Спорт | 14:53 / 15.10.2024
68698
6 дақиқада ўқилади

Жаҳон чемпионатига чиқиш учун Ўзбекистонга қанча очко керак?

Фото: Tribuna.uz

Эрон билан ўйиндаги ғалаба бизга қўшимча очколардан ташқари, кейинги ўйинлар учун яхшигина устунлик берган бўларди. Шу маънодаки, ҳар қандай давравий мусобақада жамоалар мақсадга етиш учун қанчадир очко олишни режалаштиради ва ўйинларнинг оғир-енгиллигига қараб, ушбу очколарни тақсимлайди. Масалан, баъзи ўйинларда ғалаба қозониш шарт, чунки асосий рақиблар ҳам ўша жамоага қарши ўйинда йўқотишга учрамаслиги мумкин, баъзи ўйинларда эса, дуранг ҳам қониқтиради ёки мағлубият у қадар оғриқли қабул қилинмаслиги мумкин.

Шу жиҳатдан, Эрон билан Тошкентда дуранг ўйнаш қониқарли натижа бўлса-да, ўйиннинг маълум палласида бир киши кўп бўлиб қолиб, ғалабага имконият пайдо бўлгани биз учун қўшимча бонус яратиши мумкин эди. Уч ўйиндан сўнг 9 очкога эга бўлиш режадагидан ҳам кўпроқ, яъни биз очко тўплаш режимида олдинга чиқиб олардик. Бу жамоамизни қўшимча босимдан халос қилар, футболчиларда ҳар қандай ўйинда хато қилиш имкониятини тақдим этган бўлар, қайсидир паллада кутилмаган очколарни йўқотиш ҳам у қадар оғриқли бўлиб чиқмасди.

Майли, бўлар иш бўлди. БААга қарши ўйин Эронга нисбатан енгилроқ туюлса-да, айнан босим нуқтайи назаридан оғирроқ. Чунки, БААга қарши ютқазишга ҳаққимиз йўқ, дуранг ҳам Эрон билан бўлгани қадар енгил қабул қилинмаслиги мумкин. Қониқарсиз натижа бизни очко тўплаш режимида орқада қолдиради, хато қилиш имкониятимизни камайтириб, кейинги ўйинлар олдидан керадиган ортиқ босимга дучор келиши мумкин.

Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш учун биз гуруҳдаги дастлабки икки ўриндан бирини эгаллашимиз керак. Соддароқ қилиб айтганда, гуруҳда биринчи ва иккинчи ўрин эмас, иккита биринчи ўрин бор – иккаласиям жаҳон чемпионатига чиқади.

Демак, мантиқли савол туғилади, иккинчи ўриндан пастга тушиб кетмаслигимиз учун неча очко тўплашимиз керак?

Табиийки, бу саволга жавоб гуруҳдаги бошқа натижаларга ҳам боғлиқ. Лекин, бизнинг гуруҳ учун аниқ неча очко кераклигини билмасак ҳам, умумий олиб қараганда шу каби гуруҳларда иккинчи ўрин учун энг ками неча очко керак бўлганинини аввалги мусобақаларга қараб билиб олиш мумкин.

Шу кунгача жаҳон футболи тарихида олтита жамоадан иборат ҳозирги биз ўйнаётган формат билан бир хил гуруҳлар Осиёда икки марта, Европада 33 марта кузатилган.

Футбол тарихидаги барча олти жамоалик гуруҳлардаги натижалар:

 Жадвалга назар солинса, Осиёда олтиталик гуруҳ энди бошланди, ўтган Жаҳон чемпионати саралашида, биз якуний босқичга чиқа олмаган мусобақада биринчи марта қўлланди. Ўшанда А гуруҳида Жанубий Корея 23 очко билан, В гуруҳида Япония 22 очко билан иккинчи ўринларни эгаллашган. А гуруҳида БАА 12 очко билан, В гуруҳида Австралия 15 очко билан учинчи ўринда қолиб кетган. Демак, тўрт йил олдин шу босқичда 22 очко жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш учун етарли бўлган.

Европада олти жамоадан иборат гуруҳларга мисоллар кўпроқ. 1996 йилги Евро саралашидан тортиб, 2024 йилги Евро саралашигача учратиш мумкин олти жамоалик гуруҳларни. Уларнинг натижаларини ўрганиб чиқиб, 20 очко олган жамоа доим иккинчи ўриндан пастга тушиб кетмаганига гувоҳ бўламиз. Бир марта 20 очко олган жамоа учинчи ўринда қолиб кетган (Евро 1996 саралаш, 5 гуруҳ), лекин ўшанда ҳам учинчи ўриндаги Норвегия ва иккинчи ўриндаги Нидерландия бир хил очко тўплашган.

Тарихдаги натижаларга назар ташланса, олти жамоалик гуруҳда 16 очко билан ҳам иккинчи ўринни эгалласа бўлади, 17, 18 ва 19 очко олиб иккинчи ўринни эгаллаганлар ҳам бор. Лекин Осиё ва Европани қўшиб ҳисоблаганимиз ушбу 35 та гуруҳнинг ҳеч қайсида 20 очко олган жамоа иккинчи ўриндан пастда қолиб кетмаган.

Албатта, баъзи қўшимча омилларни ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади. Масалан, юқорида тилга олинган гуруҳларда асосий кураш 1-2 ўринлар учун бўлган, яъни аксарият жамоалар мусобақанинг ярмида ортда қолиб кетиб, кейинги ўйинларга ёндашувни пасайтириб юборган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Бизнинг гуруҳда эса, 3-4 ўринлар учун ҳам кураш бўлишини эътиборга олсак, деярли ҳар бир жамоада сўнгги турларгача 4-ўринга илашиш имконияти сақланиб қолиши мумкин.

Иккинчидан, Европада мисол келтирилган гуруҳлар шунчаки қуръа ёрдамида йиғилган, яъни ҳар қандай жамоа жой олиши мумкин бўлганидан, Сан-Марино, Люксембург каби жамоалар ҳам бўлгани, бу эса, ҳар бир пешқадам учун қўшимча 6 очко берганини ҳам қайд этиш лозим бўлади. Ўзбекистоннинг ҳозирги гуруҳи эса, учинчи босқич бўлиб, аввалги босқичлардан сараланиб келинган, ўзига яраша кучли ва қаршилик даражаси юқори бўлган жамоалардан иборат.

Мана шу икки омилни ҳам қўшиб, хулоса қилиш мумкинки, бизнинг гуруҳда очко олиш бироз қийинроқ бўлади ва бу дегани, юқоридаги жадвалдаги ўртача кўрсаткичлардан камроқ очко ҳам 2-ўринни кафолатлаши мумкин.

Бизда ҳозирда 7 очко бор. Бугун ғалаба қозонсак, очколар сони 10 та бўлади ва марранинг ярмига етилди деб ҳисоблаш мумкин. Марранинг ярмига жами ўйинларнинг ярмини ўтказмасдан (Қатар билан ўйинлар олдинда), аммо шу билан бирга, ўз майдонимиздаги 5 ўйиннинг ярмидан кўпини ўтказган ҳолда етиб келган бўламиз.

Очколар сони 20 тага етмагунча бўшашиш йўқ!

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид