Ўзбекистон | 18:57 / 16.10.2024
1182
2 дақиқада ўқилади

Стартап лойиҳалар экотизимини ривожлантириш ҳақидаги президент қарори имзоланди

Рақамли технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Рақамли стартаплар дастури амалга оширилади.

«Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, рақамли технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Рақамли стартаплар дастури амалга оширилади.

Дастурда резидент юридик шахслар қуйидаги талабларга мос келувчи стартап лойиҳалар билан иштирок этиши мумкин:

- фаолият давомийлиги – 6 ойдан 7 йилгача;

- календар йилида жами даромади – 10 миллиард сўмдан ошмаган;

- инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга;

- рақамли технологияларга асосланган, юқори ўсиш ва хорижий бозорларга чиқиш салоҳияти бўлган бизнес моделга эга;

- стартап лойиҳалар экотизими платформасида рўйхатдан ўтган;

- стартап экотизими иштирокчилари – венчур жамғармалар ва хусусий инвесторлар ҳамда стартап лойиҳалар учун акселерация ва инкубация дастурларини ташкиллаштириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар.

Қарорга кўра, қиймати 50 миллион АҚШ долларидан кўп бўлган хорижий венчур жамғармалардан инвестиция жалб қилган стартап лойиҳаларга мазкур инвестицияга тенг миқдоргача бўлган, бироқ 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда инвестиция маблағларини ажратилади.

Дастур иштирокчилари қуйидагича қўллаб-қувватланади:

- 5 йилдан ортиқ муддат давомида фаолият юритаётган ҳамда камида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилган етакчи халқаро акселерация дастурларида иштирок этиш;

- инкубация ва акселерация дастурларини амалга оширувчи тадбиркорларга менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 50 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда қоплаб бериш;

- патентлаш ҳамда интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатларини қоплаб бериш;

- венчур жамғарма томонидан гаров таъминотисиз, асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 300 миллион сўмгача миқдорда стартап лойиҳаларга қарз маблағларини ажратиш;

- IT-Visa бериш амалиётини стартап лойиҳаларнинг таъсисчилари ва мутахассисларига ҳам татбиқ этиш.

Мавзуга оид