АҚШ Rybar лойиҳаси тўғрисида маълумот берганларга 10 млн долларгача мукофот эълон қилди
Қўшма Штатлар ҳукумати Россияга тегишли Rybar лойиҳасини мамлакатдаги президентлик сайловларига аралашишда гумонламоқда.
АҚШ президентлик сайловларига аралашишга уринаётган Россиянинг Rybar лойиҳаси тўғрисида берилган маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот пули эълон қилди. Бу борадаги хабар Давлат департаментининг «Адолат ўрнатишга ёрдам учун мукофот» дастурининг сайтига жойлаштирилган.
Ташкилот хабарида айтилишича, Rybar — бу «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин молиялаштирган Россиядаги медиа-компания. Ҳозирда, маълумотларга кўра, Rybar Америка санкциялари остида бўлган «Ростех» давлат корпорацияси томонидан маблағ олмоқда.
«Rybar Россиянинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, россияпараст ва ғарбга қарши мафкуравий позицияларни илгари суриш учун «Ростех»нинг алоқалари ва молиялаштиришига таянади», — дейилади хабарда.
АҚШ маълумотларига кўра, Rybar Россия ҳукуматининг АҚШдаги сиёсий мақсадларини илгари суришда #HOLDTHELINE ва #STANDWTHTEXAS каби пропаганда медиа-каналларини бошқаради. Иккала тег ҳам Қўшма Штатлардаги республикачилар тарафдорлари томонидан қўлланади — уларнинг биринчиси 1 миллиондан ортиқ аудиторияга эга аккаунтларда пайдо бўлган.
Шунингдек, Rybar «Техас чегарасини кесиб ўтаётган ноқонуний иммигрантларнинг муаммоларидан фойдаланиш» мақсадида Х ижтимоий тармоғида TEXASvsUSA аккаунтини очган. Мазкур аккаунт фаолияти ижтимоий тармоқ қоидаларини бузгани учун тўхтатилган. Таъкидланишича, Rybar ушбу аккаунт ёрдамида Қўшма Штатларда партиявий ва ирқий низоларни, «нафрат ва зўравонликни қўзғатишга» уринган.
«Адолат ўрнатишга ёрдам учун мукофот» дастури Rybar лойиҳаси ходимлари қаерда жойлашганини аниқлашга ёрдам берадиган маълумотлар учун мукофот таклиф қилмоқда.
«Агарда сизда Rybar МЧЖ тўғрисида, бу одамлар, уларнинг зарарли фаолияти ёки улар билан боғлиқ шахслар ёки ташкилотлар тўғрисида маълумот бўлса, биз билан боғланинг. Бундай маълумот сизга мукофот олиш ва кўчиб ўтиш ҳуқуқини бериши мумкин», — дейилади Давлат департаменти хабарида.
«Адолат ўрнатишга ёрдам учун мукофот» дастурига 1984 йилда асос солинган. АҚШ ҳукуматининг қайд этишича, 40 йил давомида дастур мамлакат манфаатларига дахлдор шахсларни жавобгарликка тортишга ёрдам берган 125 дан ортиқ инсонга 250 миллиондан зиёд пул тўлаган.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024