Жамият | 11:30 / 17.10.2024
2142
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда 3 минг доллар эвазига банкдан 100 минг доллар олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Тошкент шаҳрининг Миробод ва Жиззах вилоятида кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар қўлга олинди. 

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарига кўра, Миробод туманида фуқаро Ж.К. фуқаро А.С.нинг ишончига кириб, унга гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 3 минг доллар эвазига Самарқанд вилоятидаги тижорат банки филиалидан 100 минг доллар миқдорида кредит олиб беришини айтиб, шундан 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шунингдек, Жиззах вилоятида фуқаро Э.Ш. фуқаро Ф.Б.га гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент вилоятидаги тижорат банки филиалидан 100 млн сўм имтиёзли кредит олиб бериши эвазига 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид