Эронга етказилган талафот, Ғазодаги уруш оқибатлари ва Гуржистондаги парламент сайловлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Ғазо сектори шимолида Исроил авиазарбалари натижасида камида 20 киши қурбон бўлди. Исроил ҳарбий ҳаво кучлари қамал қилинган эксклавнинг шимолидаги Жабадия қочқинлар лагерига ҳужум уюштирган.
Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги маълумотларига кўра, қочқинлар бошпана сифатида фойдаланаётган Фахура мактаби яқинида жойлашган тураржой биноларига ракета ҳужуми уютирилган.
Ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва ёш болалар экани маълум қилинмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёпирилма зарбалар туфайли фуқаролик мудофааси отрядлари ва тиббий тез ёрдам бригадалари воқеа жойига етиб боришга қийналмоқда.
Шунингдек, Исроил Ғазодаги кўчирилган инсонлар жойлашган БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги — UNRWA мактабига учинчи марта ҳужум қилган.
Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги Аш-Шати қочқинлар лагерида жойлашган UNRWA мактабига яна зарба берилган.
Ҳужум натижасида камида 8 киши ҳалок бўлган, кўплаб инсонлар яралангани маълум қилинмоқда.
WAFA ахборот агентлигининг маълум қилишича, «Эсма» мактаби биносида мажбуран кўчирилган шахслар яшаб келган ва бу ерда ҳам қурбонлар асосан аёллар ва болалардан иборат.
Уруш оқибатлари
Агар Исроил Ғазодаги урушни бугуноқ тугатса ҳам, унинг оқибатлари ўнлаб йиллар давомида фаластинликларни ҳаётдан олиб кетаверади.
Ғазодаги биноларнинг учдан бир қисми Исроил бомбардимонлари туфайли бутунлай вайрон бўлган. БМТ баҳолашларига кўра, эксклавни вайронлардан тўлиқ тозалаш учун камида 14 йил талаб қилинади, бироқ уруш бугуноқ тугаган тақдирда ҳам Исроил бомбалари етказган талафот фаластинликларга ҳали кўп азоб беради.
Бино портлаган чоғда ҳавога зарарли бўлакчаларга эга катта миқдорда чанг зарралари учади. Улар нафас йўлларини зарарлайди, шунингдек, тупроқ ва грунт сувларига сингади ва ўз таъсирини портлаш рўй берган жойдан кенгроқ ҳудудга тарқатади.
БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури баҳолашларига кўра, уруш натижасида ҳосил бўлган 2,3 млн тонна чиқинди бу зарралар билан заҳарланган бўлиши мумкин.
Масалан, асбестнинг ҳавога учиши ва инсон организмига таъсири саломатлик учун бир қатор хатарларни келтириб чиқаради. Касалликлар эса 10-50 йил ичида юзага чиқади. Бу эса Исроил босқини натижасида Ғазо аҳолиси узоқ йиллар давомида саратон ва бошқа касалликлар хавфи остида қолишини англатади.
Шунингдек, вайроналар остида қолиб кетгани гумон қилинаётган 10 минг инсон қолдиқлари, ёрилмаган ўқ-дорилар, оқова сувлар зарарли кимёвий моддалар учун очиқ муҳитни яратади ва фаластинликлар ўртасида касалликлар тарқалишига хизмат қилади.
Исроилнинг Эронга зарбаси
Гарчи Эрон Исроилнинг 26 октябр кунги зарбаси унчалик талафот етказмаганини айтаётган бўлса-да, аниқлаштирилаётган маълумотларга кўра, Эронда баллистик ракеталар ишлаб чиқариш тўхтатилган.
Axios порталига кўра, Исроил зарбаси Эрон баллистик ракета ишлаб чиқариш дастурининг муҳим таркибий қисмини ишдан чиқарган.
Манбаларнинг сўзларига кўра, Исроил зарбалари Эроннинг узоқ масофага уча олувчи ракеталар ишлаб чиқаришида асқатадиган 12 та «планетар қориштирувчилар»ни йўқ қилган.
Йўқ қилинган объектлар «жуда мураккаб ускуналар» бўлиб, уларни Эрон мустақил ўзи ясай олмайди. Эрон уларни Хитойдан сотиб олган. Объектларни тиклаш камида бир йилни талаб қилади.
Исроил зарбалари Эроннинг иккита махфий ҳарбий базасига ҳам талафот етказган.
Planet Labs PBC томонидан эълон қилинган сунъий йўлдош суратлари зиён кўрган объектлардан айримлари Теҳрон яқинидаги Парчин ҳарбий базасида жойлашганини кўрсатмоқда.
Атом энергияси халқаро агентлиги маълумотларига кўра, бу базада Эрон ўтган даврда ядровий қурол учун фойдаланса бўладиган портловчи моддалар синовини ўтказган бўлиши мумкин.
Шунингдек, ерости туннеллари ва ракета ишлаб чиқарувчи объектлар бўлган қўшни Ҳожир ҳарбий базасига ҳам зарбалар берилгани айтилмоқда.
Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Исроилнинг зарбаси кучсиз бўлмагани, лекин кучли ҳам бўлмаганини таъкидлаган.
«Икки кун муқаддам сионистик режим томонидан содир этилган ёвузлик кўпайтириб ҳам, камайтириб ҳам тасвирланмаслиги керак», — деб ёзган у X ижтимоий тармоғида ва Исроилнинг ҳужумини «нотўғри мўлжал» деб атаган.
Хоминаийга кўра Теҳрон Исроилнинг бу ҳужумига жавобан ўзининг кучини кўрсатиш вариантларини ўйлаб кўради.
Оятуллоҳ Хоминаийнинг ўзи Исроилнинг Эронга ҳужумини унчалик жиддий бўлмаган, лекин диққатга сазовор, деб атаган.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Эроннинг бу ҳужумга нисбатан жавоби пухта ўйлаб кўрилган ва тарозига солинган бўлишини таъкидлаган.
Гуржистондаги парламент сайловлари
Гуржистонда ўтган парламент сайловларида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси ғалаба қозонди. У 54,23 фоиз овоз тўплаган ва парламентдаги ўринларнинг ярмидан кўпини эгаллайди. Мухолифатдаги партиялар сайловни бойкот қилиб, парламентга кирмасликларини эълон қилди.
Марказий сайлов комиссияси якуний ҳисоботига кўра, партиялар қуйидагича овоз жамғарган:
- «Гуржистон орзуси» — 54,23 фоиз;
- «Ўзгаришлар учун коалиция» — 10,82 фоиз;
- «Бирлик — миллий ҳаракат» — 10,10 фоиз;
- «Кучли Гуржистон» — 8,76 фоиз;
- «Гахария Гуржистон учун» — 7,75 фоиз.
Қолган партиялар парламентга киришга изн берувчи 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмаган.
Мамлакат ташқарисида истиқомат қилувчи гуржилар ҳукмрон партияга бор-йўғи 17,7 фоиз овоз берган. Мухолифатдаги партияларга берилган жами овозлар сони 70 фоиздан ошган.
Гуржистондаги мухолифат Марказий сайлов комиссияси маълумотларини тан олмаяпти, оммавий овоз сохталаштириш рўй берганини таъкидлаб, бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишлари ўтказишни режалаштирмоқда.
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили душанба куни мамлакат парламенти биноси олдида норозилик намойиши ўтказишга чақирди. Митинг маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Тбилисидаги Руставели шоҳкўчасида бошланади.
«Мен бу сайловларни тан олмайман. Бу сайлов тан олиниши ҳам мумкин эмас. Бу Россиянинг Гуржистонни ишғол қилгани, Гуржистоннинг Россияга бўйсундирилганини англатади. Мен мамлакатимизга бунинг учун қайтмаганман. Бизнинг аждодларимиз бунинг учун яшамаган, биз буни қабул қила олмаймиз. Ҳеч ким Гуржистондан Европа келажагини тортиб олишга ҳақли эмас», — деган Зурабишвили.
«Гуржистон орзуси» партиясидан сайланган Гуржистоннинг 2013-2018 йиллардаги тўртинчи президенти Георгий Маргвелашвили ҳам парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини билдирди.
«Мен ёлғон ва сохтакорлик билан асос солинган парламентни асло тан ололмайман», — деди у.
Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе эса сайловдаги ғалабадан сўнг ва мухолифат эътирозларига қарамасдан ҳукумат барибир тасдиқланишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат йиғилиши одатдаги режимда ўтаверади.
Кобахидзенинг қўшимча қилишича, янги чақириқдаги парламентнинг биринчи мажлиси ишига халақит бериш учун мухолифатдаги партияларда ресурслар йўқ ва уларнинг эътирозлари халқнинг олдида ўзларини умидсиз оқлашдан бошқа нарса эмас.
«Ўтган йиллар ичида мухолифат бирор марта сайлов натижаларини тан олиб, мағлубиятини мардларча қабул қила олмаган. Улар тўққизинчи марта ютқазишяпти», — деган Кобахидзе.
Мигрантларга нарх оширган Москва
Москвада 2025 йилдан бошлаб чет элдан келган ишчилар учун патент миқдори 8,9 минг рублни ташкил этади. Бу амалда белгиланган нархлардан 1,5 минг рублга қимматроқ, деган Россия пойтахти мэри Сергей Собянин.
«Мигрантлар солиқлар нуқтайи назаридан фуқароларимиз билан таққосланадиган миқдорда пул тўлаши — муҳим масала. Мигрантлар юқори малакали инсонлар эмас. Бугун ойлик тўланадиган патент 7,5 минг рубл бўлиб, уни даромад солиғи аванси деб ҳисоблаш мумкин. 1 январдан бошлаб у 8,9 минг рубл бўлади», — деган Сергей Собянин.
Собянинга кўра, бу чора-тадбирлар иш берувчиларнинг мигрантлар ва Россия фуқаролари учун харажатларини тенглаштириш имконини беради.
«Механизм анча олдин ишлаб чиқилган, у мигрант иш берувчига фуқароларимиздан кўра арзонроқ тушмаслигига қаратилган масалани тартибга солади», — деган мэр.
Собяниннинг қайд этишича, Москвада меҳнат патентларини бериш бўйича сезиларли ўсиш кузатилмаяпти, ҳозирда бу қарийб 450 мингтани ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024