Жаҳон | 14:10 / 28.10.2024
1581
3 дақиқада ўқилади

Финландия ЕИни Россияни тийиб туришга кўпроқ сармоя киритишга чақирди

Ғарб билан гибрид урушда Россия Федерациясининг асосий нишонлари Германия ва Франция бўлиб, уларнинг аҳолиси дезинформациялар ёрдамида Украинага ёрдам бефойда эканлигига ишонтирмоқда, дейди Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен.

Фото: Kimmo Penttinen/Lehtikuva/IMAGO

Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен Европа давлатларини мудофаага кўпроқ сармоя киритишга ва Россиядан келаётган таҳдидни тийиб туриш чораларига чақирди. «Мен Путиндан ҳамма нарсани кутишга тайёрман», деди Финландия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 27 октябр, якшанба куни Funke нашрлар гуруҳига берган интервюсида.

Келажакда Европа Иттифоқи давлатлари мудофаа учун ялпи ички маҳсулот икки фоизини ташкил этиш бўйича НАТО мақсадидан кўра кўпроқ маблағ сарфлаши керак, дейди Валтонен. Вазирнинг сўзларига кўра, айни дамда Россия Федерациясининг Ғарб билан гибрид уруши доирасидаги асосий нишонлари Германия ва Франция ҳисобланади. Валтоненнинг аниқлик киритишича, Кремл асосий урғуни маҳаллий аҳоли орасида Украинани қўллаб-қувватлаш даражасини пасайтириш учун дезинформацияни тарқатишга қаратган. «Ҳеч ким Украинадан кўра кўпроқ тинчликни хоҳламайди, аммо агар кимдир қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш орқали урушни тўхтатиш мумкин деб ҳисобласа, мен фақат бир нарсани айтишим мумкин: бу урушнинг тугашига олиб келмайди, бу Украинанинг охирига олиб келади», — деди Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Киевни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаб.

Шу нуқтайи назардан, Валтонен Германиянинг Россия ҳудудига чуқур ҳужумлар учун Украинани узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминламаслик қарорига изоҳ беришдан ўзини тийди, бироқ халқаро ҳуқуқ ўзини ҳимоя қилишнинг бир қисми сифатида ўз чегараларидан ташқарида ҳарбий нишонларга зарба беришни тақиқламаслигини эслатди. Финландия Украина Қуролли кучлари (УҚК)га 2024 йил май ойида Ҳелсинкидан олинган қуролларни Россия Федерацияси ҳудудидаги нишонларга қарши ишлатишга рухсат берган эди.

Финландия РФ билан чегарадаги иккита назорат пунктини ёпди

24 октябр куни идора сайтида эълон қилинган расмий баёнотга кўра, Финландия чегара хизмати Россия билан чегарадаги «Париккала» ва «Инари» вақтинчалик чегара ўтиш жойларини тўлиқ ёпиб қўйди.

Биринчи ўтиш жойи орқали ҳаракат 2022 йилда Россия ёғочларини экспорт қилиш чекловлари туфайли, иккинчиси орқали эса 2021 йилда тўхтатилди. Идора баёнотида айтилишича, расмийлар назорат-ўтказиш пунктини тўлиқ ёпиш учун барча чораларни кўради, жумладан, чегара ўтиш жойини кўрсатувчи белгиларни демонтаж қилади.

Мавзуга оид