Спорт | 21:55 / 19.10.2024
11713
3 дақиқада ўқилади

Суперлига ўйини ярим соатга тўхтаб қолди. ПФЛ ўйин комиссарининг ИИБ бўлинмасига олиб кетилиши бўйича баёнот берди

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига 21-тури доирасида бугун, 19 октябр куни «Локомотив» - «Бунёдкор» (2:3) учрашуви иккинчи бўлими кеч бошлангани юзасидан расмий ахборот берди.

Tribuna.uz сайти Тошкент вилоятининг «Дўстлик» стадионидаги ўйин танаффуси чўзилгач, ўйингоҳдаги манбасига таяниб, «Локомотив» - «Бунёдкор» учрашуви ўтказилишига маъсул бўлган ПФЛ комиссари Қудрат Мадрайимов ва тартибни сақлаш ходимлари ўртасида низо келиб чиққани, оқибатда учрашув комиссари ИИБ ходимлари томонидан бўлинмага олиб кетилгани ҳақида хабар берган эди. ПФЛ вазиятга ойдинлик киритди.

«Суперлига 21-туридан ўрин олган «Локомотив» — «Бунёдкор» беллашувининг 2-тайми белгиланган вақтдан 32 дақиқа кеч бошланди. Сабаби учрашув учун жавобгар бўлган Лига комиссарининг телефони Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб қўйилган ва унинг ўзи ички ишлар бўлимига олиб кетилган», - дейилади ПФЛ хабарида.

Лигага маълум бўлишича, «Бунёдкор» клуби расмийси ҳамда ИИБ ходими ўртасида баҳсли вазият юзага келган. Оқибатда туман ички ишлар бўлими бошлиғининг оғзаки кўрсатмасига кўра, Суперлига ўйинида фаолият олиб бораётган VAR машинаси ҳамда стадион ҳудудида бўлган учрашув расмийларига қарашли автомашиналарни мажбурий равишда стадион автотураргоҳидан олиб чиқиш учун эвакуатор жалб этилган. Шундан кейин Лига комиссари бундай ҳолатда учрашувни давом эттириб бўлмаслигини тушунтиришга уринган вақтида унинг телефони олиб қўйилиб, комиссар гўёки ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларини бажармагани рўкач қилиниб, у стадиондан олиб чиқилган. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ПФЛ раҳбариятининг саъй-ҳаракати эвазига комиссар стадионга етиб келган. Бу вақт давомида учрашув ҳакамлари иккинчи бўлимга чиқмаган. 

«Эндиликда Лига комиссар билдиргиси асосида мазкур ишни ўрганиб чиқади. Шунингдек, «Дўстлик» стадиони, «Локомотив» ва «Бунёдкор» клуби расмийлари ҳам бу борада ўз позициясини тақдим этади. Шундан сўнг Лига ички ишлар органи ходимларига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб юқори турувчи ташкилотга мурожаат киритади», - дейилади ПФЛ расмий баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, ушбу учрашувнинг 2-бўлими 30 дақиқалик кечикиш билан бошлангач, «Металлург» - «Андижон» ўйини ҳам 17:15да эмас, ярим соатлик кечикиш билан бошланди.

Маълумот учун, бу «Дўстлик» стадионида рўй бераётган биринчи бундай воқеа эмас. Аввалроқ, 25 август куни ўтган «Локомотив» - «Қизилқум» ўйинида ҳам ушбу стадионда шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди.

Мавзуга оид