Жаҳон | 13:20 / 18.10.2024
3144
3 дақиқада ўқилади

АҚШ «Гарпия» УУА ишлаб чиқарилиши бўйича санкциялар киритди

АҚШ Давлат департаментига кўра, Хитой фирмалари томонидан Россия мудофаа компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва ишлаб чиқарилган «Гарпия» дронлари Украинага қарши урушда ишлатилган.

Фото: AFP

Қўшма Штатлар Россия Украинага қарши урушда фойдаланаётган «Гарпия» серияли ҳужумкор дронларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ учта компания ва бир шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг 17 октябр, пайшанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилади.

«Хитой Халқ Республикасида (ХХР) Россия мудофаа компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва ишлаб чиқарилган «Гарпия» учувчисиз учоқлари муҳим инфратузилмани (Украинада) йўқ қилиш учун ишлатилган ва оммавий қурбонларга олиб келган», — дейилади хабарда.

«Агар илгари Қўшма Штатлар Россия ҳарбий-саноат комплексига муҳим маҳсулотлар етказиб берувчи Хитой корхоналарига қарши санкциялар киритган бўлса, бу Россия фирмалари билан ҳамкорликда мураккаб қурол тизимларини ишлаб чиқарувчи Хитой корхоналарига нисбатан жорий этилган биринчи санкциядир», — дея таъкидлайди Вашингтон.

Reuters: Россия Хитойда яширинча янги УУА моделини яратди

Россия Хитойда Украинага қарши урушда фойдаланмоқчи бўлган жанговар учувчисиз учоқнинг янги моделини ишлаб чиқарди ва уни Хитой ҳудудида муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда 25 сентябр куни Европа разведкасидаги манбалар ва ОАВда мавжуд бўлган ҳужжатларга таяниб, Reuters хабар берди.

Агентлик суриштирувида гап Россиянинг «Алмаз-Антей» давлат концерни назоратидаги «Купол» Ижевск электромеханика заводи ҳақида боряпти. Reuters хабарига кўра, «Купол» номи ошкор этилмаган хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда 2024 йил бошида Хитойда «Гарпия-3» учувчисиз учоғини яратган ва синовдан ўтказган, сўнгра Россия Мудофаа вазирлигига ишланма ҳисоботини юборган. «Алмаз-Антей» шуъба корхонаси худди шу турдаги дроннинг олдинги моделини ишлаб чиқариш учун Хитойдан келган компонентлардан фойдаланган, деб ёзган агентлик аввалроқ.

Оммавий ахборот воситалари ихтиёридаги «Купол» ҳужжатларидан «Гарпия-3» 50 кггача фойдали юкни кўтариши ва тахминан 2000 км масофани учиб ўтиши мумкинлиги маълум бўлди. ХХРда синовдан ўтказилгандан сўнг, Хитойда ишлаб чиқарилган «Гарпия-3» ва бошқа бир қанча дронларнинг бир нечта нусхалари кейинги синовлар учун Ижевскка етказилди, деб ёзади агентлик.

«Купол», шунингдек, Россия Мудофаа вазирлигига Хитойда учувчисиз учоқларни «кенг миқёсда» ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкинлигини маълум қилди, сўнг уларни Россия ҳукумати назарда тутган «махсус ҳарбий операция»да қўллаш мумкин. 

Мавзуга оид