Жаҳон | 12:40 / 23.10.2024
1330
1 дақиқада ўқилади

Ню-Мексико штатида сув тошқинлари бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлди

Розуэлл шаҳрида кучли ёмғир ёғди, Чавес округида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Фото: AP

АҚШнинг Ню-Мексико штатида кучли ёмғир оқибатида юзага келган сув тошқини натижасида дастлабки маълумотларга кўра, 2 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин одам қутқарилган. Ню-Мексико полициясига кўра, кучли ёмғир Розуэлл шаҳрини қоплаган.

Губернатор Мишел Лухан Гришэм Чавес округида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва сув тошқини қурбонларига ёрдам бериш учун давлатдан 1 миллион доллар ажратди.

Ню Мексико Миллий гвардияси, қидирув-қутқарув гуруҳлари сув тошқинлари туфайли машиналарида қолиб кетган 290 кишини қутқарганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, қутқарилганлардан 38 нафари даволаниш учун шифохонага ётқизилган, қутқарув ишлари давом этмоқда.

АҚШ миллий метеорология хизмати (NWS) шарқий ва марказий штатларда кучли ёмғирлар ҳафта давомида давом этиши ва яна тошқинларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид