Жаҳон | 21:03 / 29.10.2024
5342
2 дақиқада ўқилади

Аспирант тасодифан Мексика жунглиларида йўқолган шаҳарни топди

Валериана номли ушбу шаҳар «пойтахт белгилари»га эга ва қурилган иншоотлар зичилиги бўйича 100 километр узоқликдаги Калакмул шаҳридан ортда қолади холос.

Фото: Getty Images

Археологлар Кампеч штати жануби-шарқидан Мексика жунглилари ичида ғойиб бўлган майяларнинг улкан шаҳри ҳаробаларини топишга муваффақ бўлди. BBC’нинг ёзишича, топилмалар ичида пирамидалар, спорт майдончалари, тўғонлар ва амфитеатр бор.

Мутахассислар қадимий шаҳар ҳаробаларини топишда LiDAR (Light Detection and Ranging, «ёруғликни аниқлаш ва масофани ўлчаш») — лазер суратга олиш тизимидан фойдаланган.

«Мексика атроф-муҳит мониторинги ташкилоти томонидан ўтказилган лазер тадқиқоти суратларини топганимда Google қидирув тизимининг 16-саҳифасида эдим», — дейди АҚШдаги Тулейн университети аспиранти Люк Олд-Томас.

Бу реал вақт режимида атроф-муҳитдаги аниқ масофалар ва ҳаракатларни ўлчаш учун лазер нурларидан фойдаланадиган масофадан зондлаш технологияси — LiDAR тасвирлари бўлган. Аммо Олд-Томас тасвирларни археологлар фойдаланадиган усуллар ёрдамида қайта ишлагач, милодий 750-850 йилларда ўз ривожланишининг чўққисига чиққан улкан шаҳарга дуч келган.

Тадқиқот ҳаммуаллифи профессор Марчелло Канутонинг сўзларига кўра, мазкур топилма ғарб ҳамжамиятида тропик минтақалар «цивилизациялар ҳалок бўлган жой» деган тушунчани ўзгартиришга ёрдам беради.

«Биз шаҳарнинг йўқолиб кетишига айнан нима сабаб бўлганини комил ишонч билан айта олмаймиз. Аммо археологларнинг таъкидлашича, бу асосан иқлим ўзгариши туфайли содир бўлган», — дейилади хабарда.

Валериана номли ушбу шаҳар «пойтахт белгилари»га эга ва қурилган иншоотлар зичлиги бўйича 100 километр узоқликдаги Калакмул шаҳридан ортда қолади холос. Майдони 16,6 километр квадратга тенг шаҳар иккита йирик марказий бинога эга бўлган ва улар бир-бири билан тўғонлар орқали бирлаштирилган. Шунингдек, у ерда майя худолари учун қурилган пирамидалар ҳам аниқланган.

Мавзуга оид