Жаҳон | 08:10 / 24.10.2024
4305
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз махсус савдо зонаси ташкил этилиши мумкин

Манғистау вилояти ҳокими Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида бож олинмайдиган махсус савдо зонасини ташкил этишни таклиф қилди. 

Фото: gov.kz

22 октябр куни Самарқандда ўтган Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг қўшма ҳудудлараро форумида Манғистау вилояти ҳокими Нурдаулет Қилибай Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди

Манғистау ва Ўзбекистонни боғлайдиган автомобил йўли қурилмоқда. Автомобил қатнови Қозоғистон ҳудудидаги «Тажен» божхона постигача амалга оширилади. Яқинда Қорақалпоғистон марказидан мамлакат чегарасигача бўлган янги автомобил йўли фойдаланишга топширилди. Бу келажакда Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш имконини бериши қайд этилди.

Нурдавлет Қилибайнинг сўзларига кўра, минтақанинг улгуржи бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, сабзавот, мева ва қуруқ меваларнинг катта қисми Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Нукус ва Сирдарё далаларидан келтирилади. «Тажен» божхона пости орқали кунига 250−300 га яқин фура ўтади, шундан ўртача 25−30 фура Манғистау вилоятига жўнатилади. Бу қарийб 11 минг тонна маҳсулот дегани.

Манғистау вилояти ҳокими икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида чегарадош ҳудудда «Хоргос» номли бож олинмайдиган махсус савдо зонасини ташкил этиш таклифини билдирди. Савдо-иқтисодий зонанинг очилиши Манғистау вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 4 баробар ошириш имконини бериши кўрсатиб ўтилди.

 

Мавзуга оид