Жаҳон | 09:40 / 21.10.2024
3756
3 дақиқада ўқилади

Киев иттифоқчилари КХДР ҳарбийлари РФда экани ҳақидаги хабарларга баҳо берди

Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун Шимолий Корея мунтазам қўшинларининг иштирок этиши Ғарб назарида жиддий кескинлашув бўлади.

Фото: Ng Han Guan/AP

Пентагон ҳозирча Жанубий Корея разведкасининг Шимолий Корея қўшинлари Украинада жойлаштирилиши учун Россияга ўтказилгани ҳақидаги хабарларини тасдиқлай олмайди. 19 октябр, шанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларини Reuters агентлиги келтирди.

Шу билан бирга, Остиннинг қўшимча қилишича, агар тасдиқланса, бу қадам Вашингтонда хавотир уйғотади.

Берлин: Сўнгги хабарларни катта ташвиш билан кузатмоқдамиз

Берлин Россия ва Шимолий Корея ўртасида, масалан, қурол-яроғ етказиб бериш бўйича тобора яқинроқ ҳарбий ҳамкорлик кузатилаётганини таъкидлади. 19 октябр куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Reuters агентлигига: «Бу жиддий ташвиш уйғотади» деди.

Шимолий Корея қўшинларининг Россия Федерациясига юборилиши ҳақидаги хабарларни изоҳлар экан, у шундай деди: «Биз бу борадаги сўнгги хабарларни ҳам катта ташвиш билан кузатиб борамиз».

Франция: Бу қадам можарони янги босқичга олиб чиқади

Шимолий Корея мунтазам қўшинларининг Россия Федерациясини қўллаб-қувватлашга жалб этилиши урушнинг жиддий авж олиши бўлади, деди Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро ва унинг украиналик ҳамкасби Андрей Сибига 19 октябр куни Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

«Бу жиддий (қадам) ва можарони янги босқичга, қўшимча авж олиш босқичига олиб чиқади», деди Барро Киевга бу лавозимдаги биринчи ташрифи чоғида. У бу ҳолат Москва урушда қийинчиликларни бошдан кечираётгани ҳақида сигнал бўлишини қўшимча қилди.

Пентагон КХДР қўшинлари Украинага эҳтимолий юборилиши ҳақидаги хабарларни таҳлил қиляпти

АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) пайдо бўлган хабарлар асосида Россияни қўллаб-қувватлаш учун Украинага Шимолий Корея ҳарбий контингенти эҳтимолий юборилиши имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби бригада генерали Патрик Райдер кундалик брифингда айтди.

Райдернинг таъкидлашича, Пентагон Пхеняннинг Украинага қўшин юбориши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни кўрган, аммо уларнинг ҳақиқийлигини ҳали тасдиқлай олмаган.

Унинг сўзларига кўра, Пентагон бу масалани ўрганмоқда ва бу йўналишдаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда.

«Агар бу айбловлар рост бўлиб чиқса, бу Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳамкорлик кучайиб бораётганини англатади. Бу, шунингдек, Россиянинг жанг майдонидаги куч нуқтайи назаридан қанчалик оғир аҳволда эканини кўрсатади», — деди у.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда Европа Иттифоқи (ЕИ) етакчилари билан учрашув якунлари бўйича журналистларга Россия 10 мингга яқин Шимолий Корея аскарини жангларга жалб этишни режалаштираётганини айтганди.

Мавзуга оид