Фан-техника | 23:28 / 23.10.2024
4690
2 дақиқада ўқилади

Маск Амбанига қарши: миллиардерлар Ҳиндистонда сунъий йўлдош интернети учун курашади

Агар Маскнинг компанияси Ҳиндистон бозорига кирса, бу бош вазир Нарендра Модининг чет эл инвестициясини жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига хизмат қилади.

Фото: Getty Images

Дунёнинг энг бадавлат инсонлари — Илон Маск ва Мукеш Амбани ўртасидаги муносабат Ҳиндистонни кенг полосали алоқа сунъий йўлдоши билан таъминлаш бозоридаги рақобат туфайли кескинлашди, деб ёзади BBC.

Ўтган ҳафта Ҳиндистон ҳукумати сунъий йўлдош соҳаси аукцион орқали эмас, балки маъмурий тартибда тақсимланишини эълон қилди. Олдинроқ Маск Амбани томонидан қўллаб-қувватланган аукцион моделини танқид қилганди.

Кенг полосали сунъий йўлдош тармоғи анъанавий ҳисобланган DSL (телефон тармоқларидан фойдаланган ҳолда уланиш) ёки кабелдан фарқли равишда олис ҳудудларни ҳам интернет билан таъминлай олади.

ICRA рейтинг агентлиги прогнозларига кўра, 2025 йилга бориб Ҳиндистонда сунъий йўлдош интернетидан фойдаланувчилар сони 2 миллион кишига етади. Бозор рақобатбардош бўлиб, унда Амбанига қарашли Reliance Jio бошчилигидаги ўнлаб «ўйинчилар» мавжуд.

Телекоммуникация соҳасида етакчиликни эгаллаш мақсадида эфир частоталари саводига қаратилган аукционларга миллиардлаб доллар сармоя киритган Жио компанияси эндиликда Люксембургнинг етакчи сунъий йўлдош оператори ҳисобланган SES Astra билан шериклик битимини имзолади.

Илон Маскнинг сунъий йўлдошларни паст Ер орбитасида қўллайдиган Starlink компаниясидан фарқли равишда SES ўз қурилмаларини ўрта Ер орбитасига жойлаштириб келади. Starlink ҳозирга қадар орбитага 6419 та сунъий йўлдошни учирган ва дунёнинг 100 та мамлакатида 4 миллион фойдаланувчиси бор. У 2021 йилда Ҳиндистонда ўз хизматини таклиф этмоқчи бўлганди, аммо қонунчилик нормалари бунга йўл бермай келаётган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, агар Маскнинг компанияси Ҳиндистон бозорига кирса, бу бош вазир Нарендра Модининг чет эл инвестициясини жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига хизмат қилади. Ўз навбатида шу орқали ҳукумат бизнес манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб келадиган мамлакат имиджини мустаҳкамлайди

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид