Жамият | 15:59 / 17.10.2024
29612
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги ЙТҲда вафот этган ўзбекистонликларнинг 2 нафари болалар бўлган

Ташқи ишлар вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, 16 октябр куни Қозоғистоннинг Манғистау областидаги ЙТҲда ҳалок бўлган 6 нафар Ўзбекистон фуқароларининг 2 нафари вояга етмаган болалар. Бундан ташқари ЙТҲда жабрланиб шифохонага тушган 4 кишидан 2 нафари ҳам болалар. Улар Россиядан Ўзбекистонга 10 кишилик минивенда қайтаётган бўлган.

Фото: Видеодан кадр

16 октябр куни Қозоғистоннинг Манғистау областида содир бўлган аянчли ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг олти нафар фуқароси ҳалок бўлгани хабар берилганди. Jac русумли минивен чегарадаги ўтиш жойида, йўл четида тўхтаб турган MAN юк машинасига келиб урилган ЙТҲда, шунингдек, яна тўрт нафар ўзбекистонлик шифохонага ётқизилган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, ЙТҲда ҳалок бўлганларнинг 2 нафари ҳамда шифохонага тушган жабрланувчиларнинг 2 нафари вояга етмаган болалар бўлган.

Ҳозирги кунда 6 та майитнинг қариндошлари билан алоқага чиқилган, улар Қозоғистонга келяпти. Жасадларни шахсига аниқлик киритиш процедуралари якунига етмоқда, улар 1-2 кун ичида Ўзбекистонга қайтарилади. Вафот этганлар барчаси Хоразм вилоятидан, шунингдек, уларнинг 2 нафари вояга етмаган болалар бўлган.

Айни вақтда касалхонада бўлиб турган 4 нафар Ўзбекистон фуқаросининг (2 нафари болалар) аҳволи яхши, уларга барча ёрдамлар кўрсатиляпти. Улар соғайиши билан Ўзбекистонга қайтарилади. Ўзбекистоннинг Ақтоу шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни назоратига олган ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари, жабрланувчиларнинг оила аъзолари билан алоқада бўлиб турибди”, — дейилади ТИВ тақдим қилган маълумотда.

Мавзуга оид