Жаҳон | 15:35 / 21.10.2024
3459
4 дақиқада ўқилади

Вена яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Бунда жамоат транспортининг ўрни қандай?

Австрия пойтахтида жамоат транспортидан қониқиш даражаси 91 фоизни ташкил этади.

Фото: AP

The Economist журнали Австрия пойтахтини “дунёдаги яшаш учун энг қулай шаҳар” деб эътироф этди. Бунга жамоат транспорти тизимининг мукаммаллиги ҳам ҳисса қўшган.

Жамоат транспорти Венани дунёдаги яшаш учун энг қулай шаҳарга айлантирадиган омиллардан бири. Аммо бу тизимнинг ўзига хос жиҳатлари нимада?

Социал-демократик партиядан Вена шаҳар кенгаши аъзоси Йозеф Таухернинг айтишича, тахминан икки миллион аҳолига эга шаҳардаги одамларнинг ярмига яқинида йўл чиптаси бор.

“У бир кунга 1 евро туради, 2012 йилдан бери шу нарх ўзгармаган. Бу иқлим муҳофазасига жуда катта таъсир кўрсатади”, — деди Таухер йиллик чипта нархи 365 евро эканини таъкидлаб.

Шаҳар ҳокимияти икки йил аввал қабул қилинган йўл харитасида Венани 2040 йилгача иқлим жиҳатидан нейтрал шаҳарга айлантириш мажбуриятини ўз зиммасига олганди.

“Ҳар куни автобусларимиз, трамвайларимиз ва метро поездларимиз билан дунёни беш марта айланиб чиқамиз”, — деб қўшимча қилди у, жамоат транспортининг кундалик босиб ўтадиган масофани назарда тутиб.

Шаҳар статистикасига кўра, Вена аҳолисининг ўндан уч нафари жамоат транспортидан фойдаланади, учдан бир қисмидан кўпроғи пиёда юради ва фақат тўртдан бир қисми автомобилда ҳаракатланади.

2022 йилда Венадаги йўналишларда 792 миллионта қатновдан 352 миллионтаси метрода, 274 миллионтаси трамвайда амалга оширилган.

Яқинда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, жамоат транспортидан қониқиш даражаси 91 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич Вена шаҳрини Европанинг 83 шаҳри орасида биринчи ўринга олиб чиқди.

Умумий хизматлар

“Бир неча йил аввал биз “охирги ва биринчи километр” муаммосини ҳал этиш ҳамда одамларни автомобиллардан фойдаланишга мажбур қилмаслик мақсадида умумий фойдаланиш хизматларини, жумладан, умумий велосипедлар ва электромобилларни жорий этдик”, — деб таъкидлади транспорт тизимини бошқарувчи Wiener Linien (“Вена линиялари”) компанияси бош директори Александра Рейнагл.

“Фойдаланувчилар ишончли тизимга эга бўлиши керак. Яъни, машинангиз бўлмаса, сизни А пунктдан Б пунктга олиб борадиган бошқа тизим зарур”, — дея қўшимча қилди у.

Келгусида тизимни кенгайтириш режалаштирилган

Шаҳар жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш устида ишламоқда.

“Тизимни янгилаяпмиз, чунки инфратузилмамиз эскирган. Ахир трамвай йўлларидан XX аср бошидан бери фойдаланиб келамиз”, — деди Рейнагл.

Дастлаб 2026 йилга қадар янги U5 автоматик метро линиясини қуриш, 2028 йилга қадар U2 линиясини модернизация қилиш режалаштирилган эди.

Бироқ U2 лойиҳаси 2030 йилгача қолдирилди, деб хабар бермоқда Railway Gazette.

Тизимни кенгайтириш 300 миллион йўловчига қўшимча хизмат кўрсатиш ҳамда йилига 75 минг тоннагача CО2 чиқиндисини тежаш имконини беради.

“Биз бу имкониятдан фойдаланиб, бутун бошли кўчаларни одамлар нафақат ҳаракатланадиган, балки ҳордиқ чиқарадиган жойларга айлантиришимиз мумкин. Бу эса шаҳар сифатини чинакамига яхшилайди”, — дейди Рейнагл.

Мавзуга оид