16 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Туризмдан келаётган даромадлар, Марказий Осиё давлатларининг ташқи давлат қарзи, тобора қимматлашаётган олтин — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Туризмдан қанча даромад олдик?
2023 йилда туризм соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётига қанча даромад келтиргани маълум қилинди.
2023 йилда Ўзбекистонга хорижий давлатлардан 6,6 миллиондан ортиқ сайёҳ келган. Шунингдек, туризм соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётига 2,1 миллиард долларга яқин даромад келтирган ва 70 мингга яқин янги иш ўрни яратган.
Хитойнинг етакчи Daily Economic нашрига кўра, Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилгача 15 миллион хорижий сайёҳни жалб этиш сингари улкан мақсад қилиб қўйган.
Давлатлар зиммасидаги қарз: Марказий Осиёдаги вазият
Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2024 йилнинг охирида дунё давлатларининг қарз қолдиғи 100 трлн доллардан ошади. Бу глобал ялпи ички маҳсулотнинг 93 фоизига тенг.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида давлат қарзининг қиймат жиҳатдан энг юқори миқдори Қозоғистонда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан катта қарз Қирғизистонда.
ХВЖга кўра, давлатлар демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлаш, яшил иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда мудофаа ва энергия хавфсизлигига кўпроқ маблағ сарфлаяпти. Ушбу омиллар қарз миқдорининг ошиб боришига энг кўп таъсир кўрсатяпти.
Жорий йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 млрд доллардан ошди. Бу ялпи ички маҳсулотимизнинг 34,4 фоизини ташкил этади
2024 йил 1 январ ҳолатига, қўшниларимизнинг давлат қарзи миқдори ва унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши қуйидагича:
- Қозоғистон – 59,8 млрд доллар. Бу ЯИМ —259,3 млрд долларнинг 23 фоизи;
- Қирғизистон – 6,2 млрд доллар. Бу ЯИМ — 13,7 млрд долларнинг 45,2 фоизи;
- Тожикистон – 3,6 млрд доллар, Бу ЯИМ — 12,1 млрд долларнинг 30,2 фоизи;
- Туркманистон – тахминан 3,8 млрд доллар. Бу ЯИМ —$75,4 млрд долларнинг 5 фоизи.
«Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон давлат қарзининг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.
Қимматлашаётган олтин
Ўзбекистонда 1 грамм олтин баҳоси 1,1 млн сўмдан ошди. 16 октябр кунги котировкаларда 5 граммли қуйма олтин нархи 5 млн 625 минг сўмни ташкил қилди. Жаҳон бозорида эса бир унция олтиннинг нархи 2677 долларга етди. Олтин сўнгги 20 йил ичида 534 фоизга қимматлашган.
Қимматбаҳо металлнинг жорий нархлари йил бошидаги нархлардан 32,5 фоизга, 2023 йилнинг мос давридаги нархлардан эса 45,3 фоизга юқори.
Жаҳонда жорий йил бошида олтиннинг бир бир троя унцияси нархи 2068 долларни ташкил этган бўлса, ҳозир у 2677 долларга етган ёки 29,4 фоизга қимматлашган.
Қимматбаҳо металл нархларининг кескин даражада ошишига бир қанча омиллар таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.
Биринчиси, геосиёсий вазият ва иқтисодий беқарорлик. Содда қилиб айтганда, келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашса, инвесторлар учун олтин асосий активга айланади ва унга пул тикиш кўпаяди.
АҚШ доллари курси ва Федерал захира тизимининг фоиз ставкасини пасайтириш бўйича кутилмалар. Олтин нархи асосан АҚШ долларида белгиланади. Фоиз ставкалари пасайганда, одатда, долларнинг курси ҳам пасаяди. Шунинг учун, агар доллар курси пасайса, олтин нархи ошади, чунки у бошқа валюталар билан солиштирганда арзонроқ бўлади ва шу сабабли талаб ортади.
Шунингдек, Марказий банклар томонидан томонидан олтин захираларини ошириш ёки камайтириш бўйича қарорлар ҳам нархга таъсир қилади.
Олтин нархининг қимматлашиши Ўзбекистон учун фойдали. Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига, Ўзбекистон расмий захираларининг қарийб 77,5 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келган. Олтин нархининг қимматлашиши мамлакатимиз халқаро активларининг қийматини оширади.
Қадимий олтин тангаларнинг ноқонуний савдоси
Тошкент шаҳрида яшовчи шахс 100 дона «Николай» тангаларини 67 минг долларга сотишга уринган. Унинг харидори бу маданий бойликларни хорижга олиб чиқиб пуллашни режалаштирган.
ДХХнинг Андижон вилоят бошқармаси ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорликда ўтказган тадбирда 1966 йилда туғилган фуқаро 100 дона олтин тангани Андижон шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган фуқарога 67 минг долларга сотган вақтида, уларнинг иккиси ҳам ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, сотувчи фуқарога тегишли машинадан яна 37 дона олтин тангалар топилган.
Экспертиза хулосасига кўра, соф оғирлиги жами 776 грамм бўлган 5 ва 10 рубл қийматдаги бу қадимий олтин тангалар нумизматик ашёлар сифатида маданий бойликлар сирасига киради ҳамда бадиий, тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.
1897-1911 йиллар оралиғида босиб чиқарилган тангаларнинг умумий қиймати 950 млн сўмни ташкил этади.
Харидор фуқаро Э.С. халқ тилида «Николай» тангалари деб айтиладиган олтин тангаларни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига олиб бориб, сотишни режалаштирган.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024