Ўзбекистон | 15:50 / 15.10.2024
17582
4 дақиқада ўқилади

“Бу катта миқдор эмас” – Диний қўмита раиси Умра лицензиясининг 1 миллион долларлик шарти ҳақида

Биз монополия қилаётганимиз йўқ, танлов эълон қилиб, шартларни бажарган ҳамда салоҳияти бор барча турфирмаларни ажратиб оламиз, деди Содиқжон Тошбоев. Қўмита раисига кўра, 1 миллион доллар реквизит – Саудия Арабистонида қолиб кетиши мумкин бўлган фақат минг кишининг харажатларига етади. Шу билан бирга, Тошбоев фуқаролар мустақил виза олиб, Умра қилиб келишига ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигини айтди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев 15 октябр куни Тошкентда халқаро конференция доирасида Kun.uz мухбирининг Умра лицензияси янги шартларига доир саволларига жавоб берди.

Нима учун Умра зиёратини кўрсатувчи фирмаларга лицензия учун катта маблағ – 1 миллион долларни (12,8 миллиард сўм) реквизитга қўйиш шарти жорий қилинди?

– Энди, бу катта миқдор эмас. Хабарингиз бўлса керак, бунга қадар 100 минг доллар қўйиш [мажбурияти] бор эди. Ўшанда 15 мингга яқин фуқароларимиз Саудия Арабистонида қолиб кетди, уларнинг ҳаммаси ҳукумат томонидан олиб келинди. Бу ҳақда бирор марта ёритмадингиз…

Демоқчиманки, агар 1 миллион доллар реквизитга қўйиладиган бўлса, ҳаво йўлларини 600 доллардан ҳисоблайдиган бўлсак, у ердаги меҳмонхоналар ва бошқа хизматларнинг ҳисобини олсак бу ҳам [1 миллион доллар] минг кишига етяпти. Ўша 15 минг киши билан муаммо бўлганида, қўйилган 100 минг долларга 100 кишини ҳам қайтариб олиб келишга имкониятимиз йўқ эди.

1 миллион доллар реквизитга қўйилганидан кейин ҳам фақат бир дона фирма танлаб олиниб, шунга лицензия бериладими?

– Ҳозир ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиняпти. Биз монополия қилаётганимиз йўқ, бу ерда [шартларни бажаришга] салоҳияти бор 10 та бўладими ёки 15 тами, турфирмаларнинг ҳаммаси ўтади. Бу дегани битта Мусулмонлар идораси ёки 4-5 та фирма қолади дегани эмас. Бугун танловни эълон қиляпмиз, 15 кун ичида турфирмаларни ажратиб оламиз. Балки 15 та бўлар, балки 20 та кимнинг имконияти бўлса, ўшаларни қўямиз. Қимматлашиш бўлмайди, сифатли хизмат кўрсатиш бўлади.

Агар 1 миллион доллар реквизитга қўйилса, турфирмалар фойдасини чиқариш учун нархни оширишга мажбур бўлмайдими?

– Ҳаракат қилади, тўғри. Лекин олдинги сафар 77 фирмага лицензия берган бўлсак, яна қанчаси ноқонуний фаолият юритган. На лицензияси бўлган, фақат турфирма очиб қўйган. Уёққа олиб борганда шароитларни ўзингиз кўряпсиз. Мақсадимиз монополия қилиш ёки бошқа эмас. Раҳмат дейишимиз керак, олдинлари фақат бир йилда 2 марта фуқароларимиз Умра қилолган. Ҳозирги кунда 560 мингга яқин фуқароларимиз Умрага бориб келди. Борсин, ҳамма борсин, лекин у ерда сифатли хизмат кўрсатишимиз керак. Тиббиёти бўлсин, элликбошиси ҳам. У ерга борган фуқароларимизни кимга топширяпмиз? Ўзимиз элликбоши бераётган эдик. Кейинги вақтда, мана, ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, у ерга борганларнинг ғоявий “ишлови” қанақа бўлади? Бизнинг “умрачи“ларимизга ким хизмат кўрсатяпти? Агар уларга ўқиган, диний соҳа ходимлари [ҳамроҳлик қилиб] борадиган бўлса… қайтиб келганидан кейин ғоявий жиҳатидан ҳам тўғрилашнинг имкони қийин бўлиб боряпти. Фақат молия билан боғлиқ нарса эмас-да бу.

Бу қарор билан – фуқаролар Саудия Арабистони визаси ҳамда билетини мустақил олиб, Умра қилиб келишига тўсқинлик қилинмайдими?

– Бу бемалол, ҳеч қандай тўсқинлик йўқ. Nusuk деган Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг дастури бор, [ёки онлайн туристик виза] уйдан ўтириб, олиб бораверсин, хоҳласа. Хоҳласа, Дубай ёки Туркия орқали, хоҳласа тўғридан тўғри рейсда борсин. Бунга ҳеч қандай қаршилик йўқ. Уйингиздан ўтириб бемалол олаверасиз, Саудия Арабистони ҳам буни бемалол очиб қўйган. Фақат фуқароларимизда тушунча нотўғри бўляпти.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди. 

Мавзуга оид