Ўзбекистон | 15:54 / 16.10.2024
14141
3 дақиқада ўқилади

Давлатлар зиммасидаги қарз 100 трлн доллардан ошмоқда. Марказий Осиёда вазият қандай?

Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, 2024 йилнинг охирида дунё давлатларининг қарз қолдиғи 100 трлн доллардан ошади. Бу глобал ЯИМнинг 93 фоизига тенг. Марказий Осиё мамлакатлари орасида давлат қарзининг энг юқори миқдори қиймат жиҳатдан Қозоғистонда, ЯИМга нисбатан эса Қирғизистонда.

Фото: AFP

Дунё миқёсида ҳукуматлар зиммасидаги жами қарзлар 2024 йилнинг охирида 100 трлн доллардан ошади. Бу – глобал ЯИМнинг тахминан 93 фоизига тенг.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб умумий давлат қарзлари глобал ЯИМнинг 100 фоизига етиши мумкин. Мутахассислар истиқболда қарз юки прогноз қилинганидан ҳам юқори бўлиши мумкинлигидан қўрқишяпти. Уни барқарорлаштириш ёки камайтириш тахмин қилинганидан анча катта молиявий тузатишларни талаб қилиши мумкин.

Кўпгина мамлакатлар учун фискал прогноз учта сабабга кўра кутилганидан ёмонроқ бўлиши мумкин: харажатларни ошириш учун жиддий сиёсий ва ижтимоий босим, қарз даражаси бўйича асоссиз оптимистик прогнозлар ва катта миқдордаги соядаги қарзлар.

Тенденция сабаблари

ХВЖга кўра, давлатлар демографик ўзгаришлар ва соғлиқни сақлаш, яшил иқтисодиётга ўтиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда мудофаа ва энергия хавфсизлигига кўпроқ маблағ сарфлаяпти. Ушбу омиллар қарз миқдорининг ошиб боришига энг кўп таъсир кўрсатяпти.

Шу нуқтайи назардан кейинги 5 йиллик даврда глобал қарз миқдори ЯИМга нисбати прогноз қилинганидан ўртача 10 фоизга юқори бўлиши мумкин. Энг ёмон сценарийда эса глобал давлат қарзи уч йил ичида жаҳон ЯИМнинг 115 фоизини ташкил этади, бу ҳозирда прогнозлардан 20 фоизга юқори.

ХВЖ ҳисоботига кўра, гарчи мамлакатларнинг учдан икки қисмида қарз барқарорлашиши ёки камайиши кутилаётган бўлса-да, барибир қарз юки пандемияга қадар тахмин қилингандан анча кўп. Давлат қарзи АҚШ, Буюк Британия, Бразилия, Франция, Италия ва Жанубий Африка каби мамлакатларда ўсишда давом этиши кутилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларининг давлат қарзи қанча?

Жорий йил 1 июл ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи илк марта 37 млрд доллардан ошди. Сўнгги йилларда мамлакат ташқи қарзининг ўсиш суръати кескин тезлашди. Масалан, 2017 йил якунлари бўйича давлат қарзи 11,6 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг охирига келиб 34,9 млрд долларга етди ёки 3 баробарга ошди.

2024 йил 1 январ ҳолатига, Марказий Осиё давлатларининг давлат қарзи миқдори ва унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши қуйидагича:

“Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон давлат қарзининг максимал миқдори ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

Бу чегара Қозоғистонда 27 фоизни, Қирғизистонда 70 фоизни ташкил этади. Тожикистонга эса 60 фоиздан оширмаслик тавсия этилган. Туркманистон ҳақида ишончли манбаларда маълумот учрамайди.

Мавзуга оид