Жаҳон | 10:40 / 22.10.2024
1660
1 дақиқада ўқилади

Исроил БМТ мактаби ва Ғазонинг Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилди, 21 фаластинлик ҳалок бўлди

Сув учун навбатда турган бир гуруҳ фаластинликлар ҳам нишонга олинди.

Фото: Anadolu Agency

Исроил армиясининг блокададаги Ғазо сектори шимолидаги Жебалия қочқинлар лагери ва жанубидаги Рафаҳ шаҳрига уюштирган ҳужумлари натижасида 21 фаластинлик ҳалок бўлди, кўплари яраланди.

Ғазо секторидаги Фуқаролик мудофааси бошқармаси маълумотларига кўра, Жебалия қочқинлар лагерида, БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигининг кўчирилганларга бошпана берган мактаби ўққа тутилган. Отишма натижасида, дастлабки маълумотларга кўра, етти киши ҳалок бўлган.

Рафаҳ шаҳрида Исроил учувчисиз учоқларининг икки ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, Исроил армияси сув олиш учун навбатда турган оломонга қарата ўқ узган, 6 киши, асосан болалар ҳалок бўлган.

2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида 42 603 киши қурбон бўлди, улардан 11 378 нафари аёллар ва 17 мингга яқини болалар, яна 99 795 нафари жароҳатланган.

Мавзуга оид