Коинот харитасининг биринчи бўлаги намойиш этилди. Атлас «Евклид» телескопи ёрдамида тузилган
Коинот атласида 100 миллионга яқин юлдузлар ва 14 миллион галактика тасвирланган. Космик аппаратнинг ўта сезгир камералари жуда кўп миқдордаги объектларни майда деталларига қадар тасвирга олишга муваффақ бўлган.
Европа космик агентлигининг (EKA) «Евклид» космик телескопи миллионлаб юлдуз ва галактикалар тасвирланган коинот харитасининг бир қисмини яратишда астрономларга ёрдам берди. Бу ҳақда агентлик сайтида маълум қилинди.
Атласнинг биринчи бўлаги 2024 йилнинг 25 мартидан 8 апрелига қадар тасвирга олинган 260 та суратдан иборат улкан мозаика кўринишида. «Евклид» икки ҳафта ичида жанубий осмоннинг 132 квадрат градусини қамраб олган — бу Ойнинг тўлиқ майдонидан 500 баробарга катта демак.
Коинот атласида 100 миллионга яқин юлдузлар ва 14 миллион галактика тасвирланган. Космик аппаратнинг ўта сезгир камералари жуда кўп миқдордаги объектларни майда деталларига қадар тасвирга олишга муваффақ бўлган. Харита 600 баробарга катталаштирилган тақдирда ҳам ундаги объектларни томоша қилиш мумкин. Тўпланган маълумотлардан коинотнинг кенгайиш тезлигига таъсир кўрсатадиган қора материяни ўрганишда фойдаланилади.
Таъкидланишича, «Евклид» телескопи 10 миллиард ёруғлик йили узоқликдаги миллиардлаб галактикаларнинг шакли ва ҳаракатини кузатади. Шу орқали у ҳозирга қадар яратилган коинотнинг энг катта уч ўлчамли харитасини тузишга ёрдам беради.
«Евклид» 2023 йилнинг 1 июль куни SpaceX Falcon 9 ракетасида космосга учирилганди. Парвоздан кейинги бир неча ой давомида мутахассислар илмий аппаратларнинг калибровкаси ва синовини ўтказган. «Евклид» кейинги олти йил давомида осмоннинг учдан бир қисмини суратга олиш билан шуғулланади.