Бойвачча, шоумен, популист — Доналд Трамп ҳаётига назар
Доналд Трамп – америкалик миллиардер, қурилиш соҳаси магнати, меҳмонхона ва казинолар тармоғи эгаси. Бизнесга оид китоблар муаллифи. АҚШнинг 45-президенти. Жуда баҳсли сиёсатчи бўлишига қарамай, республикачилар партияси кетма-кет учта сайловдан бери президентликка унинг номзодини кўрсатяпти. Kun.uz навбатдаги сайлов олдидан 78 ёшли қария Доналднинг ҳаёт йўли билан таништиради.
Интизомсиз “немис” болакай
Доналд Трамп 1946 йилнинг 14 июнида Ню-Йорк шаҳрида туғилган. У оилада тўртинчи фарзанд эди. Келиб чиқиши ота томондан немисларга, она томондан эса шотландларга бориб тақалади.
Доналднинг оиласи бой, миллионер эди, лекин у ўқишга эътибор қаратмайди. Оғир хулқи туфайли мактаб даврида муаммоларга дуч кела бошлайди. Унинг характерига ўқитувчилар чидай олмайди. Шу сабабдан ота-онаси уни 13 ёшида Ню-Йорк ҳарбий академиясига юборади. Ҳарбий мактабдаги ҳаёти унда интизом ва етакчилик фазилатларини шакллантиришга ёрдам берди.
Оммавий ахборот воситаларига кўра, Трамплар оиласи кўп йиллар давомида ўзларининг келиб чиқиши швед миллатига бориб тақалашини айтиб келган. Бу – ХХ асрда немисларга нисбатан салбий муносабат бўлгани, шунингдек, Трампларнинг кўчмас мулк биноларидаги аксарият ижарачилар яҳудий миллатига мансублиги билан ҳам боғлиқ эди.
Муваффақият сари илк қадамлар
1964 йилда 18 ёшли Трамп ҳарбий академиядаги 5 йиллик таълимини аъло натижа билан тугатиб, Ню-Йорк шаҳридаги Фордем университетига ўқишга киради. У ерда 4 семестр ўқигач, ўқишини Пенсилвания университетидаги Уортон бизнес мактабига кўчиради. 1968 йили, 22 ёшида у иқтисодиёт бўйича бакалавр даражасига эга бўлди. Шундан кейин отаси Доналдни оила бизнесига қабул қилди. Доналд кўчмас мулк соҳасига жиддий қизиққан, келажакда Трампларнинг қурилиш империяси меросхўри бўлиш ва отасининг бойлигини бир неча баробар оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Доналдга ишониб топширилган илк лойиҳа Оҳайо штатида 1200 хонадонга эга, ўрта қатламга мўлжалланган, Swifton Village номли улкан турар жой мажмуаси эди. Кичик Трамп раҳбарлигида компания лойиҳа қурилишига бир йил давомида 6 миллион доллар сарфлаб, апартамент савдосидан 12 миллион доллар даромад олишга муваффақ бўлади.
Икки баравар даромад – карьеранинг аъло даражали ибтидоси эди. Бироқ Трамп бу билан тўхтаб қолишни истамасди. Оҳайодаги хонадонлар қурилиши давлат томонидан молиялаштирилганди. Бироқ у жиддийроқ лойиҳаларда молиявий кўмак учун нодавлат ташкилотларга мурожаат қилиш кераклигини тушунарди. 1971 йилда, 25 ёшида Доналд Ню-Йоркнинг юраги – Манҳеттен оролида ўзи учун апартамент ижарага олади. Бу ерда унинг танишлари доираси катта таъсир кучига эга одамлар билан кенгая бошлайди.
Молиявий империянинг пайдо бўлиши
Янги танишлар орттирган Трамп 1974 йилда ярим бузилган ҳолатдаги Commodore меҳмонхонасини тиклаш бўйича тендерни ютиб олади. Меҳмонхона Манҳеттан марказида жойлашганига қарамай, атрофидаги кўплаб бинолар ачинарли аҳволда эди. Шу жиҳатга урғу берган Доналд ҳукуматдан 40 йиллик солиқ имтиёзларини олишга муваффақ бўлади. Бундан ташқари, Ню-Йоркнинг йирик банклари унга умумий қиймати 70 млн доллар бўлган ипотека кредити ажратади. Трампдан талаб этиладиган ягона шарт – туманни тартибга келтириш эди.
Доналднинг фирмаси ишга киришиб кетади. Олти йил ўтгач, Манҳеттен аҳолиси аввалги зерикарли сариқ бино ўрнида яшаш учун қулай кварталлар бағридаги 25 қаватли муҳташам монолитни кўришади. Манҳеттеннинг бугунги замонавий кўриниши шаклланишида айнан Трамп компаниясининг бир қатор лойиҳалари муҳим рол ўйнаган.
1979 йилда Доналд эътиборини 5-авенюдаги Tiffany&Co заргарлик дўкони қаршисида жойлашган ер участкасига қаратди. Бизнесмендан шу ерни сотиб олишга сизни нима мажбур қилди деб сўрашганида, у шундай жавоб берди: “Тиффани дўконлари атрофида Ню-Йоркнинг энг бадавлат одамлари сайр қилишади”. 1983 йилда бу ерда 58 қаватли осмонўпар бино – Trump Tower қад ростлайди. Бино ўша заҳоти элита турар жойи машҳурлигига эга бўлади: апартамент деразалари Марказий боғга қараган, пастда бир неча машҳур дўконлар ва ресторанлар жойлашганди.
1977 йилда Ню-Жерсида азарт ўйинлари қонунийлаштирилади. Бу эса Трампнинг эътиборини торта бошлайди. У 1980 йилда Атлантик-Ситидан ер сотиб олади ва акаси Робертга ўйин бизнесига лицензия олишни топширади. 1982 йилда қиймати 250 миллион долларга тенг улкан меҳмонхона ва кўнгилочар комплекс – Trump Plaza Hotel & Casino очилади.
1986 йилда Доналд Hilton меҳмонхоналар тармоғига тегишли бинони сотиб олади ва унинг ўрнида қиймати 320 миллион долларга тенг “Трамп қасри”ни қуради. Параллел равишда ўз даврида дунёдаги энг йирик меҳмонхона-казино сифатида қайд этилган “Тожмаҳал”нинг қурилиши бошлаб юборилади. Мазкур иншоот 1990 йилда фойдаланишга топширилади.
90-йиллар бошига келиб, Трампнинг бойлиги 1 млрд долларга баҳоланади. Меҳмонхона, казино ва “люкс” классдаги турар жой осмонўпар биноларидан ташқари, Трампнинг ҳисобида авиакомпания, Ню-Жерсидаги футбол клуби ва Доналднинг ўзи ҳам ҳисобини билмайдиган кўплаб кичик корхоналар бор эди.
Вақт ўтиб Трамп катта ҳажмли бизнеси устидан назоратни йўқота бошлади. Янги лойиҳалар қарз маблағлари эвазига молиялаштирилди, бу эса хатарли эди. Йирик банклар ва инвестицион компаниялар Трампнинг кредиторларига айланади. Аста-секин бизнесменнинг қарзлари орта бошлайди, кўчмас мулк соҳасидаги инқироз банкротликни янада кучайтиради. 90-йиллар бошида кредиторлардан олинган қарзлар 9,8 миллиард долларга етади. Шундан 900 миллион долларни Трамп ўз чўнтагидан тўлашига тўғри келади. Инқироз бўсағасидаги бизнесмен Trump Tower осмонўпар биносини қарзга тикишга мажбур бўлади. Матбуот оловга ёғ қуйиб, Трампнинг ҳар бир қадамини муҳокама қилар эди.
Доналд туғма қатъияти билан қарз ботқоғидан чиқишга муваффақ бўлади. Ўйин бизнесидан келадиган даромад кредитларнинг катта қисмини ёпади. 1997 йилга келиб, магнат барча қарзларидан қутулиб, янги лойиҳалар устида ишлашни бошлайди. 2001 йилда Трампнинг компанияси Daewoo корхонаси билан ҳамкорликда 72 қаватли Trump World Tower биноси қурилишини якунлайди. 262 метрли осмонўпар бино БМТнинг Манҳеттендаги қароргоҳи рўпарасида қад кўтаради.
2008 йилдаги молиявий инқироз Трампнинг қурилиш империясига ҳам жиддий таъсир қилади. Савдолар тушиб кетади. Миллиардер қарзларини ўз маблағи ҳисобидан ёпиш имконига эга бўлса-да, у банкротлик ҳақида эълон қилди ва буни форс-мажор ҳолат билан изоҳлайди. 2009 йилда Трамп шахсий компаниясининг директорлар кенгашидан кетишини маълум қилади. Шу вақтдан бошлаб Трамп кўпроқ сиёсатга эътибор қарата бошлайди.
Нархи қиммат телебошловчи
Доналд Трамп фаолиятининг яна бир соҳаси – шоу-бизнесдир. 2002 йилда тадбиркор прайм-таймда “Номзод” деб номланган реалити шоуга асос солади. Иштирокчилар Трамп компаниясининг менежерига айланиш учун ўзаро кураш олиб боришлари талаб этиларди. Омадсиз иштирокчиларни бизнесменнинг таниқли гапи: “Сиз ҳайдалдингиз!” деган таъкид кутиб турарди. Биринчи фаслдаги ҳар бир чиқиши учун у 50 минг долларга яқин пул олган, бироқ иккинчи фасл бошлангач, ҳар бир кўрсатувнинг нархи 3 миллион долларгача ошади. Шундай қилиб, Трамп телевидениенинг энг кўп ҳақ оладиган бошловчисига айланди. Ҳар пайшанба куни NBC эфирида афсонавий “Сиз ҳайдалдингиз!” жумлалари жарангларди. Бу кўрсатув 3 та Эмми мукофотига сазовор бўлади. 2004 йилдан 2017 йилгача эфирга берилган мазкур шоудан Доналд 200 миллион доллар ишлаб олади. 2007 йилда бу кўрсатув шарофати билан Ҳолливуднинг “Машҳурлик хиёбони”да Трампнинг шахсий юлдузи пайдо бўлади.
Қурилиш магнати бир неча кинофилм ва сериалларда ҳам кўриниш берган. Масалан, машҳур “Уйда ёлғиз 2” филмидаги эпизодда у кичик Кевинга йўлни тушунтирган одам ролини ижро этган.
АҚШнинг 45-президенти
Трампни 80-йиллардаёқ президентликка номзод сифатида кўришган. Аммо унинг сиёсий қарашлари жуда ўзгарувчан эди. Айрим вазиятда сўл оқимни, айрим вазиятда эса ўнгларни қўллаб-қувватларди. 2009 йилга келиб шахсий қарашларини аниқлаштириб, Республикачилар партиясига қўшилади. Трамп жамоатчилик орасида машҳур эди. Шу сабабдан республикачилар 2011 йилдаёқ Доналдни президентлик сайловларида иштирок этишга номзод сифатида кўрсатишга интилган. Бироқ бизнесмен хусусий секторни ташлаб кетишга тайёр эмаслиги важи билан бу таклифни рад этади.
2015 йилнинг июн ойида Трамп президентлик курсиси учун курашишга тайёрлигини эълон қилди. Унинг сайловолди кампанияси “Американи яна буюк қилиш” шиори остида ўтказилади. Миллиардернинг дастуридаги асосий тезислари иммиграция, иқтисодиёт ва ички сиёсатга алоқадор эди. Сайловларда муваффақият қозонса, Мексика билан чегарада Буюк Хитой деворига ўхшаган иншоот қуришини айтарди. Шунингдек, бир неча марта ИШИД қуролли кучларини зудлик билан йўқотиш ҳақида ҳам нутқ сўзлайди. У Барак Обама жорий этган тиббий дастурни бекор қилишга чақириб, бу дастур давлатга қимматга тушаётгани, солиқ тўловчилар учун самаралироқ ва арзон усулларни топишини айтди. Трамп ишлаб чиқаришни АҚШ ҳудудига қайтариш зарурияти, Америка компанияларининг хорижда чиқарилган маҳсулотларига солиқларни ошириш ҳақида таъкидлар, шунингдек, Хитой билан савдо уруши заруриятини бот-бот такрорларди.
Унинг популистик чиқишлари кўплаб сайловчиларни ўзига жалб қилди, айниқса, ишчи синф вакиллари орасида Трампни қўллаб-қувватловчилар кўпайди. Доналд кўпинча анъанавий сиёсий этикетлардан узоқ, бевосита ва очиқчасига фикр билдирарди. Бу уни “ноанъанавий номзод” сифатида танитди.
Доналд Трамп 2016 йилда АҚШ президентлиги учун ўтказилган сайловларда кутилмаган тарзда ғалаба қозонди. Унинг рақиби Ҳиллари Клинтон кўпчилик томонидан сайловни ютади, деб тахмин қилинган эди. Аммо Трамп энг муҳим штатларда ғалаба қозониб, зарур бўлган овозларни тўплай олди.
АҚШ тарихидаги энг зиддиятли президент
Трампнинг президентлик даврида АҚШ иқтисодиётининг рекорд даражада узоқ муддат ўсиши ва пасайиши юз берди. 2019 йилнинг ёзида АҚШда ЯИМнинг мамлакат тарихидаги энг узоқ – 121 ойлик ўсиши қайд этилди. Ишсизлик даражаси эса 50 йил ичидаги энг паст кўрсаткич – 3,5 фоизга тушади. Бироқ бу муваффақиятларни коронавирус пандемияси йўққа чиқарди. 2020 йилнинг иккинчи чорагида мамлакат иқтисодиёти қарийб 33 фоизга пасайиб кетди. Бу Америка тарихидаги энг катта иқтисодий пасайиш сифатида қайд этилди.
Трамп маъмурияти Хитой маҳсулотлари учун божлар ва чекловлар жорий қилди, расмий Пекин АҚШнинг савдо бўйича бош шериги мақомидан маҳрум қилинди. Вашингтон Хитой фирмалари, шу жумладан, телекоммуникация компанияларига қарши санкциялар ҳам киритди. Икки ўртада катта савдо уруши бошланди.
Эрон ва Шимолий Кореяга қаратилган кескин баёнотларга қарамай, Трамп даврида АҚШ хорижда бирорта ҳам янги ҳарбий операцияни бошламади. Унинг ўтмишдошларидан Билл Клинтон даврида Америка Болқондаги урушга аралашган бўлса, кичик Жорж Буш Ироққа ҳужум қилишга рухсат берганди. Обама даврида эса Американинг Афғонистон ва Ироқ компанияларидаги иштироки камайтирила бошланганига қарамай, АҚШнинг НАТОдаги шериклари қўллаб-қувватланди ва америкалик асаркарлар Ливияда тинч аҳолини ҳимоя қилиш амалиётида қатнашди. Обама, шунингдек, Америка ҳарбийларини Сурияга Башар Асад режимига мухолифатчи бўлган отрядларни қўллаб-қувватлаш ва ИШИДга қарши курашишга йўналтирганди.
Трамп даврида АҚШ армияси янги урушларга жалб қилинмаган ҳолда, Қўшма Штатларда коинотдаги ҳаракатлар учун мўлжалланган янги турдаги қўшин яратилди. Бу – Россия ва Хитойда шундай кучлар тайёрланаётганига жавобимиз бўлди, дея изоҳлаганди АҚШ собиқ президенти.
Трамп маъмуриятининг ички сиёсатида миграция асосий мавзулардан бири бўлди. У АҚШнинг жанубий чегарасида девор қуриш ва иммиграция оқимларини тўхтатишни қўллаб-қувватлади. Бу қарор мамлакатда жиддий муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлди. Сайловолди кампанияси чоғида Трамп ноқонуний иммиграцияга қарши фаолроқ курашишга ва оддий америкаликларни иш ўринлари билан таъминлашга ваъда берган эди. У Оқ уйни эгаллаб турган даврда АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритган чет элликлар сони пасайди. Мексика билан чегарадаги қурилиши режалаштирилган 1600 кмлик деворнинг бир қисмини битказишгагина эришди холос.
Шунингдек, Трамп президентлиги даврида АҚШда ирқий тенгсизлик ва полиция зўравонлигига қарши норозилик намойишлари авж олди. 2020 йилда Жорж Флойднинг ўлими билан боғлиқ воқеалар мамлакат бўйлаб ирқий адолатсизликка қарши кучли ҳаракатлар бошланишига сабаб бўлди. Бу жараёнда Трампнинг баёнотлари ва ҳаракатлари ижтимоий мувозанатни ёмонлаштирди.
Трамп маъмурияти даврида АҚШ эркин бозор тамойилларини тарғиб этувчи ўз принципларига қарши ҳам чиқа бошлади. Мексика ва Канада (NAFTA) билан, шунингдек, Жанубий Корея (KORUS) билан савдо бўйича битимлар қайта кўриб чиқилди.
Трамп президентлиги даврида бир нечта шартномалардан чиқиш ҳақида эълон қилди ва АҚШнинг бир қатор ташкилотлардаги аъзолиги бекор қилинди. Хусусан, Қўшма Штатлар Россия билан ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги шартнома ва Эрон бўйича ядро битимидан чиқди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши, ЮНEСКО, БМТнинг фаластинлик қочоқларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш учун Яқин Шарқ агентлигига аъзолик бекор қилинди.
Доналд ташқи сиёсатда “Америка биринчи ўринда” тамойилига амал қилди. У НАТО ҳамкорлари ва бошқа халқаро ташкилотларга бўлган АҚШнинг мажбуриятларини қайта кўриб чиқишга уринди. Масалан, 2017 йилда Париж иқлим келишувидан чиқиш қарори халқаро ҳамжамиятда катта акс садо берди. Трампнинг фикрича, бу келишув АҚШнинг иқтисодий манфаатларига зарар етказиб келган.
Доналд Трамп – Қуддус шаҳрини Исроилнинг пойтахти деб тан олган Америка президенти сифатида ҳам тарихга кирди. Ушбу қарор асосида Тел-Авивдаги АҚШ элчихонаси Қуддусга кўчирилди, бу эса минтақада можаролар кучайишига олиб келди.
Трампнинг президентлиги COVID-19 пандемияси билан боғлиқ воқеалар билан якунланди. Унинг коронавирусга нисбатан муносабати кенг танқидларга сабаб бўлди. Миллионлаб аҳоли саломатлиги хавф остида эканини писанд қилмагани, касалликнинг тез тарқалиши ва иқтисодий инқироз унинг сиёсий позициясига жиддий зарар етказди. Шундай бўлса-да, кўплаб оддий америкаликлар ҳалигача пандемия вақтида аҳолига тарқатилган ёрдам пуллари учун Трампдан миннатдор, чунки популист сиёсатчи ёрдам пуллари солинган конвертларга ўз исмини ёздириб қўйганди.
Икки марта импичмент эълон қилинган илк президент
АҚШ тарихида икки марта импичмент эълон қилинган илк президент Доналд Трампдир. Унинг биринчи импичмент жараёни 2019 йилнинг сентябрида бошланади. Бунга Трампнинг Украинага босим ўтказиб, ўз рақиби Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденни тергов қилишга мажбур қилганига доир махфий хизмат маълумотлари сабаб бўлади. Трамп Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатда Украина ҳукуматидан Ҳантер Байденга нисбатан тергов олиб боришни сўраган ва буни Украинага ҳарбий ёрдам билан боғлаган. Демократлар бу ҳаракатларни “сиёсий манфаатлар” учун қилинган деб ҳисоблайди. Натижада АҚШ Сенати 2020 йилнинг февралида суд ўтказди, лекин Трамп оқланиб, импичментдан қутулиб қолди.
Собиқ президентнинг иккинчи импичмент жараёни 2021 йил 6 январида Капитолий биносининг эгалланишидан сўнг бошланди. Ўша куни, Трампнинг тарафдорлари Конгрессга бостириб киради. Прокурорларга кўра, улар 2020 йилги президентлик сайловлари натижаларини тасдиқлаш жараёнига тўсқинлик қилмоқчи бўлган. Трамп эса ўша куни Вашингтонда ўтказган митингида тарафдорларига қарата “вазиятни ўзгартириш” кераклигини айтганди. Сенат 2021 йилнинг февралида иккинчи импичмент жараёнини ўтказди, лекин Доналд яна оқланиб, импичментдан қутулиб қолди.
Трамп президентликдан кетганидан кейин ҳам унга нисбатан тергов ва суд ишлари давом этди. Ҳозирда, собиқ президентга нисбатан тўртта жиноят иши доирасида ҳуқуқий жараёнлар давом этяпти. Биринчиси, 2020 йилда сайловни ютқаза бошлагач, Трамп Жоржия штати мутасаддиларига телефон қилиб, “етишмаётган овозларни топишни ва ушбу штатда Трамп ғалабасини таъминлашни” талаб қилган, босим ўтказган. Натижада Жоржия штати Трампга қарши сайловларни сохталаштиришга чақириш, қасамёд қилган давлат мулозимини ўз ваколатларини суиистеъмол қилишга ундаш каби айблар билан чиқди.
Иккинчи жиноят иши ҳам 2020 йилдаги сайлов билан боғлиқ. Сайловда ютқазган Трамп ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, “Бизнинг овозларимизни ўғирлашди. Овозларимизни эшитишларига эришиш керак”, деган. Бу намойишчиларнинг Капитолийга бостириб киришига психологик рағбатлантириш сифатида баҳоланади.
Учинчи жиноят иши порноактриса ва молиявий фирибгарлик билан боғлиқ. Айбловга кўра, Трамп 2016 йилда, ҳали Оқ уйга келмасидан аввал ўзи ҳақидаги муҳим хабарларни жамоатчиликдан яшириш мақсадида бир неча аёлларга пора берган, аниқроғи, пул билан уларнинг “оғзини ёпишга” уринган. Бу пораларнинг изини ёпиш учун эса бухгалтерия ҳисоб-китобларига сохта маълумотларни киритган.
Тўртинчиси, президентликдан кетгач, Трамп ўзининг шахсий уйига жуда кўплаб махфий ҳужжатларни олиб кетган. АҚШ қонунларига кўра, унда бу маълумотларни уйига олиб келишига ҳуқуқи бўлмаган.
Бу жиноят ишлари Трампнинг навбатдаги сайловда ҳам республикачилардан номзод бўлишига тўсқинлик қилгани йўқ. Аввалига, коронавирус пандемияси, тартибсизликлар, сайлов натижаларини бекор қилишга бўлган уринишлардан кейин Трампнинг мавқейи анча тушиб кетганди, лекин охирги пайтларда уни қўллаш даражаси кескин яхшиланди. Ҳатто унга уюштирилган суиқасд ҳам рейтингининг ўсишига хизмат қилди.
Яна бир неча кундан кейин, аниқроғи 5 ноябр куни Қўшма Штатларда президентлик сайлови ўтказилади. Икки марта импичмент қилинган, кўп марта турли масалаларда айбланган, айни пайтда Forbes томонидан умумий бойлиги 2,3 млрд долларга баҳоланаётган собиқ президентнинг яна Оқ уйга қайтишини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Мавзуга оид
10:37 / 23.11.2024
Суд Трампнинг Сторми Дэниэлсга тўловлари бўйича иш юзасидан қарорни кечиктирди
09:56 / 23.11.2024
Трамп Сорос фонди собиқ менежерини молия вазири этиб танлади
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024