Жаҳон | 10:30 / 23.10.2024
2241
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Ғазо шимолида тинч аҳолига нисбатан зўравонликдан хавотирда

Октябр ойининг биринчи ярмида Ғазо шимолига юборилган БМТнинг 54 та миссиясидан фақат биттасига рухсат берилди, қолганлари рад этилди, бекор қилинди ёки блокланди, деб таъкидлади ЖССТ.

Фото: Anadolu Agency

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Исроил томонидан ҳужум ва қамал остида бўлган Ғазо секторининг шимолида тинч аҳолига нисбатан зўравонликлар кучайиши ва улар билан алоқа йўқлигидан хавотир билдирди. ЖССТ, шунингдек, октябр ойининг биринчи ярмида Ғазо шимолига юборилган БМТнинг 54 та миссиясидан фақат биттаси маъқулланганини таъкидлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот хизмати «Анадолу»га юборган ёзма баёнотида, Исроилнинг Ғазо шимолида кучайган ҳужумлари ва блокадаси билан боғлиқ хавотирли вазиятни билдирди.

«Биз тинч аҳолига нисбатан зўравонлик кучайиши ва Ғазо шимолига кириш имкони йўқлигидан хавотирдамиз», — дейилади баёнотда. ЖССТ, шунингдек, гуманитар ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, гуманитар миссияларга киришни осонлаштириш ва ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Баёнотда шиддатли ҳужумлар ва эвакуация қилиш бўйича талаблар туфайли Ғазо шимолидаги «Камол Адван» касалхонаси, Индонезия касалхонаси ва «Ал-Ауда» касалхонасида беморлар ва тиббиёт ходимлари учун жиддий хавфсизлик хавотирлари борлиги қайд этилди. ЖССТ тинч аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини, шу жумладан касалхоналар ва тез ёрдам машиналарини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Мавзуга оид