Жаҳон | 18:45 / 17.10.2024
8402
5 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Яҳё Синвар ўлдирилган бўлиши мумкинлигини хабар қилди

Ғазога йўлланган навбатдаги зарба натижасида жами уч киши ўлдирилган, улардан бири Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: Yousef Masoud / Keystone Press Agency / Global Look Press​

Исроиллик ҳарбийлар ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари оқибатида Ҳамас гуруҳи раҳбари Яҳё Синвар ўлдирилган бўлиши мумкинлигини хабар қилишди, аммо бу маълумот ҳозирча тасдиқланмаган.

«Исроил мудофаа армиясининг Ғазо секторидаги амалиёт чоғида уч террорчи йўқ қилинди. Исроил мудофаа армияси террорчилардан бири Яҳё Синвар бўлиши мумкинлигини текширмоқда», — дейилган хабарда.

Шунингдек, айни босқичда қурбонлар шахсига аниқлик киритиб бўлмаслиги айтилган. Баёнотга кўра, «террорчилар йўқ қилинган» бинода гаровдагилар бўлганига оид белгилар аниқланмади.

ЦАҲАЛ амалиёт айнан қаерда ва қачон ўтказилгани бўйича расмий маълумот бермаган. Батафсил маълумот кейинроқ тақдим этилиши ваъда қилинган.

Шу билан бирга, Синвар чиндан ҳам ҳалок бўлганига ишонч ортиб бормоқда.

Исроиллик юқори мартабали мулозимлар Ynet порталига ўлдирилган шахс айнан Синвар экани эҳтимоли «жуда юқорилиги» ва воқеа жойида бунинг «белгилари мавжудлиги»ни айтишган. Kan телерадиокомпанияси манбалари ҳам Синвар ҳалок бўлгани эҳтимоли юқорилиги ҳақида гапирган. Улар Синвар Исроилдаги қамоқхонада узоқ вақт сақлангани туфайли унинг ДНК намуналари борлиги, шу туфайли унинг шахсини тасдиқлаш муаммо бўлмаслигини қўшимча қилишган. Исроилдаги тўртта манба билан гаплашган The New York Times маълумотига кўра, жасад Ғазо секторидан Исроилдаги лабораторияга олиб кетилган.

Исроил ҳарбий радиоси Синвар ЦАҲАЛнинг Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўтказган қуруқлик амалиёти чоғида ўлдирилган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. Ушбу нашр маълумотига кўра, қурбонлар орасида Синвар ҳам борлигига оид визуал далиллар мавжуд, аммо Исроил унинг ўлимини фақат ДНК текширувидан кейин тасдиқламоқчи.

Бу вақтда ижтимоий тармоқларда кўринишидан Яҳё Синварга ўхшайдиган киши жасади вайроналар остида ётгани акс этган фотосуратлар тарқалган.

Ғазо секторидаги манбалар унинг ўлимини тасдиқлаб, исроиллик ҳарбийлар унинг жасадини тасодифан топиб олишгани, чунки у тинч аҳоли орасида ёки гаровдагилар ортига яширинмасдан, ўз жангчилари билан бирга тўқнашув чизиғида бўлганини айтишган. У турган бино ҳарбий ҳаракатлар чоғида миномётдан ўққа тутилган.

Яҳё Синвар 2024 йил июл ойи охирида Теҳронда ракета зарбаси оқибатида Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин, 6 августдан унинг ўрнига Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарига айланганди. Ундан олдин ташкилотнинг Ғазо сектори бўйича раҳбари ҳисобланган. У Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябр кунги Исроилга рейди асосий ташкилотчиларидан бири бўлгани айтилади.

«Хон Юнуслик қассоб»: Синвар ким эди?

Абу Иброҳим исми билан ҳам танилган 61 ёшли Синвар Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерида туғилиб ўсган, Ғазодаги Ислом университетини тамомлагач, «Мусулмон биродарлар» гуруҳига қўшилган.

Исроилликлар Синварни илк бор 1982 йилда, 19 ёшдалигида «исломий фаолияти» учун, иккинчи бор — 1985 йилда ҳибсга олишган. Тахминан ўша йилларда у Ҳамас асосчиси шайх Аҳмад Ёсиннинг ишончини қозонган.

Ҳамас ҳаракатига асос солинганидан икки йил ўтиб, 1987 йилда у «Ал-Мажд» ички хавфсизлик ташкилотини тузади, бу ташкилот Исроил билан ҳамкорлик қилганларни кузатгани ва йўқ қилгани билан машҳур.

Ҳаётининг катта қисмини — 22 йилдан ортиқ вақтни — Синвар 1988 йилдан 2011 йилга қадар Исроил қамоқхоналарида ўтказган. У кўп ҳолларда яккалик камераларга қамалган ва кўп эҳтимол билан бу уни янада радикаллаштирган.

Исроил ҳукумати томонидан тайёрланган таҳлилда Синвар «шафқатсиз, авторитет, катта таъсирга эга, ҳаддан ташқари чидамли, айёр ва манипулятив, озига қаноат қиладиган… Қамоқхонадаги бошқа маҳбуслардан ҳам сир сақлай оладиган… Оломонни ўз ортидан эргаштириш қобилиятига эга одам» сифатида тасвирланган.

Шафқатсиз ва қатъиятлилиги билан ажралиб турган Синвар «Хон Юнуслик қассоб» лақабини олган.

Синвар 2011 йилда, ЦАҲАЛнинг биргина аскари Гилад Шалит эвазига алмаштирилган 1027 нафар фаластинлик ва исроиллик араблар орасида эди.

Қамоқхонадан чиқиши билан Синвар «Ал-Қассам бригадалари» билан иттифоқ тузади. 2013 йилда у Ҳамаснинг Ғазодаги сиёсий бюросига аъзо бўлади, 2017 йилда эса унинг раҳбарига айланади.

2015 йилда АҚШ Давлат департаменти расман Синварни «алоҳида қидирилаётган халқаро террорчилар» рўйхатига киритган.

2021 йил майида исроилликлар унинг Ғазо секторидаги уйи ва офисига авиазарбалар беради. 2022 йил апрелида у ўз телемурожаатида фаластинликларни ҳар қандай йўл билан Исроилга ҳужум қилишга чақирганди.

Мавзуга оид