Жаҳон | 13:40 / 22.10.2024
5325
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ғазодаги йўқотишлари, Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўлими ва Суданда уриб туширилган самолёт — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазода Исроил зирҳли танк бригадаси қўмондони ҳалок бўлди. Исроил армияси 401-зирҳли танк бригадасининг қўмондони, 41 ёшли Эҳсан Дакса ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ғазо секторида уч нафар исроиллик ҳарбийлар ҳалок бўлгани ҲАМАС томонидан фаластинлик жангчилар Исроилга тегишли бир нечта зирҳли техника, жумладан, танкка ҳужум қилингани тўғрисидаги видео эълон қилинганидан сўнг тасдиқланган.

Дакса Исроил оммавий ахборот воситалари томонидан 2023 йилнинг 7 октябрида Ғазога босқин бошланганидан буён ўлдирилган энг юқори мартабали офицерлардан бири эканлиги қайд этилмоқда.

2006 йилги Ливандаги урушда Дакса десантчилар бригадаси таркибида алоҳида зирҳли танклар кучларига қўмондонлик қилган.

Матбуотда ўлгани ошкор этилишига рухсат берилган исроиллик ҳарбийлар сони 749 нафарга етган. Уларнинг 706 нафари Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига қарши жангларда, 43 нафари Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатига қарши жангларда ҳалок бўлган.

Биргина сўнгги сутка ичида Ғазо ва Ливанда 23 нафар исроиллик ҳарбий ярадор қилингани ҳам хабар қилинмоқда.

Шундай қилиб, Ғазо секторида агрессия бошланганидан буён ярадор бўлган исроиллик аскарлар сони 5018 нафарга етган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазодаги агрессияси туфайли ўлдирилган фаластинликлар сони эса 42 минг 603 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 17 мингга яқини ёш болалар ва 11 минг 378 нафари аёллар. Эксклавдаги ярадорлар сони 99 минг 795 кишини ташкил этмоқда.

Исроилнинг Эронга ҳужум режаси

Тел-Авив ракета ҳужумига дучор бўлгач, исроиллик ҳарбийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтирмоқда ва минтақавий уруш янада авж олиш хавфига қарамасдан жавоб зарбаларига ҳозирлик кўрмоқда.

1 октябр куни Эрон ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» етакчиларининг ўлдирилишига жавобан Тел-Авивга қарата 180 та баллистик ракета билан ҳужум қилган эди.

«Исроил Эронга қарши кенг қамровли ҳужумга ҳозирлик кўрмоқда. Тайёргарлик Эроннинг эҳтимолли қайта ҳужумини кутиб, мудофаани мустаҳкамлашни ҳам ўз ичига олади», — деган исроиллик аноним мулозим KAN телеканали эфирида.

Исроил потенциал нишонлар ва мудофаа эҳтиёжлари борасида ўз иттифоқчиси АҚШ билан интенсив маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Исроил армияси узоқ радиусга уча оладиган баллистик ракеталарни тута оладиган THAAD ракета қарши тизимини ўрнатаётганини ҳам маълум қилган.

Бироқ Исроил вазирлар маҳкамаси бош вазир Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлантга ҳозирча Эронга қарши ҳужум муддатлари бўйича қарор қабул қилиш ваколатини бермагани айтилмоқда.

Фатҳуллоҳ Гулен вафот этди

АҚШда собиқ ислом воизи Фатҳуллоҳ Гулен оламдан ўтди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған уни 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишда айблаганди.

Гулен издошларининг маълум қилишича, у 20 октябр куни шифохонада жон берган. У 83 ёшда эди.

CNN Turk хабарига кўра, у Пенсилвания штатидаги клиникада даволанаётганди. Аввалроқ унга жигар етишмовчилиги, диабет, шунингдек, деменция ташхиси қўйилганди.

Гулен 1941 йилда Эрзурум вилоятида, имом оиласида туғилган. 1959 йилда унинг ўзи ҳам имомга айланган, 1960-йилларда Измир вилоятида диний воиз сифатида машҳурликка эришган.

Гулен ўша вақтда ваъз ўқиган талабалар уйлари ва чойхоналарда унинг ҳаракатига тамал тоши қўйилганди.

Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўлими юзасидан Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан бир неча баёнот берди.

«Гуленнинг ўлими тўғрисидаги ахборотлар ҳақиқат. Бу қора ташкилот лидери ортиқ йўқ.

FETÖ бошчисининг ўлими бизнинг ҳушёрлигимизни пасайтирмайди. Бу ташкилот муқаддас қадриятларимиз ортига беркиниб ёшларимизни ўзига оғдирган, уларни ўз халқига хоинлик машинасига айлантириб келган.

Биз уларни хоинлик тўла ёлғон йўлидан воз кечишга чақирамиз», — деган Фидан.

Молдовадаги сайлов якунлари

Молдова фуқаролари Европа Иттифоқига қўшилишни ёқлаб овоз берди. Референдумда евроинтеграция тарафдорлари кичик устунлик билан ғалаба қозонди.

Якшанба куни президент сайловида овоз бериш билан бир вақтда ўтказилган референдумнинг якуний натижалари эълон қилинди.

Европа интеграцияси тарафдорларининг устунлиги минимал бўлиб чиқди: баённомаларнинг 99,5 фоизини қайта ишлашга кўра, сайловчиларнинг 50,42 фоизи Европа Иттифоқига қўшилишни қўллаб-қувватлаган, 49,58 фоизи эса қарши овоз берган.

Мамлакат президенти Майя Санду референдум натижаларига изоҳ берар экан, Россияни сайловларга ноқонуний аралашганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, «адолатсиз кураш»га қарамай, Молдовада европапараст кампания ғалаба қозонди:

«Бизда бу жиноий гуруҳлар 300 минг овоз сотиб олиш учун чиққани ҳақида аниқ далиллар бор», деди у.

Сандунинг ўзи президентлик сайлови биринчи турида россияпараст номзод Александр Стояноглу устидан анча ишончли ғалаба қозонди. Сайлов бюллетенларининг 99,41 фоизини санаб чиқишга кўра, амалдаги президент 42,31 фоиз, унинг рақиби эса 26,07 фоиз овоз олган.

Шу тариқа, Молдовада давлат раҳбарини сайлаш учун овоз беришнинг иккинчи тури ўтказилади. Иккинчи тур сайловлари 3 ноябр, якшанбага белгиланди.

Россиядаги мигрантлар

Россия рекорд суръатларда чет эллик меҳнат мигрантларини ўз ҳудудидан чиқариб юбормоқда.

2024 йилнинг дастлабки олти ойида Россия судлари 85,8 минг мигрантни мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш бўйича қарорлар чиқаришган. Бу бутун 2022 йилги кўрсаткичлардан ҳам кўпроқ. Буни «Важние истории» портали суд қарорларини таҳлил қилиб, санаб чиққан.

Таққослаш учун: 2023 йилда Россиядан 129,7 минг мигрант чиқариб юборилган. Украинага босқин бошланган 2022 йилда бу кўрсаткич 85,1 минг бўлган. COVID-19 пандемияси йилларида ҳокимиятнинг мораторийси сабабли чиқариб юборилган мигрантлар сони кескин қисқарган.

Портал маълумотларига кўра, 2023 йилда Россияда ишлаётган мигрантлар сони пандемиядан олдинги кўрсаткичларга нисбатан миллион кишига қисқарган.

Мигрантларни асосан Россияга кириб келиш ва яшаш қоидаларини бузганлик учун чиқариб юборишмоқда. 2024 йилнинг дастлабки олти ойида бу модда бўйича 100 мингга яқин иш қўзғатилган. Иккинчи ўринда ноқонуний меҳнат фаолияти турибди. Бу бўйича жорий йилда 16 мингта иш очилган.

Суданда самолёт уриб туширилди

Суданда саҳнида россияликлар бўлган Ил-76 транспорт юк самолёти уриб туширилди. Самолёт инсонпарварлик ёрдамини етказиш учун парвоз қилган ва хатолик туфайли уриб туширилган бўлиши мумкин.

Қайд қилинишича, самолётнинг уриб туширилиши учун масъулиятни аввалроқ пойтахт Дарфурдаги ҳукуматга яқин бўлган Тезкор ҳаракат кучларининг ҳарбийлаштирилган ташкилоти исёнчилари ўз зиммасига олган.

«Ўлганлардан бири — Airline Transport Incorporation FZC бош муҳандиси Виктор Гранов. У билан бирга яна бир қанча ҳамкасблари бўлган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳалок бўлган самолёт экипажи орасида бир нафар ўзбекистонлик авиатор ҳам бўлиши мумкин. Россия элчихонаси маҳаллий ҳокимият билан алоқада бўлиб, содир бўлган воқеанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда», дейилади ТАСС хабарида.

Россиянинг Судандаги элчихонаси ҳалокат зонаси жанглар давом этаётган Дарфурда жойлашгани билан вазиятни мураккаблаштирганини қайд этди.

ОАВ шунингдек, самолёт БАА томонидан ижарага олингани ва унинг манзили Бишкекда, «Манас» халқаро аэропортида экани ҳақида ҳам ёзмоқда.  

Мавзуга оид