Иқтисодиёт | 12:10 / 20.10.2024
8068
4 дақиқада ўқилади

Доллар мустаҳкамланди, Bitcoin ва олтин нархи кескин қимматлашди — халқаро молия бозори шарҳи

Доллар индекси кўтарилиши фонида бошқа бир қатор валюталар қадрсизланди. Ҳафта давомида олтин ва кумуш қимматлашди, мис ва алюминий арзонлашди. Йил бошидан бери олтин нархининг ошиши қарийб 32 фоизга етди, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши эса 4,11 фоизни ташкил қиляпти.

Фото: Shutterstock

Ҳафта давомида ФЗТ амалдорлари иқтисодий ривожланиш ва умумий ҳолат бўйича баёнотлар беришди. Таъкидланишича, иқтисодиёт улар истаган динамикада давом этяпти. Бундан ташқари, иқтисодий ҳолат бир зумга тебранувчанлик ва тартибсизлик йўлагига кириш эҳтимоли мавжуд ва бу назоратда бўлади. Пайшанба куни эълон қилинган чакана савдо маълумотларига кўра, сентябр ойида ўсиш суръати сақланиб, прогноздан юқорироқ кўрсаткич, яъни 0,4 фоизни ташкил этган. Дастлабки ишсизлар даъволари ҳам бу ҳафта бироз бўлса-да, яхшироқ статистика кўрсатди ва аввалги ҳафтага нисбатан камайиб, 241 минггача пасайган.

Jahon Insights канали экспертлари 14 октябрдан 18 октябргача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.       

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5864 (ҳафта бошидан +0,85 фоиз, йил бошидан +22,95 фоиз);
  • NASDAQ – 18489 (ҳафта бошидан +0,8 фоиз, йил бошидан +23,17 фоиз);
  • DJI – 43275 (ҳафта бошидан +0,96 фоиз, йил бошидан +14,82 фоиз).

Ҳафта савдоларида Dow Jones индекси 412 пунктга, NASDAQ ва S&P500 мос равишда 146 ва 50 пунктга кўтарилди. 

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2721 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +2,41 фоиз, йил бошидан +31,92 фоиз;
  • Кумуш – 33,7 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +6,89 фоиз, йил бошидан +41,71 фоиз.
  • Алюминий – тоннаси 2605 доллар (ҳафта бошидан -1,07 фоиз; йил бошидан +11,35 фоиз);
  • Мис – 4,37 доллар (ҳафта бошидан -2,23 фоиз; йил бошидан +13,29 фоиз).

Қимматбаҳо металлар геосиёсий тиғизликлар фонида турли натижалар қайд этди. Алюминий ва мис ҳафта давомида мос равишда 28,1 доллар ва 0,10 долларга пасайди. Олтин ва кумуш 64,09 доллар ва 2,17 долларга қимматлашди. 

Нефт

  • WTI – 68,78 доллар (ҳафта бошидан -8,83 фоиз, йил бошидан -3,53 фоиз);
  • BRENT – 78,85 доллар (ҳафта бошидан +1,02 фоиз, йил бошидан +2,35 фоиз). 

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 6,66 долларга, BRENT эса 5,71 долларга арзонлашди. 

Валюталар

  • USD/EUR:  -0,64 фоиз (йил бошидан -1,56 фоиз);
  • CNY/USD:   +0,49 фоиз (йил бошидан +0,05 фоиз);
  • TRY/USD:  +0,10 фоиз (йил бошидан +16,33 фоиз);
  • UZS/USD:    0,23 фоиз (йил бошидан +4,11 фоиз);
  • RUB/USD:  +0,89 фоиз (йил бошидан +8,20 фоиз).

Ҳафта савдоларида евро, рубл ва юан долларга нисбатан мос равишда 0,64 фоиз, 0,89 фоиз ва 0,49 фоизга, лира ва сўм эса 0,1 фоиз ва 0,23 фоизга пасайди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 68398 доллар (ҳафта бошидан +9,22 фоиз, йил бошидан +61,28 фоиз); 
  • Ethereum – 2641 доллар (ҳафта бошидан +6,97 фоиз, йил бошидан +15,71 фоиз).  

Асосий криптолар АҚШ президентлик сайловлари фонида кўтарилиши қайд этилди. Bitcoin ва Ethereum ҳафта мобайнида мос равишда 9,22 ва 6,97 фоизга қимматлашди.

Бозорлар ҳақида қисқача

ФЗТнинг молия бозорларига катта таъсир ўтказа олишини сентябр ойидаги фоиз ставкаларининг пасайтирилиши ҳам исботлади. FOMC йиғилиши натижасида ставка 0,5 фоизга пасайтирилиши бозорларни ўша пайтда актуал бўлган қулашдан сақлаб қолди. Бироқ геосиёсий муаммолар, АҚШнинг тўхтамай ўсиб бораётган давлат қарзи, санкциялар ва ҳоказолар молия бозорлари учун катта хавф сифатида ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Шуларни инобатга олган ҳолда, рискларни қаттиқ назоратда ушлашга эътибор қаратиш тавсия қилинади.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 14 октябрдан 18 октябргача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.    

Мавзуга оид