Жаҳон | 21:36 / 26.10.2024
1787
2 дақиқада ўқилади

NYT: хитойлик ҳакерлар Трамп ва Вэнснинг телефонларини бузиб киришга уринди

Федерал қидирув бюроси сиёсатчиларга телекоммуникацион инфратузилма орқали ноқонуний киберҳужум уюштирилгани ва бу Хитой билан боғлиқлигини тасдиқлаган.

Фото: AP

Хитойлик ҳакерлар Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп ҳамда унинг вице-президенти лавозимига номзоди, Оҳайо штати губернатори Девид Вэнснинг телефон орқали мулоқотига оид маълумотларни қўлга киритишга уринди, деб хабар беради The New York Times газетаси.

Жорий ҳафта Трампнинг сайловолди компанияси Оқ уй собиқ раҳбари ҳамда Жеймс Вэнс, шунингдек, ҳукуматдаги қатор амалдорларга телефон рақамлари орқали ҳакерлик ҳужумлари уюштирилганидан хабардор қилинган.

Киберҳужумга Демократлар партияси вакиллари, хусусан, Ню-Йорк штатидан сайланган сенатор Чак Шумер ҳамда партиянинг президентликка номзоди Камала Ҳаррис атрофидаги инсонлар ҳам учраган.

Федерал қидирув бюроси сиёсатчиларга телекоммуникацион инфратузилма орқали ноқонуний киберҳужум уюштирилгани ва бу Хитой билан боғлиқлигини тасдиқлаган. Dpa агентлиги маълумотларига кўра, мобил алоқа хизматини тақдим этувчи қатор Америка компаниялари ҳакерлар ҳужумига учрагани бир неча ҳафта олдин маълум бўлган.

NYT’нинг ёзишича, ҳакерлик ҳужуми кенг кўламли разведка операциянинг бир қисми бўлиши мумкин. Энди тергов жиноятчилар қандай маълумотларни қўлга киритганини аниқлашга уринмоқда.

Мавзуга оид