Ўзбекистон | 13:58 / 25.10.2024
2801
2 дақиқада ўқилади

«Пойтахтбанк» БАА компанияси ихтиёрига ўтди

Bond Investments компанияси (БАА) «Пойтахтбанк» акцияларининг 100 фоизлик эгасига айланди. Июн ойида банкни 10 млн долларга сотиб олиш бўйича келишувга эришилганди.

Фото: Пойтахтбанк

«Пойтахтбанк» АЖ устав капиталидаги 100 фоиз акциялар пакети Бирлашган Араб Амирликларининг Bond Investments limited LLC компаниясига сотилганди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги БАА компанияси «Пойтахтбанк»ни 10 млн долларга, тўловни бирйўла амалга ошириш шарти билан харид қилгани ҳақида маълум қилганди.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, давлатга тегишли банкнинг 100 фоизлик улуши хусусий компания ихтиёрига ўтган, Марказий банк ҳам сентябр ойидан «Пойтахтбанк»ни хусусий банклар қаторига киритган.

Аввалроқ, мазкур банкдаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича «Экспобанк» АЖ (Россия) билан келишув имзоланган эди. Давактив хабарига кўра, халқаро муносабатларда юзага келган вазият сабабли «Экспобанк» томонидан амалдаги келишув шартларини бажариш имконияти мавжуд эмаслиги инобатга олиниб, шартнома ўзаро келишувга асосан бекор қилинган.

Банк Ўзбекистон президентининг 2017 йилдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Асосий фаолияти – тижорат банк операциялари, қимматли қоғозлар, валюта билан операциялар, кредит ва кафолатлар бериш.

Мавзуга оид