Ўзбекистон | 14:36 / 24.10.2024
3605
3 дақиқада ўқилади

“Бир ойда фойдаланишга топширамиз” – Аграр университети ётоқхонаси таъмиридаги камчиликлар бартараф этилаётгани айтилди

Аввалроқ Аграр университети ётоқхонаси қурилиши сифатсиз ишлар сабабли тўхтатилганди. Kun.uz мухбири ҳудудга бориб, бинодаги қурилиш жараёнларини ўрганди. Ҳозирда бинонинг пардозлаш ишларида сифатсиз бажарилган гипсокартон ишлари буздирилиб қайтадан лойиҳа талаблари асосида металл профиллари билан қотирилмоқда. Пудрат вакилига кўра, барча камчиликлар бир ой ичида бартараф этилиб, фойдаланишга топширилиши режа қилинган.

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат Аграр университетининг 400 ўринли ётоқхона биноси қурилиши тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.

Маълум бўлишича, 400 ўринли талабалар турар жойи қурилишида лойиҳага зид, сифатсиз ишлар бажарилган.

Жумладан, гипсокартон плитасининг ички пардоз деворларига ёпиштирилиши жараёнида металл профиллардан каркас қилиб ўрнатилиши ўрнига оддий гипслар қотирилиб, мустаҳкамланган.

Шунингдек, пудратчи томонидан бинонинг ички хоналарига кириш эшикларининг сарбастлари лойиҳага зид бажарилган, том ёпиш ишларида эса лойиҳага умуман амал қилинмаган.

Шундан кейин бино техник текширувдан қайта ўтказилгунга қадар қурилиш тўхтатиб қўйилганди.

Бугунги кунга келиб бинонинг пардозлаш ишларида сифатсиз бажарилган гипсокартон ишлари буздирилиб, қайтадан лойиҳа талаблари асосида металл профиллари билан қотирилмоқда.

Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда. Хусусан, деворларга ўрнатилган гипсокартон тўлиқ бузиб чиқилиб, ўрнига металл профиллар қотириляпти. Сифатли, юз фоиз лойиҳа талабига жавоб берадиган қилиб қайтадан таъмирланяпти”, дейди пудрат вакили Шерзод Юсупов.

Том ёпиш ишларида тахталар лойиҳа талаблари асосида мустаҳкамланяпти.

Ётоқхона қурилиш ишлари жорий йилнинг октябр ойида якунланиб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Айрим лойиҳаларга ўзгартиришлар киритилгани сабаб топширилиш муддати чўзилди. Жумладан, меҳмонхонадаги каби ҳар бир хона санузел билан жиҳозланмоқда”, дейди Аграр университети бош энергетики Аҳмад Чориев.

Пудратчи вакилининг қўшимча қилишича, янги қурилаётган ётоқхонадаги барча камчиликлар бир ой муддат ичида бартараф этилиб, бино фойдаланишга топширилиши режа қилинган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид