Иқтисодиёт | 20:06 / 18.10.2024
7169
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон молия тизими учун қандай хатарлар бор? 

Молия тизимидаги заифликлар ва хатарларни баҳолаш бўйича ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ташқи геосиёсий вазиятнинг ёмонлашуви энг асосий хатар деб топилди. Шунингдек, сўровнома иштирокчилари валюта курсининг кескин ўзгариши, аҳоли қарз юкининг ортиши, инфляциянинг ошиши ва киберҳужумларни молия тизимига таъсир қилувчи асосий хатарлар деб ҳисоблайди.

Фото: Kun.uz

Марказий банк 2024 йил учун молиявий барқарорлик шарҳини эълон қилди.

Регулятор 2024 йил июн ойида Ўзбекистон молия тизимида юзага келиши мумкин бўлган тизимли хатарларни аниқлаш ҳамда уларнинг таъсир кўламини баҳолаш мақсадида 35 та тижорат банклари (респондентлар) орасида навбатдаги сўровномани ўтказган.

Сўровнома натижаларига кўра, респондентлар геосиёсий хатарлар, валюта курси ўзгарувчанлиги, аҳоли қарз юкининг ошиши, инфляциянинг ўсиши ва киберҳужумлар билан боғлиқ хавфларни молия тизими учун асосий хатарлар сифатида кўрсатган. Жорий йилнинг январ ойида ўтказилган сўровнома натижалари билан таққослаганда энг долзарб дея қайд этилган хатар фокуси валюта курси ўзгарувчанлигидан геосиёсий хатарларга ўтган. Ўз навбатида, валюта курси ўзгарувчанлиги тизимли хатар даражаси бўйича кейинги ўринга тушган. 

Ҳар бир респондент томонидан қайд этилган 5 та энг муҳим тизимли хатарлар тўпламининг 45 фоизи ташқи геосиёсий хатарлар, 37 фоизи валюта курсининг кескин ўзгарувчанлиги, 35 фоизи аҳоли қарз юкининг ортиши, 33 фоизи инфляция суръатининг тезлашиши, 24 фоизи киберҳужумлар билан боғлиқ хатарлардан иборат.

Шунингдек, мамлакат молиявий тизими барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатарлар қаторига йирик қарз олувчилар дефолти, иқтисодий пасайиш, ликвидлилик хавфи, кўчмас мулк нархлари пасайиши ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлар киритилган. Респондентларнинг 46 фоизи тизимли хатарларнинг содир бўлиш эҳтимоллик даражасини қисқа муддатда (1 йилгача) паст, 43 фоизи эса ўртача баҳолаган. Шу билан бирга 51 фоиз респондентлар ўрта муддатли (1–3 йил) истиқболда ушбу тизимли хатарларнинг содир бўлиш эҳтимоли ўртача, 31 фоизи эса юқори бўлишини кутмоқда.

Респондентларнинг 63 фоизи ўтган қисқа давр учун тизимли хатарлар даражаси ўртача бўлганини, 54 фоизи эса ўтган 1-3 йиллар давомида ҳам ўртача хатар даражаси сақланиб қолаётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, респондентларнинг 60 фоизи кейинги 3 йил давомида Ўзбекистон молия тизими барқарорлигига етарлича ишонч билдирган. Ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг январ ойида ўтказилган сўровнома натижасига нисбатан 14 фоиз бандга пасайганини ифодалайди. Бундан ташқари, молия тизими барқарорлигига қисман ишонишини таъкидлаган респондентларнинг улуши 37 фоизни ташкил этган.

Молиявий барқарорлик кўрсаткичларининг сўнгги ярим йилликдаги ўзгаришлари бўйича сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 57 фоизи кредитга бўлган талаб ошганини таъкидлаган. Шунингдек, респондентларнинг 46 фоизи қисқа муддатли молиялаштириш манбаи ошганини қайд этган. Ўз навбатида, респондентларнинг 37 фоизи узоқ муддатли молиялаштиришнинг мавжудлиги ҳамда банклараро ликвидлилик ҳолати кўрсаткичлари ўзгармаган дея баҳолаган.

Аввалроқ, Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон иқтисодиёти учун эҳтимолий хатарларни маълум қилганди. Экспертлар хулосасига кўра, Украинадаги урушнинг авж олиши, товарлар нархларининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиётидаги стагнация эҳтимоллари Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи хатарларни ташкил этади. Ички хатарлар қаторида эса давлат харажатларини қисқартириш кечикиши, давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ мажбуриятлар юзага келиши ва бошқалар келтириб ўтилган.

Мавзуга оид