Ўзбекистон | 09:04 / 27.10.2024
48638
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжоновга суиқасд қилганлардан бири ушланди — Бош прокуратура

Ҳозирда қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани айтилмоқда.

Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг Range Rover йўлтанламасига қарата ўқ узганлардан бири гумонланувчи тариқасида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2024 йил 26 октябр куни 2 нафар номаълум шахс Қибрай туманида фуқаро С.С. бошқарувидаги Range Rover русумли машинага қарата ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиб, номаълум томонга яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248 (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Сўнг Бош прокуратура, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят, Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид