Жаҳон | 16:54 / 23.10.2024
6106
6 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловларга икки ҳафта қолди. Трамп Ҳаррис билан тенглашган

АҚШдаги президентлик сайловлари кунига икки ҳафтадан камроқ вақт қолмоқда ва янги сўровлар амалда Оқ уйнинг кейинги эгаси аниқлаб бериладиган муҳим штатларда Доналд Трампнинг имкониятлари Камала Ҳаррисники билан тенглашганини кўрсатмоқда – тафовут сўровномадаги хатолик чегарасида.

Фото: Getty Images

Washington Post-Schar School томонидан ўтказилиб, душанба куни эълон қилинган сўровноманинг кўрсатишича, сайловларда ким ғолиб бўлиши ҳал қилинадиган Аризона, Жоржия, Мичиган, Невада, Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Висконсин штатларида икки номзод ҳам деярли тенг кетмоқда.

Сўров Трамп ва Ҳаррис бутун мамлакат миқёсида ҳам тенглашганини кўрсатган — ҳар бири 47 фоизда. Сўнгги кунларда ўтказилган сўровларнинг кўпчилигига кўра, миллий миқёсда Ҳарриснинг устунлиги энди арзимас даражада бўлмоқда.

Натижалар Британиянинг Financial Times нашри юритадиган, Америкадаги ўнлаб сўровлар агрегатори маълумотларига мос келмоқда.

FT маълумотига кўра, муҳим штатларда ҳам, мамлакатнинг ўртача кўрсаткичлари бўйича ҳам Трамп ва Ҳарриснинг имкониятлари тенглашган. Тўртта муҳим ҳудудда сўровлар натижаларидаги фарқ ярим фоиз бирлигидан кам, яъни хатолик чегарасида.

Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Мичиганда номзодлардан ҳеч бири бошқасини 0,2 фоиз бирлигидан ошиқ фарқ билан ортда қолдира олмаган. Шу билан бирга, номзодлар мазкур штатлардан ҳеч бўлмаганда биттасида ғалаба қозонмасдан сайловни юта олмайди.

Сайлов кампанияси доирасида Трамп ўзини 15 дақиқага Макдоналдс ишчиси сифатида синаб кўрди.

New York Times қайд этишича, бундай шароитда «етакчилик қилмоқда» атамаси қўштирноқ ичига олиниши керак бўлади. «Етакчи» ва «ортда қолаётган» ўртасидаги 0,2 фоиз бирлигидаги фарқ муҳимдек туюлиши мумкин, аммо сайлов натижасини сўровлар эмас, сайловчилар белгилайди.

Шунинг учун, сўровларда ўртача 0,2 пунктлик устунлик ёки камчиликни жиддий индикатор деб бўлмайди.

Олдинги сайловларда ўтказилган сўровномалар кўпинча номзодлардан бирининг имкониятларини бир неча фоиз бирлигига паст баҳолаган ёки ошириб кўрсатган.

Социологлар бу сафар ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ҳаррис ҳам ўтган ҳафтада Трамп каби иккиланувчи штатлардан бири бўлмиш Жоржияда фаол кампания олиб борди

Йил бошида ва июл ойида Пенсилваниядаги митинг вақтида уюштирилган суиқасддан кейин Трамп сўровларда ўша вақтда Демократик партиянинг президентликка номзоди Жо Байденни сезиларли даражада ортда қолдирганди.

Амалдаги президент ўрнига Ҳаррис номзод бўлгач, бу фарқ тезлик билан қисқарди ва сўнгги ойларда у кичик фарқ билан бўлса-да, иккиланувчи штатларнинг ҳам кўпчилигида Трампдан ўзиб кета бошлаганди.

Аммо, сўнгги ҳафталарда Трампнинг кампанияси яна авжига чиқди.

FT’нинг ҳисоблашича, сайловчилар унинг судлангани ва қўпол хатти-ҳаракатларини аста-секинлик билан унутишмоқда, популистик иқтисодий сиёсатини қабул қилишга тайёр.

Номзодлар ўртасидаги сезиларли фарқни фақат кампанияни молиялаштиришда кўриш мумкин: бу борада Ҳаррис ҳамон Трампдан анча олдинда.

Трамп 2023 йил январ ойи бошидан буён 894 млн доллар йиғишга эришган. FT томонидан ўтказилган сўнгги федерал декларациялар таҳлилига кўра, вице-президент кампанияси ва уни қўллаб-қувватловчи гуруҳлар жорий йил июлидан сентябр ойи охиригача бўлган муддатда 971 млн доллар йиғишга улгурган.

Агар Ҳаррисга мерос бўлиб қолган Байден кампаниясига хайриялар ҳам ҳисобга олинса, демократлар 2023 йил январидан ҳозиргача 1,58 млрд доллар йиғишган.

Ҳаррис сиёсий ҳаракатлар қўмиталарига (political action committee, PAC) пул ўтказган айрим миллиардерлар қўлловига ҳам эришган — бу қўмита аъзоларидан бадал йиғадиган ва маблағларни кампания ўтказиш учун берадиган, солиқлардан озод этилган ташкилотдир.

Номзодларнинг ўзидан фарқли равишда, улар ўзларини қўллаб-қувватлаш учун чекланмаган миқдорда маблағ йиғиши мумкин.

Ҳаррисни қўлловчи Future Forward қўмитаси Иллинойс губернатори Жей Би Прицкердан (Байден пойгадан чиққанидан кейин у ҳам эҳтимолий номзодлар қаторида эди) 5 млн доллар, Facebook ҳаммуассиси Дастин Московицдан 10 млн доллар олган. Московиц аввалроқ ҳам қўмитага 3 млн доллар хайрия қилганди.

Аммо демократлар йирик хайрияларга республикачиларга қараганда камроқ таянади, чунки улар майда донорлардан катта миқдорда маблағ йиғишади.

Президентлик сайловларида Доналд Трампни фаол қўллаётган Илон Маск «иккиланувчи» штатларда рўйхатдан ўтган, унинг сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш бўйича петициясини имзолаган сайловчиларга пул тарқатишга қарор қилди

Ўз навбатида, Трампни сайёранинг энг бадавлат одами Илон Маск ҳамда Тимоти Меллон, Мириам Аделсон ва Ричард Уйхляйн каби бошқа миллиардерлар қўлламоқда: улар сиёсий ҳаракатлар қўмитасига собиқ президентни қўллаб-қувватлаб, жами 395 млн доллар хайрия қилишган — бу унинг кампанияси йиққан маблағнинг қарийб ярмидир.

Агар қўмиталарда йиғилган маблағлар ҳисобланса, Байден ва Ҳаррис тарафдорлари Трамп тарафдорларига қараганда 370 млн доллар кўпроқ маблағ тўплаганини кўриш мумкин: 1,52 млрд.га қарши 1,89 млрд доллар.

Сайлов кунигача қолган икки ҳафта ичида Трамп ва Ҳаррис ўз электоратини сафарбар қилишга, асосийси — ҳали кимни қўллашни ва сайловга бориш-бормасликни ўзи учун ҳал қилиб олмаган америкаликларни ўз томонига оғдириш учун мамлакат бўйлаб айланиб юриши кутилмоқда.

Мавзуга оид