Жаҳон | 12:10 / 18.10.2024
1949
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ЕИ саммитида «ғалаба режаси»ни қабул қилишга чақирди

Украина президенти Брюсселга кетаётиб, Европа давлатлари раҳбарлари даражасидаги Европа кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этишдан мақсадини маълум қилди. Зеленский Россия Федерацияси билан урушни тугатиш ҳақидаги тасаввурини тушунтириб бермоқчи.

Фото: AP

Украина президенти Володимир Зеленский Европа кенгашининг етакчилар даражасидаги махсус йиғилишида ўзининг «ғалаба режаси»ни тақдим қилмоқчи эканини айтди. «Ғалаба режаси» Россияни тинчликка мажбурлаш учун бизнинг воситамиздир. Бизнинг позициямиз қандай мустаҳкамланиши кераклигини барча Европа етакчилари эшитади. Биз бу урушни адолатли якунлашимиз керак», — деб ёзган у Telegramʼда Брюсселга кетаётиб. Мурожаатнинг тўлиқ матни Украина президенти сайтида ҳам эълон қилинган.

Зеленский Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишелга ушбу таклиф учун миннатдорчилик билдирди ва бир қатор режалаштирилган учрашувлар, хусусан, Европарламент президенти Роберта Метсола ва НАТО бош котиби Марк Рютте билан ўтказилишини билдирди. «Биз Украина-НАТО кенгашининг мудофаа вазирлари даражасидаги йиғилишига ҳам тайёргарлик кўряпмиз», — дея қўшимча қилди Украина президенти ва ҳозир энг муҳими Украинани келаётган қиш олдидан ҳимоя қилиш эканлигини таъкидлади. 

Зеленский КХДРни урушда Россия томонида қатнашишда айблади

Украина президенти Володимир Зеленский 16 октябр куни Олий рададаги нутқида «ғалаба режаси» тақдимоти олдидан Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши агрессив урушда Россия томонида бевосита иштирок этгани ҳақидаги тасдиқланган фактларни маълум қилди. «РФ раҳбарияти бошчилигидаги «ҳужумчилар коалицияси» ҳозирда 20 миллион корейсни гаровда ушлаб турган Ким оиласи бошчилигидаги Шимолий Кореяни ўз ичига олади, бизнинг разведка хизматларимиз нафақат КХДРдан Россияга қурол-яроғ, балки одамлар ҳам ўтказилганини қайд этяпти», — дейди Зеленский.

Украина президентининг аниқлик киритишича, гап «урушда ҳалок бўлган Россия фуқаролари ўрнига Россия заводларининг ишчилари» ва «Россия армияси ходимлари» ҳақида бормоқда. «Ва бу факт. Аслида, бу иккинчи давлатнинг Украинага қарши урушда Россия томонида иштирок этиши», — дея таъкидлади Зеленский. У шунингдек, Эрон режимининг РФга тўғридан тўғри ёрдами ҳақида гапирди. Украина президенти Россия Федерацияси ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ҳам давом этаётганини айтди. «Баёнотлардан фарқли ўлароқ, Пекин РФ раҳбариятини, унинг тажовузкорлигини ва БМТ Низоми бузилишини тўхтатиш учун ҳақиқий қадамлар қўйишдан тийилмоқда», — деди Зеленский.

Мавзуга оид