Урушлардан тин олмаётган дунё: энг йирик қурол экспорт қилувчи давлатлар
2022 йил февралда Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг дунёда яна бир йирик уруш ўчоғи пайдо бўлди. Шу билан бирга қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажми ҳам кўпайди. Қўйида энг кўп қурол экспорт ва импорт қилувчи давлатлар ҳақида сўз юритамиз.
Стокҳолм тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти (SIRPI) маълумотларига кўра, Европа давлатлари асосий қурол турларининг импортини икки баробарга оширган.
Шунингдек, Яқин Шарқ ва Форс Кўрфази давлатлари, Осиё ва Океаниядаги мамлакатлар қурол импортини кескин кўпайтирган.
Бундан ташқари, 2022 йилда Россия Украинага бостириб киргандан сўнг украинлар қурол импорти бўйича юқори ўринларга чиққан.
Дунё бўйлаб қурол сотишда анча йиллардан буён АҚШ етакчилик қилиб келмоқда. Украинага бостириб киргунча Россия иккинчи ўринда бўлган.
2022 йил 24 феврал куни бошланган урушдан кейин Россиянинг қурол экспорти ҳажми кескин камайган ва ҳатто урушда қўллаш учун снарядлар ва ракеталар импорт қилишга ўтган.
Қуйида дунёдаги энг кўп қурол экспорт ва импорт қилувчи давлатлар рўйхатини кўриб чиқамиз.
Энг кўп қурол экспорт қилувчи давлатлар
АҚШ
АҚШ анча йиллардан буён қурол-яроғ сотиш бўйича биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Сўнгги беш йилда бу давлат қурол экспортини 17 фоизга оширган.
Натижада Америка жаҳон қурол савдосида ўз улушини 34 фоиздан 42 фоизгача оширган. Бу дегани, сўнгги йилларда дунёнинг турли давлатлари томонидан сотиб олинаётган қурол-яроғларнинг қарийб ярмини АҚШ экспорт қилмоқда.
Стокҳолм тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти (SIRPI) ҳисоботларига кўра, 2023 йилда АҚШ дунёнинг 90 дан ошиқ давлатига қурол экспорт қилган.
2019-2023 йилларда бу давлат энг кўп қурол-яроғни Саудия Арабистонига сотган ва бу умумий экспортнинг 15 фоизини ташкил этган. Кейинги ўринларни 8,2 фоиз билан Қатар, 4,5 фоиз билан Кувайт, 3,6 фоиз билан Исроил эгаллаган.
АҚШ сўнгги йилларда Япония, Жанубий Корея ва Австралияга қурол экспортини сезиларди оширган. Украинага сотилган қурол-яроғ эса умумий экспортнинг 4,7 фоизини ташкил этган.
Франция
Узоқ йиллар мобайнида Россия қурол-яроғ экспорти бўйича АҚШдан сўнг иккинчи ўринда бўлиб келди. Бу давлат Украинага бостириб киргач нафақат қурол экспорти сустлашди. Шундан сўнг Франция Россияни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга чиқди.
Дунё қурол экспортида Франциянинг улуши 11 фоизни ташкил этади. 2023 йилда бу давлат дунёнинг 64 мамлакатига қурол-яроғ экспорт қилган.
Франциядан энг кўп қуролни Ҳиндистон олган ва бу умумий экспортнинг 29 фоизини ташкил этган. Кейинги ўринларда 17 фоизлик улуш билан Қатар, 6,4 фоизлик улуш билан Миср жойлашган.
Агар 2014-2019 йиллар оралиғи билан солиштирганда 2019-2023 йиллар давомида бу давлат қурол экспортини 47 фоизга оширган.
Россия
2022 йил қиш охирида Украинага бостириб киргандан сўнг кўп ўтмай Россия қурол-яроғ экспортида ўз мавқейини кескин йўқотди.
SIRPI маълумотларига кўра, 2019-2023 йиллар оралиғида Россиянинг қурол-яроғ экспорти кўрсаткичлари 53 фоизни йўқотган.
2019 йилда Россия дунёнинг 31 давлатига қурол-яроғ экспорт қилган бўлса, 2023 йилда бор-йўғи 12 та мамлакатга қурол сотган.
Россия экспорт қилган қуролларнинг 68 фоизи Осиё ва Океания давлатларига сотилган. 13 фоизи Яқин Шарқ, 10 фоизи Африка давлатлари томонидан сотиб олинган.
Россия қуролларининг энг йирик харидори Ҳиндистон бўлган ва 2023 йилда умумий экспортнинг 34 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келган.
Яна бир йирик қурол импорт қиладиган давлат Хитой Россия қуролларининг 31 фоизини, Миср эса 7,5 фоизини харид қилган.
Хитой
Хитой нафақат дунё қурол-яроғ бозорида йирик харидор ҳисобланади, шу билан бирга, бу давлатнинг ўзи ҳам бошқаларга қурол сотади.
2023 йилда бу давлат жаҳон қурол-яроғ экспортида 5,8 фоиз улушга эгалик қилган. Хитой 61 фоиз қуролларини Покистонга, 11 фоизини Бангладешга, 6 фоизини Тайландга сотган.
Германия
2023 йилда Германия дунё қурол-яроғ экспортида 5,6 фоиз улушга эгалик қилган. Бу давлат умумий қурол экспортининг 20 фоизи Миср, 12 фоизи Украина ва яна 12 фоизи Исроил ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, Британия, Испания, Исроил, Италия ва Нидерландия ҳам энг кўп қурол экспорт қилувчи давлатлар сафига киради.
Энг кўп қурол импорт қилувчи давлатлар
Ҳиндистон
Стокҳолм тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти (SIRPI) ҳисоботларига кўра, 2019-2023 йилларда энг кўп қурол-яроғни Ҳиндистон импорт қилган.
Ҳиндистоннинг дунё қурол бозоридаги импорт улуши 2014-2019 йилларда 4,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2019-2023 йилларда бу кўрсаткич 9,8 фоизгача кўтарилган.
Яъни сўнгги йилларда дунёда экспорт қилинаётган қурол-яроғнинг қарийб 10 фоизини Ҳиндистон сотиб олмоқда.
Халқаро таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда Ҳимолай тоғларидан ўтган чегарада Хитой томони босимни оширмоқда. Шу сабабли Ҳиндистон қуролланишга жиддий эътибор бермоқда ва катта миқдорда қурол сотиб олмоқда.
Ҳиндистонга қурол-яроғларни асосан Россия етказиб бермоқда ва бу умумий улушнинг 36 фоизини ташкил этмоқда.
Кейинги ўринларда Ҳиндистон қурол импортида 33 фоиз улушга эга Франция, 13 фоиз улушга эга АҚШ жойлашган.
Саудия Арабистони
Дунёда қурол-яроғ импорт қилиш бўйича иккинчи ўринни Саудия Арабистони эгаллаган. 2019-2023 йиллар оралиғида бу давлатнинг дунё қурол бозоридаги импорт улуши 8,4 фоизни ташкил этган.
Саудия Арабистони 75 фоиз қурол-яроғни АҚШдан харид қилган. Бу давлат қурол импортида Франция 7,6 ва Испания 7 фоиз улушга эга.
Қатар
Қурол импорт қилувчи давлатлар рўйхатида учинчи ўринни Қатар эгаллаган. 2019-2023 йиллар оралиғида бу давлатнинг дунё қурол бозоридаги импорт улуши 7,6 фоизни ташкил этган.
Қатар сўнгги йилларда энг кўп қурол-яроғни АҚШдан сотиб олган ва импорт улушининг 45 фоизини ташкил этган. Шунингдек, Қатар қурол импортида Франциянинг улуши 25 фоиз, Италиянинг улуши эса 15 фоиз бўлган.
Украина
Қурол импорт қилувчи давлатлар рўйхатида тўртинчи ўринга Украина жойлашган. 2014-2019 йилларда гарчи мамлакат шарқида айирмачилар бош кўтарганига қарамасдан бу давлатнинг қурол импорти унча катта бўлмаган.
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач бу давлатнинг қурол импорти ҳажми 6 663 фоизга ошиб кетган ва рўйхатнинг юқори ўринларига чиққан. Сўнгги йилларда жаҳон қурол-яроғ бозорида Украинанинг импорт улуши 4,9 фоизни ташкил этган.
Украинага энг кўп қуролни АҚШ сотган ва бу импортдаги улушнинг 39 фоизини ташкил этган. Шунингдек, Украина қурол импортида Германиянинг улуши 14 фоиз, Полшанинг улуши 13 фоиз бўлган.
Россия Украинага бостириб киргандан буён бу давлат Европадаги энг йирик қурол-яроғ импортчисига айланган. Уруш бошлангандан буён Украинага 30 дан ошиқ давлат қурол сотган.
Покистон
Қурол импорт қилувчи давлатлар рўйхатида Покистон бешинчи ўринни эгаллаган. Жаҳон қурол-яроғ импортида унинг улуши 4,3 фоизни ташкил этган.
Покистон энг кўп қуролни Хитойдан сотиб олган ва Чин юртининг улуши 82 фоизи ташкил этган. Шунингдек, Покистон қурол импортида Швециянинг улуши 4 фоиз, Канаданинг улуши 4 фоиз, Туркиянинг улуши эса 3,8 фоиз бўлган.
Бундан ташқари, Япония, Миср, Австралия ва Жанубий Корея энг кўп қурол импорт қилувчи давлатлар сирасига киради.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
21:44 / 05.11.2024