю берган.

«Ню Йоркда Жозеп Боррел ва Энрике Моро билан учрашувимиз чоғида Эроннинг Россия билан ҳамкорлиги янгилик эмаслиги, Украина кризисидан аввалроққа бориб тақалувчи илдизларга эга тарихдан иборат эканини тушунтирдим», — деган Арақчи.

Арақчи Европа Иттифоқининг айрим давлатлари Исроилни замонавий қурол-яроғлар билан таъминлаб келгани, Эронга қарши операцияларда катта хоҳиш билан иштирок этганини таъкидлаган.

«АҚШнинг максимал санкциялар сиёсати ҳамон амал қилмоқда ва Европа Иттифоқининг корхоналари АҚШ Молия вазирлигининг кўрсатмаларига тўлиқ амал қилиб келишмоқда», — деган Арақчи.

Арақчи Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб бермаганига ҳам урғу берган.

«Мен аввал айтган гапларимизни аниқ-тиниқ қилиб яна бир бор такрорлайман: «Биз Россияга баллистик ракеталар етказиб бермаганмиз».

Агар Исроил босими остида чекиниш учун Европага бирор сабаб керак бўлса, улар бошқа важ топганлари яхшироқ, деган Арақчи.

Трампнинг чиқишлари

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп Калифорниядаги митингда саросимага солувчи тахминларни илгари сурди.

Гўёки, агар у президент бўлмаса Американинг ҳозирги маъмуриятининг хатти-ҳаракатлари туфайли яқин ойларда учинчи жаҳон уруши бошланиб кетар экан.

«Мен яқин уч-тўрт ой борасида жуда хавотирланяпман. Чунки биз ҳукуматимиздаги одамлар туфайли жаҳон уруши ҳолатига тушиб қолишимиз мумкин», — деган Трамп.

Собиқ президент яна Жо Байден маъмуриятининг сиёсатини танқид остига олган ва агар ўзи сайланадиган бўлса Украинадаги можарони ҳал қилиш ва «Яқин Шарқдаги бошбошдоқликни бас қилиш» ваъдаларини такрорлаб ўтган.

Трамп яна агар Оқ уйга қайтадиган бўлса Украинадаги урушни бир суткада тўхтатиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Милтон» етказган зарар

АҚШда вайронкор «Милтон» тўфони етказган дастлабки зиён ҳисоблаб чиқилди.

АҚШ президенти Жо Байденнинг баёнотига кўра, «Милтон» тўфони етказган зиён дастлабки баҳолашларга кўра 50 млрд долларни ташкил қилмоқда. Байден тўфон 3 миллиондан ортиқ одамни чироқсиз қолдиргани, минглаб энергетиклар электр таъминотини тиклаш устида иш олиб бораётганини қўшимча қилган.

«Мен жабр кўрган ҳудуддагилар ўз уйларига қайтиши учун барча имкониятимизни ишга солишимизни билишларини истардим», — деган АҚШ президенти.

Байденнинг сўзларига кўра, ҳалокат зонасида армия корпуси ва Миллий гвардия чиқиндилардан тозалаш ва йўлларни ҳаракатланиш учун очиш устида иш олиб бормоқда. 

Мавзуга оид