Ўзбекистон | 17:00 / 16.10.2024
1424
3 дақиқада ўқилади
Реклама

"UzTextileExpo Autumn-2024" ҳамда “UzCharmExpoEurAsia-2024” 17-Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

2024 йилнинг 15-17 октябр кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” МКМда чарм, пойабзал, галантерея, мўйна, жун, қоракўл ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар бўйича "UzTextileExpo Autumn-2024" ҳамда "UzCharmExpoEurAsia-2024" Халқаро кўргазма-ярмаркаси ўтказилмоқда. Кўргазма “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва Халқ банки томонидан ташкил этилаётган нуфузли форум сифатида танилган.

Кўргазма ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, бизнес портфелини янги лойиҳалар билан бойитиш, халқаро брендларни жалб қилиш ва саноат экспортини ошириш мақсадида самарали муҳит яратишни кўзда тутиб, Хитой, Италия, Туркия, Эрон, Россия, Беларус ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган ишлаб чиқарувчилар инновацион технологик ечимларни намойиш этди.

Ўзчармсаноат уюшмаси бошқарма бошлиғи Алёр Латипов соҳадаги режалар ҳақида маълумот берди:

“Бугун 17-Халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир Ўзбекистон республикаси Савдо-саноат палатаси, Халқ банки, Ўзчармсаноат уюшмаси биргаликда ташкил қилди. Кўргазма бир йилда икки маротаба – баҳорда ва кузда ўтказилади. Йилдан йилга кўргазмага хориждан келадиган ҳамкорлар  сони ошганини кўриш мумкин. Масалан, пойабзал саноатида 500 дан ортиқ аъзо корхоналаримиз бўлса, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар Европа талабларига жавоб беради. Ўтган йили хорижга экспорт қилинган чарм маҳсулотлари 128 млн АҚШ долларига тенг бўлса, 2024 йилда буни 200 млн АҚШ долларига етказишни режа қилганмиз”, деди у.

Кўргазмада маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар алоҳида павильонда намойиш этилди. 2017-2023 йилларда Ўзбекистонда 250 дан ортиқ маҳсулот турлари маҳаллийлаштирилди, бу импортни қисқартириш ва ички бозорда рақобатбардошликни ошириш имконини беради.

“UzCharmExpoEurAsia-2024” кўргазмаси Марказий Осиёдаги энг йирик ихтисослаштирилган тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу йил кўргазмада 150 га яқин маҳаллий ва 15 дан ортиқ хорижий ташкилот ва компаниялар, шунингдек, 2000 дан ортиқ меҳмон ташриф буюрди.

Шунингдек, “UzCharmStyle-2024” халқаро танлови ўтказилиши ҳам белгилаб қўйилди. Ушбу танловда Ўзбекистон, Россия, Италия, Туркия, Белорус, Қозоғистон, Буюк Британия ва Грециядан 100 дан ортиқ ёш дизайнерлар иштирок этмоқда. Танловнинг республика босқичида уларнинг янги коллекциялари маҳаллий корхоналарга тақдим этилади.

Кўргазма давомида халқаро брендларни жалб қилиш, сифат сертификатларини жорий этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил қилиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ҳужжатлар имзоланди. Уч кун давомида “UzCharmExpoEurAsia-2024” кўргазмаси стендларида маҳаллий кўнчилик, пойабзал, чарм, жун ва мўйна саноатининг энг долзарб таклифлари намойиш этилди.

Рекдама ҳуқуқи асосида