Ўзбекистон | 17:16 / 22.10.2024
1740
2 дақиқада ўқилади

“Обод юрт”да ХДП сайловолди тарғиботи олиб борилмоқда 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди тарғиботи тадбирларини энг юқори суръатларда давом эттиряпти. Партия аъзолари, номзодлар ва волонтёрлар гуруҳлари нафақат идора ва ташкилотларда, балки уйма-уй, маҳаллама-маҳалла одамларни фаолликка, Халқ демократик партияси ғояларини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда. 

Фото: ХДП

Тарғиботчилар гуруҳи Сирдарё вилоятининг Обод юрт маҳалласини ҳам четлаб ўтмади. Савдо шохобчалари ходимлари, жамоат жойларидаги маҳалла аҳлига сайлов ва унда партия илгари сураётган ташаббуслар моҳияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларини юзага чиқариш орқали “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” принципини ва давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.

Сайловлардан сўнг Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатларимиз яқин 5 йил ичида ушбу мақсадга эришиш йўлида 15 қадамдан ўрин олган 150 га яқин аниқ вазифаларни белгилаб олган.

Аввало, ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш масаласи устуворлик сифатида белгиланган. Бунинг учун Ижтимоий кодексни қабул қилиш таклифи илгари сурилган. Мазкур ҳужжатда имтиёзга эга бўлган фуқаролардан ташқари бошқа оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар тоифаларини ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини аниқ белгилаш масаласи ўрин олиши таклиф этилган. Шу билан бирга, жамиятда ижтимоий кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал қилишга қаратилган ижтимоий диагностикани амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилган.

Чиндан ҳам, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш учун ягона ва яхлит ҳуқуқий ҳужжатга эҳтиёж туғилади. Бу борада партия илгари сураётган ташаббус ҳар томонлама адолатли ва ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Одамлар билан юзма-юз мулоқотларда ушбу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда. Сайловчилар ҳар бир инсон фаровонлигига хизмат қилишга қаратилган дастурига эга партияни қўллаб-қувватлашга чақирилмоқда.

Реклама

Мавзуга оид