Ўзбекистон | 18:52 / 14.10.2024
2916
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 800 туп дарахт нобуд қилингани юзасидан терговга қадар текширув тайинланди – Бош прокуратура

Юнусобод туманидаги дарахтзорнинг йўқ қилиниши ортидан табиатга қанча зарар етказилгани аниқланмоқда. Бунинг учун Бош прокуратура тегишли экспертиза тайинланганини, бу борада қўшимча маълумот берилишини маълум қилди. Аввалроқ, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси вакиллари зиён миқдори салкам 944 млн сўм эканини билдирганди.

Фото: Kun.uz

Куни кеча Kun.uz Юнусобод тумани “Туркистон” МФЙдаги бинонинг ортида барпо қилинган 800 туп мевали ва манзарали дарахтга эга боғ йўқ қилингани ҳақида суриштирувини эълон қилганди.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Табиатга етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида тегишли экспертизалар тайинланган.

Ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ва текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”, – дейилади расмий изоҳда.

Маълумот учун, таҳририятнинг Экология вазирлигига юборган сўровидан сўнг вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан ҳолат ўрганилган ва далолатнома расмийлаштирилган.

Унга кўра, “Active Asia Gold” томонидан экилган 400 туп олма, 60 туп анор, 190 туп павлония, 40 туп каталпа, 30 туп олча, 50 туп гилос, 15 туп беҳи, 15 туп ёнғоқ кўчатлари яшил макон платформасига киритилган.

Жойдаги қурилиш ишлари жараёнида ушбу 800 та кўчат илдиз қисми билан йўқ қилингани, бу билан эса табиатга 943 млн 125 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланганди.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид