Ўзбекистон | 21:42 / 15.10.2024
5165
6 дақиқада ўқилади

15 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Тошкент вилоятида ишга туширилган лойиҳалар, ерни ноқонуний эгаллаганларга жазолар, автобус йўлакларида ҳаракатланиши устидан кучайтирилган назорат — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Президент 2 млрд долларлик 9 та лойиҳага старт берди

Тошкент вилоятига ишчи ташриф билан борган Шавкат Мирзиёев 2 млрд долларлик 9 та лойиҳага старт берди. Маросим Янгийўл туманида бўлиб ўтди.

Тошкент вилоятида ишга туширилаётган йирик лойиҳалардан бири – Олмалиқ шаҳрида 1 миллиард доллар инвестиция ҳисобидан 227 гектар майдонда қуриладиган «Буюк ипак йўли» махсус саноат технопаркидир. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Юқори Чирчиқ туманида 69 гектар майдонда 350 млн доллар эвазига тўқимачилик саноат парки ташкил этилади.

Янгийўл туманида йилига 50 минг тонна минерал ўғит ва кимёвий воситалар, Қибрайда юқори сифатли экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш корхоналари ишга туширилди.

Тошкент вилояти энергетика соҳасида 1,5 миллиард долларлик 800 мегаваттдан ортиқ 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Яна иккита лойиҳа – “China Energy Overseas Investment” компанияси билан ҳамкорликда Паркент ва Пискент туманларида қуриладиган 220 миллион долларлик, 200 мегаваттли энергия сақлаш тизимларидир. Улар куннинг тиғиз пайтларида узилишга йўл қўймаслик ва истеъмолчиларни электр билан ишончли таъминлаш имконини беради.

Маросимда Оҳангарон туманида барпо этилган 2,5 мегаваттли кичик ГЭС ҳамда Бўстонлиқ туманида қурилган 1,5 мегаваттли Угам кичик ГЭС ишга туширилди. Мазкур қувватлар йилига 18 млн 400 минг киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқаради ва 7600 та хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Ерни ноқонуний эгаллаш учун белгиланган жазо

Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси — ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдалангани учун 394 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг йигирма беш баравари (9 миллион 375 минг сўм), мансабдор шахсларга — эллик баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга БҲМнинг бир юз эллик баравари (56 миллион 250 минг сўм), мансабдор шахсларга — уч юз баравари (112 миллион 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-прим 1-моддасига асосан, жавобгарликка сабаб бўлади. Ушбу модда билан 638 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Автобус йўлакларида ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди

2 йил олдин ҳукумат қабул қилган қарорга қўшимча киритилиб, жамоат транспорти учун ажратилган алоҳида йўл бўлагидан бошқа транспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланган эди.

Энди ўша қарорга қўшимча киритилди. Ўзгаришга кўра, йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорт воситаларидан ташқари бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тақиқлашга қаратилган 171-боб қўшилди.

Энди йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан фақат йўналишли жамоат транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин ва бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланади. Бу қоида тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бунда транспорт воситаси мазкур йўлакда ҳаракатланиб келаётган йўналишли транспорт воситаси ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бергандан сўнг ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш ҳаракатини амалга оширишга рухсат этилган.

Акс ҳолда, ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 187 500 сўм миқдорида жаримага тортилади.

Агарда автомобил ўша йўлакда тўхтаса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6 моддаси билан БҲМ миқдорининг 2 баравари – 750 минг сўм миқдорида жарима жазоси берилади.

Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳалари

Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Оққулов Бирлашган Араб Амирликларидаги OneRoad Group компанияси бош ижрочи директори Чэнлинг Жанг билан музокара ўтказди

OneRoad Group компанияси вакилига Самарқанд шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этиш ва қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Чэнлинг Жанг Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиб, уларни қайта ишлаган ҳолда реэкспорт қилиш мумкинлиги маълум қилди.

Мавзуга оид