Ўзбекистон | 21:12 / 17.10.2024
7473
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов

Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи давлат сифатида қолади. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шу мазмундаги асосий тамойиллари Конституциянинг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилган ва уларга қатъий амал қилинади.

Фото: Fergana.media

Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди ва Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи давлат сифатида қолади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкентда ўтказилган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги очилишида маълум қилди.

Fergana.media мухбирининг Ўзбекистон бошқа давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш мақсадида ўз суверенитетини чеклашга рози бўладими, деган саволига Саидов салбий жавоб берди.

«Конституциямизнинг биринчи моддасида Ўзбекистон суверен давлат эканлиги қайд этилган. Агар биз ҳар қандай ҳарбийлаштирилган мудофаа тузилмалари ва ташкилотларига қўшилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, унда йўқ, биз бунга йўл қўймаймиз. Биз йигитларимизни ҳеч қачон ҳарбий миссияларни, шу жумладан тинчликпарварлик миссияларини бажариш учун [чет элга] юбормаймиз. Ҳудудимизда хорижий ҳарбий базалар бўлмайди», деди вице-спикер.

Евроосиё иқтисодий иттифоқига интеграцияга келсак, бу ташкилотда Ўзбекистон учун кузатувчи давлат мақоми кўпроқ мос келади, деди Саидов.

«Мен Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш имкониятларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси раҳбариман. Биз ушбу ташкилотнинг мингдан ортиқ турли ҳужжатларини синчиклаб ўрганиб чиқдик ва бугун шундай хулосага келдик — Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини сақлаб қолишдан манфаатдор», деди у.

Саидовнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ЕОИИга қўшилишдан жуда кам фойда олган. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари эса Конституциянинг янги таҳририда мустаҳкамлаб қўйилган ва уларга қатъий амал қилинади.

ЕОИИ 2001 йилда ташкил қилинган бўлиб, унга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо саналади. Молдова ва Куба, шунингдек, 2020 йил декабр ойида Ўзбекистон кузатувчи давлат мақомини олган.

Мавзуга оид