Жаҳон | 13:45 / 29.10.2024
7215
9 дақиқада ўқилади

Эрон ракеталаридан айрилган Путин, урушга йўл олган КХДР аскарлари ва Гуржистон мухолифати шартлари — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армияси қамал қилинган Фаластин эксклавининг турли ҳудудларини ўққа тутишда давом этмоқда.

Фаластиннинг WAFA агентлиги маълумотига кўра, Исроилнинг пилотсиз парвоз қурилмаси Аш-Шужаийя туманига берган зарбаси туфайли камида 3 киши ҳалок бўлган, кўплаб инсонлар яраланган.

Ғазонинг шимолидаги Байт Лаҳия шаҳрига берилган зарба туфайли ҳам инсонлар ўлгани ва яралангани хабар қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ғазонинг марказий қисмидаги Ал-Мағазий қочқинлар лагерига дрон ҳужуми туфайли бир бола яраланган.

Исроил артиллерияси сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳрини интенсив ўққа тутишда давом этмоқда. Кўплаб турар жойлар вайрон қилинмоқда.

Биргина сўнгги 48 соат ичида Ғазонинг турли туманларида ҳужумлар натижасида қурбон бўлганлар сони 96 кишини ташкил этган. 277 киши яраланган.

Исроил томонидан 2023 йилнинг 7 октябридан буён олиб борилаётган қирғинбарот уруш туфайли Ғазо секторида қурбонлар сони 43 мингдан ошди, ярадорлар эса 101 минг 110 нафарни ташкил этмоқда.

Ливандаги вазият

Исроил Ливаннинг жанубидаги Сур шаҳрига ёпирилма зарбалар берди. Кўплаб бинолар вайрон қилинган. Шаҳар узра чанг ва тутун устуни осмонга ўрлаган.

Ливаннинг расмий NNA ахборот агентлигининг хабар беришича, Исроил авиацияси Ливаннинг энг йирик шаҳарларидан бири саналмиш Сурнинг турли туманларига ёпирилма зарбалар берган.

Аввалроқ Исроил армиясининг расмий вакили Авиҳай Адрай Х ижтимоий тармоғида харита эълон қилиб, унда кўрсатилган туманлардан аҳолининг чиқиб кетиб, Авали дарёсининг шимолий соҳилига ўтишни талаб қилган.

«Огоҳлантиришлар» Али ал-Халил, Хиром, Муҳаммад ал-Зойид ва Набиҳ Берри мавзелари аҳолисига тааллуқли бўлган.

Исроил армиясининг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати билан назорат қилинаётган тўқнашувлари 2023 йилнинг 8 октябридан буён давом этиб келмоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 8 октябридан буён Ливанда Исроил ҳужумлари қурбонлари 2672 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 194 нафари аёллар ва 104 нафари ёш болалар. 12 минг 468 киши яраланган.

«Ҳизбуллоҳ» бу ҳужумларга жавобан Исроилга, асосан ҳарбий базаларга ракета ҳужумлари уюштириб келмоқда.

Ливанда Исроил бомбалашлари туфайли юз минглаб одамлар мажбурий кўчирилган шахсларга айланган. Мамлакатнинг жанубий ҳудудларида пойтахт Байрут ва шимол томон миграция тўлқини вужудга келган.

Ливан ҳукумати ўз уйини ташлаб чиққанлардан 486 минги Сурия томонга ўтганини маълум қилган.

Эроннинг талафотлари

Исроил армияси томонидан 26 октябр куни Эрон ҳарбий объектларига уюштирилган ҳужум Россияни Украинадаги урушда фойдаланаётган қуролларсиз қолдириши мумкин.

Исроил Ҳарбий-ҳаво кучларининг 140 га яқин самолётлари, жумладан, F-35 қирувчилари иштирок этган ҳужуми натижасида Эрондаги асосий ракета саноати заводларига зарба берилган.

Манбаларга кўра, Исроил 2024 йилда Россия армиясига етказиб бериш бошланган Эрон баллистик ракеталари учун ёнилғи ишлаб чиқарувчи 12 та объектни ишдан чиқарган. АҚШ ва Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, яқин масофага мўлжалланган Fath-360 ракеталарининг илк партияси Россияга сентябрда етказиб берилган. Украина томонига кўра, уларнинг бир қисми Волгоград областида жойлашган посёлкадаги ракета ва артиллерия қуроллари арсеналининг ўққа тутилиши натижасида йўқ қилинган.

Эронда йўқ қилинган ишлаб чиқариш тармоқларини қайта тиклаш бўйича ўз технологиялари йўқ, шу сабабдан ракеталарни ишлаб чиқариш камида бир йилга тўхтаб қолиши мумкин. Бу эса Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи, Ямандаги ҳусийчилар ва Россия армияси Эрон ракеталарисиз қолишини англатади.

Россия Эрондан ракеталардан ташқари «Shahed» дронларини ҳам харид қиларди, хориждан сотиб олинадиган умумий харажатлар, жумладан, Шимолий Корея снарядлари ҳам ҳисобга олинганда ҳар чоракда 120-150 миллиард рублни ташкил этади.

Исроил мудофаа кучлари 26 октябрга ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий объектларга ҳужум уюштирилгани ҳақида эълон қилди. NBC News хабарига кўра, Исроил нишонлари орасида Теҳрондаги казарма ва қурол омбори бўлган.

Урушга ташланган КХДР аскарлари

КХДРдан келтирилган 3 мингдан ортиқ аскарлар Россиянинг Курск областида жанговар машқларга киришган. Бу ҳақда Украинанинг миллий қаршилик маркази хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, аскарлар бир қатор полигонларда асосан тунда машқ ўтамоқда. Улар билан бирга полигонга бу коммунистик давлат элчихонасининг ишчилари ҳам келган. Улар таржимон вазифасини ўташ билан бирга ёлланган аскарларни кузатиш билан ҳам шуғулланади.

Ҳозирча КХДРдан келтирилган ёлланма аскарларни бевосита жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган жойларга қачон ташланиши ва жангларга тайёргарлик кўриш қанча давом этиши маълум эмас. Бироқ шимолий кореялик жангиларнинг жойлашган ўрни украиналикларга аллақачон маълум, дейилади хабарда.

АҚШ агар шимолий кореялик аскарлар Украина қуролли кучлари аскарларига қарши жангга киришадиган бўлса, уларга қарши қурол-яроғ ишлатиш учун Украинага чекловлар ўрнатмайди.

Бу ҳақда Пентагон матбуот котибининг ўринбосари Сабрина Сингҳ брифингда маълум қилган. У шунингдек, 10 мингга яқин шимолий кореялик аскарлар Россиянинг Узоқ шарқига ўқитиш учун ташланганини ҳам қўшимча қилган.

«Бу аскарларнинг бир қисми Украина чегарасига келтирилиши ва биз Россия бу жангчилардан Украина чегарасидаги Курск областида украиналик аскарларга қарши кураш олиб бориш ва жанговар операцияларни қўллашда фойдаланишидан ташвишдамиз», — деган Сингҳ.

Сингҳ шимолий кореялик аскарларнинг Курск областига келтирилганини тасдиқламади, бироқ «улар Курск томон ҳаракатланаётган бўлиши» мумкинлигини айтди.

Бу орада КХДРдан Жанубий Кореяга қочиб ўтган 200 га яқин фуқаро Украинага боришга тайёр эканини маълум қилган. Агар жанговар ҳаракатлар зонасида шимолий кореялик аскарлар пайдо бўлса улар собиқ ватандошлари — КХДР ҳарбийларига қарши «психологик уруш» олиб боришда ёрдам беришни мақсад қилган.

Россиянинг йўқотишлари

НАТОнинг баҳолашича, Россия армияси Украинадаги қарийб уч йиллик уруш мобайнида 600 мингдан зиёд аскаридан айрилган.

«600 мингдан зиёд россиялик аскарлар уруш даврида ё ўлдирилган ёки ярадор қилинган ва Владимир Путин хориждан қўлловсиз Украинага босқинини ортиқ давом эттириш қудратига эга эмас», — деган НАТОнинг бош котиби Марк Рютте Брюсселда Жанубий Корея ҳарбийлари ва разведкаси вакиллари билан маслаҳатлашув учрашувидан сўнг.

Бир вақтнинг ўзида Рютте шимолий кореялик аскарлар Россияга жўнатилгани ва Курск областига келтирилганини ҳам тасдиқлаган. Бу ҳақда НАТО вакилларига Жанубий Кореядан келган делегация информация берган.

«Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг чуқурлашиши ҳам Ҳинд-Тинч океани минтақаси, ҳам Европа-Атлантика минтақаси хавфсизлигига таҳдид солади», — дея вазиятни изоҳлаган Рютте.

Тбилисидаги норозилик намойишлари

Гуржистонда ўтган парламент сайловларидан сўнг кеча тунда мамлакат пойтахти Тбилисида мухолифат тарафдорларининг норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Аввалроқ намойиш ўтказишга Гуржистон президенти Саломе Зурабишивили чорлаган эди.

Кеча тунда мамлакат парламенти олдидаги майдонга элтувчи Шота Руставели шоҳкўчаси ёпилди. Кўчага ёндош ҳудудларга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жойлаштирилди. Парламент биноси олди одамларга тўлди. Намойишчиларга кичикроқ саҳна ўрнатишга ҳам рухсат беришди.

Гуржистонга сафар уюштирган ва шу дақиқаларда парламент биноси рўпарасидаги ҳотелдан чиқиб келаётган Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам намойишчиларнинг реакциясидан бенасиб қолмади. Уни ҳуштакбозлик билан қарши олишди.

Гуржистонда мухолифат мамлакатни яна Россия орбитасига киритаётган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси сайловда ғолиб бўлганидан норози ва ғалаба қозониш учун ҳукмрон партия ғирром усуллардан фойдаланганини иддао қилмоқда.

Тбилисида ўтган норозилик акцияси якунига кўра мухолифат такрорий парламент сайловлари ўтказишни талаб қилди.

«Бирлик миллий ҳаракати» партияси етакчиларидан бири Георгий Вашадзе парламент биноси олдидаги митингда фуқароларни мухолифат қарорлари билан таништирди:

«Биринчидан, сизлар ҳам, биз ҳам бу сайловларни легитим деб ҳисобламаймиз.

Иккинчидан, биз бу парламентга киришни истамаймиз, барча мандатлардан воз кечамиз ва рўйхатларни бекор қиламиз.

Учинчидан, биз токи ғалаба қозонгунимизча курашамиз ва ғалаба қозонишга ваъда берамиз.

Тўртинчидан, бизнинг конкрет талабимиз бор: бу — сайловларни қайтадан ўтказиш, лекин янги сайлов халқаро сайлов маъмурияти томонидан ўтказилиши шарт».

Мавзуга оид