Жаҳон | 13:10 / 18.10.2024
3650
3 дақиқада ўқилади

Томскда Сталин қатағонлари қурбонлари хотирасига ўрнатилган устунлар бузиб ташланди

Сталинизм даврида қатл этилганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик устунлари Томскда бир ойдан камроқ вақт давомида турди — шаҳар ҳокимияти уларни демонтаж қилди. Роскомнадзор қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган «Исмларни қайтариш» акцияси веб-сайтини блоклади.

Фото: Zoonar/picture alliance

Томск расмийлари сталин қатағон йилларида қатл этилганларнинг исмлари ёзилган ёдгорлик устунларини демонтаж қилди. Бу ҳақда 17 октябр, пайшанба куни «ТВ2. Новости Томска и Сибири» ва «Говорит НеМосква» Telegram-каналлари хабар берди.

Маҳаллий аҳолининг нашрларга айтишича, устунлар 16 октябр куни — бир кун олдин бузиб ташланган. «На қариндошларнинг устунларни тинч қўйиш сўралган хатлари, на оддий Томск аҳолисининг устунларни тегмаслик ҳақидаги мурожаати ҳам ёрдам бермади», — дея ўз суҳбатдошидан иқтибос келтирди ТВ2.

«Говорит НеМосква» 22 сентябр куни фаоллар Томскдаги Каштак тепалигида бешта ёдгорлик устунини ўрнатиб, бу ерда қатл этилган 30 кишининг портретлари ва тарихини жойлаштирганини билдиради. 11 октябр куни Томск мэрияси уларни «рухсат этилмаган бинолар» сифатида бузишни талаб қилди. Расмийлар билан ёдгорлик устунларини қонунийлаштириш бўйича музокаралар ҳеч қандай натижа бермади.

Томск мэрияси ёдгорлик устунларининг бузилишини изоҳлар экан, Каштачная тоғи маданий мерос объекти бўлганлиги сабабли минтақавий муҳофазага олинишини айтди. «У ерда бирон бир бино қуриш, кичик меъморий шакллар ва бошқа объектларни рухсатисиз ўрнатиш тақиқланади, шу сабабли номаълум шахс томонидан қўйилган объектлар демонтаж қилиниб, сақлаш учун олиб кетилди», — дея ТВ2 шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарини келтирган.

1920-1930 йилларда Томскдаги Каштак жарларида жами тўққиз мингга яқин одам отиб ўлдирилган, улар орасида шоир Николай Клюев, файласуф Густав Шпет ва бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.

Россияда Сталинга ҳайкал қўйилади

Вологдада совет диктатори Иосиф Сталин ҳайкали ўрнатилади, унинг ҳукмронлиги даврида миллионлаб одамлар СССРда оммавий қатағон қурбонига айланган. Қарор «жамоатчилик мурожаатлари» ва тегишли сўров мавжудлиги муносабати билан қабул қилинди, деди Вологда области губернатори Георгий Филимонов 11 октябр куни. У «шахс ролининг ноаниқ талқинига» қарамай, «буюк ютуқларни тан олиш, мамлакат тарихини билиш, у билан фахрланиш» зарурлигини таъкидлади.

«Ёдгорлик қурилиши бўйича ишлар аллақачон якунига етмоқда», — деди губернатор. Сталин ҳайкали у 1911-1912 йилларда яшаган уй-музей ҳудудида ўрнатилади, дея хабар берилади қўшимча равишда. Шу билан бирга, Филимонов Вологдада Иван Грознийга ҳайкал ўрнатиш режасини эълон қилди.

«Точка» нашри маълумотларига кўра, 2023 йил ҳолатига кўра, Россия Федерациясида Сталинга 110 та ёдгорлик ўрнатилган бўлиб, улардан 95 таси Россия президенти Владимир Путин даврида пайдо бўлган. Бундан ташқари, 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганидан сўнг, ўрнатиш тезлиги икки баравар ошди. 40 та минтақа ва 107 та аҳоли пунктида Сталинга ёдгорликлар мавжуд бўлиб, улардан 15 таси минтақа маъмурий марказлари ҳисобланади, деб ёзади нашр.

Мавзуга оид