Синварнинг ўлими: ГФР ва бошқа давлатлар сулҳга чақирмоқда
Ғарб етакчилари Исроилнинг Ғазо секторида Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганини урушни тугатиш учун имконият сифатида кўрмоқда. Бироқ, Бинямин Нетаняҳу уруш ҳали тугамаганини эълон қилди.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 16 октябр куни Ҳамас ташкилотининг Ғазо секторидаги етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилгани ҳақидаги баёноти фонида Германия Ташқи ишлар вазирлиги 17 октябр, пайшанба куни кечқурун яна бир бор ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик жангчилар қўлида қолган барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирди.
Синвар «Исроилни ва унинг халқини йўқ қилишни» истаган «шафқатсиз қотил» эди, дея таъкидлади Германия Ташқи ишлар вазирлиги X ижтимоий тармоғидаги постида. У 2023 йил 7 октябрда Исроилга Ҳамаснинг йирик ҳужуми ортида турган ва шунинг учун «минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди ва бутун минтақа чексиз азоб-уқубатларга дуч келди», деб таъкидланади постда.
Энди Яҳё Синвар ҳалок бўлганидан сўнг, «Ҳамас ҳаракати барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилиши ва қуролларини топшириши керак», дея маълум қилди Германия Ташқи ишлар вазирлиги: «Ғазо секторидаги одамларнинг азоблари ниҳоят тугаши керак».
Айни пайтда, 17 октябр куни Брюсселда бўлган Германия канцлери Олаф Шолц Европа Иттифоқи Кенгаши йиғилишида Ғазо секторида исроиллик гаровга олинганларнинг ғайриинсоний шароитларда сақланаётганини яна бир бор эслатиб, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади.
WP: Ҳамас Исроилга 11 сентябрдаги каби ҳужум қилмоқчи бўлган
Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати жангчилари 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумдан анча олдин Исроилда кенг кўламли қатор ҳужумлар ва терактлар уюштиришни режалаштирган, деб ёзади The Washington Post (WP) 12 октябр куни ҳаракатнинг Ғазо секторидаги қўмондонлик марказларида исроиллик ҳарбийлар томонидан аниқланган Ҳамас раҳбариятининг 10 та махфий учрашуви баённомаларига таяниб.
Ўнлаб саҳифаларда Ҳамаснинг режаси батафсил баён этилган — у 7 октябрдаги ҳужумдан анча катта. У 2001 йил 11 сентябрда АҚШдаги каби Тел-Авивда осмонўпар бинога ҳужум, шунингдек, темирйўллардаги портлашларни ўз ичига олади. WP қайд этишича, журналистлар қўлга киритган 59 саҳифалик хат ва ҳужжатлар, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, Ғазо секторига қуруқликдан бостириб кириш бошланганидан бери топилган минглаб ҳужжатларнинг фақат кичик бир қисмидир.
«Ҳамас Исроил ва яҳудий халқини йўқ қилишга шунчалик қатъий қарор қилдики, у Эронни тўғридан тўғри можарога тортишга муваффақ бўлди — Эрон тайёр бўлмаган шартлар асосида», деди Исроил хавфсизлик хизмати расмийси.
Мавзуга оид
15:13
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024