Ўзбекистон | 11:36 / 23.10.2024
889
2 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида “Омбудсман қутиси” ўрнатилади

Сенаторлар янги таҳрирдаги Омбудсман тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи қатор ўзгаришларни ўз ичига олган.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Президентга, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланмоқда. Шунингдек, Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этиляпти.

Омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда. Қонунда сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкинлигини назарда тутиляпти.

Бундан ташқари, қонунда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида “Омбудсман қутиси” тушунчаси киритилиб, унга озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг мурожаат қилишнинг ҳуқуқий механизми белгиланмоқда.

Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштиради.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид