Жаҳон | 19:25 / 22.10.2024
9694
8 дақиқада ўқилади

Илон Маск америкалик сайловчиларга пул тарқатмоқда. Бу қонунийми?

5 ноябр куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Доналд Трампни фаол қўллаётган миллиардер Илон Маск унинг сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги петициясига имзо чеккан, «иккиланувчи» штатларда рўйхатдан ўтган сайловчиларга пул тўлашга қарор қилди. Ҳуқуқшунос экспертларда бу ташаббус саволлар туғдирмоқда, аммо бу қанчалик қонуний ёки ноқонуний, Маск қонунлардаги лазейкалардан фойдаланяптими — уларда бунга ягона жавоб йўқ.

Айрим мутахассислар фикрича, бундай ҳаракатлар АҚШдаги сайловчи сифатида рўйхатдан ўтишни тақиқлайдиган қонунларга зид келиши мумкин.

АҚШда сайловда овоз бериш учун олдиндан рўйхатдан ўтиш керак бўлади. Икки номзод, Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп лагерлари ўз тарафдорларини рўйхатдан ўтишга ва сайловга боришга чақирмоқда.

BBC Илон Маск ва унинг ходимларига изоҳ олиш учун сўров юборган ва жавоб кутмоқда.

Ҳар куни миллион ютуқ. Маск нима таклиф қилмоқда?

Сўз эркинлиги ва қурол олиб юриш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш мақсадидаги петицияни America PAC ташкилоти тузган — бу Маскнинг Трампни сайловда қўллаш учун бошлаган лойиҳаси.

«Иккиланувчи» штатлардан бештаси — Жоржия, Невада, Аризона, Мичиган, Висконсин ва Шимолий Каролинада — петицияни имзолаган ҳамда ўз танишини сайловчи сифатида рўйхатдан ўтишга ва петицияни имзолашга ишонтирган ҳар бир кишига 47 доллардан берилади.

Пенсилвания штатида кўпроқ тўланади — имзолаган ва «дўстини олиб келган» ҳар бир одамга 100 доллардан. Икки лагердагилар ҳам Пенсилваниядаги овоз бериш якунлари сайловнинг умумий натижаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, ўтган дам олиш кунларидан бошлаб 5 ноябргача барча етти штатда имзо чекканлар орасида миллион долларлик катта ютуқ ўйналмоқда.

Бир миллион долларлик биринчи чек 19 октябр куни Пенсилванияда тантанали тарзда топширилди.

Бу қонунийми?

«Мен ўйлайманки, Маскнинг бу акцияси, ноқонуний», — дея фикр билдирган Жорж Вашингтон университети ҳуқуқшунослик профессори Пол Шифф Берман.

У АҚШ Сайлов кодексига кўра, «рўйхатдан ўтиш ёки овоз бериш учун тўлов қилишни таклиф қилган ёки тўловни қабул қилганлик» учун 10 минг долларгача жарима ёки беш йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилганини эслатган.

«Унинг таклифи фақат рўйхатга олинган сайловчилар учун амал қилади, шундай экан, менимча, бу мазкур қоидага зид келади», — деган профессор Берман BBC билан суҳбатда.

АҚШ адлия вазирлиги Маскнинг бу ташаббуси юзасидан изоҳ беришдан бош тортган. Федерал сайлов комиссияси ҳозирча сўровга жавоб қайтармаган.

Комиссиянинг собиқ раиси Брэд Смит New York Times газетасига интервюсида Маск ва America PAC ташаббуси кулранг зонада бўлиши — улар қонунчиликда тирқиш топган бўлиши мумкинлигини айтган.

«У уларга сайловда рўйхатдан ўтгани учун эмас, петицияни имзолагани учун тўламоқда — шу билан бирга, уни фақат рўйхатдан ўтганлар имзолашига рухсат берилган. Шундай экан, ўйнайманки, бунда унинг учун барчаси жойида», — деган Смит.

Сайлов қонунчилиги бўйича мутахассис, Америкадаги Шимоли-ғарбий университет профессори Майкл Канг эса бу ўринда контекст муҳим деб ҳисоблайди.

«Мен буни ноқонуний дейдиган таҳлилчиларни тушунаман, аммо, контекстга қарасак, бу акция одамларни рўйхатдан ўтишга ундаш, шу билан бирга буни қонуний жиҳатдан муаммосиз тарзда амалга оширишга мўлжалланган, деб ўйлайман», — дейди профессор Канг.

Америкадаги сайловчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, партиялардан холи Campaign Legal Center ташкилоти ижрочи директори Адав Ноти Маскнинг акцияси тўғридан тўғри федерал қонунларни бузаётгани ва адлия вазирлиги томонидан тўхтатилиши лозимлигини айтади.

«Пулни уни олаётганлар сайловчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарти билан тарқатиш — бу ноқонуний», — деган Ноти BBC’га.

Америкадаги Шимоли-шарқий университетнинг конституциявий ҳуқуқ бўйича профессори Жереми Пол BBC саволига жавобан Маск ўз акциясида қонундаги тирқишдан фойдаланганини айтади

Профессор Полнинг фикрича, акция айнан қонунни айланиб ўтиш учун уюштирилган, шунинг учун судда қоидабузарликни исботлаш қийин бўлади.

Демократлар нима демоқда?

Пенсилвания губернатори, Демократик партия аъзоси Жош Шапиро мазкур акциядан чуқур ташвишда эканини айтиб, ҳуқуқ-тартибот органларини бу қанчалик қонуний эканини текширишга чақирган.

Илон Маск бунга жавобан унда губернатор томонидан бундай баёнот берилишининг ўзи ташвиш уйғотишини билдирган.

Камала Ҳаррисни қўллаётган миллиардер Марк Кюбан Маскнинг бу ташаббусини новаторлик юриши бўлиш билан биргаликда умидсизлик белгиси деб ҳисоблашини айтган.

«Бундай ишни фақат мажбур бўлганда қилишади, аммо лотерея уюштириш — ёмон ғоя эмас. Бу иш берадими, йўқми, буниси мутлақо бошқа масала. Ташкилотчиларнинг ўзига зарба бўлиши ҳам мумкин», — деган Кюбан CNBC телекомпанияси эфирида.

Бунақаси аввал ҳам бўлганми?

Илон Маск айбловларга жавоб қайтариб, демократлар ва уларнинг ҳомийлари ҳам шунга ўхшаш ишларни қилишганини айтган.

Маск X ижтимоий тармоғида Марк Цукерберг 2020 йилда худди шундай иш қилгани ҳақидаги постни ретвит қилган.

Цукерберг 2020 йилда сайловларга 400 млн доллар хайрия қилганди, аммо у сайловчиларга пул тўламаган — у бу маблағни почта орқали овоз бериш логистикаси билан шуғулланувчи, партиядан ташқаридаги икки ташкилотга ўтказиб берганди.

Демократик партия олдинги сайловларда ўз тарафдорларини сафарбар қилиш учун маблағ ишлатган: масалан, 2022 йилда Конгресс учун оралиқ сайловларда партия сайловчилар рўйхатдан ўтишини тарғиб қилиш учун 25 млн доллар сарфлаган.

Аммо бу пуллар ҳам тўғридан тўғри сайловчиларнинг ўзига берилмаган. Улар уйма-уй юрган ташвиқотчиларга ҳамда телевидение ва интернетдаги рекламага сарфланган.

«Сайловчиларни рўйхатдан ўтишга жалб этиш учун тўлаш — қонуний, аммо тўғридан тўғри рўйхатдан ўтганлик учун пул тўлай олмайсиз», — дейди профессор Канг.

Маскнинг Трамп билан муносабатлари

Доналд Трамп президент эканида, сайёранинг энг бой инсони Илон Маск унинг тарафдори эмасди. Аммо кейинги йилларда у тез-тез Демократик партия сиёсатидан норозилик билдира бошлади.

2022 йилги оралиқ сайловлардан олдин у демократлар сафини тарк этишини эълон қилди ва ўз тарафдорларини Республикачилар партиясига овоз беришга чақирди.

Жорий йилда Маск Америка сиёсатига мисли кўрилмаган энергия билан кириб келди ва бор кучи билан Доналд Трампни қўллаб-қувватламоқда. Охирги вақтларда у Трамп билан биргаликда ҳам, ўзи мустақил ҳам митингларда чиқиш қилмоқда.

Июл ойида у America PAC ташкилотини тузди ва ҳозиргача ушбу лойиҳага 75 млн доллар йўналтирди.

Трампнинг ўзи якшанба куни журналистларга America PAC’нинг пул тарқатиш бўйича акциясини кузатмаётганини айтган. Шу билан бирга, Трамп Маскни ўз дўсти деб атаган.

Мавзуга оид