Жаҳон | 18:22 / 29.10.2024
1183
4 дақиқада ўқилади

Ишдаги депрессия сабаб ҳар йили 12 миллиард иш куни йўқотиляпти – тавсиялар

Ишдаги тушкунлик ва асабийлик ҳар йили жаҳон иқтисодиётида 1 триллион доллар маҳсулдорлик камайишига сабаб бўляпти. Ортиқча иш соатлари, иш ўринларининг кафолатланмагани, дискриминация ва хавфли иш шароитлари руҳий саломатлик учун хавф туғдиради.

Фото: Wasan Tita

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи – 60 фоизи ишлайди ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги катталарнинг тахминан 15 фоизи руҳий касалликлар билан яшайди. Шунингдек, ҳар йили депрессия ва ташвишланиш туфайли 12 миллиардга яқин иш куни йўқолиши тахмин қилиняпти. Бу эса жаҳон иқтисодиётида 1 триллион доллар унумдорликнинг камайишига сабаб бўлади.

Иш жойлари молиявий барқарорлик, инклюзив ҳамжамиятни шакллантириш, ходимларда ишонч ва муваффақият туйғусини пайдо қилиш орқали руҳий саломатликни ҳимоя қилиши мумкин. Аммо иш ўринларининг кафолатланмагани, дискриминация, хавфли иш шароитлари ва ортиқча иш соатлари руҳий саломатлик учун хавф манбаи ҳисобланади.

Headspace руҳий саломатлик ташкилоти 2024 йилнинг ишчилар руҳий ҳолати ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Буюк Британия ва АҚШда ходимларнинг деярли ярми (47 фоиз) ва бош директорларнинг учдан икки қисми (66 фоиз) стрессларининг кўп қисми ёки ҳаммасига иш сабаб эканини айтган.

Шунингдек, сўровномада стресс ишчиларнинг шахсий ҳаётига таъсир қилиши ҳам кўрсатилган. Иштирокчиларнинг 3/4 қисми ишдаги стресс жисмоний соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини айтган бўлса, 71 фоизи иш стресси шахсий муносабатларнинг тугашига сабаб бўлишини таъкидлаган.

Estée Lauder компаниялари корпоратив тиббий директори Шарон Э. Смит ходимларнинг маҳорати ошиб, янги нарсаларни ўрганишга қизиқиши умумий ижтимоий фаровонликка яхши таъсир қилишини таъкидлайди.

“Сизнинг уйингизда ҳаммаси жойидами? Буларнинг барчаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва бу нафақат сизнинг самарали ишлаш қобилиятингизга, балки оила аъзоларингизнинг ҳам унумдорлик қобилиятига таъсир қилади”, – дейди у.

World Economic Forum иш жойларида депрессияни камайтириш, фаол ҳаёт тарзини йўлга қўйиш ҳақида айрим ташаббусларни илгари суради:

• ходимларнинг фаоллиги ва қониқиш даражасини ошириш. Иш жойларида фитнесга қаратилган ташаббуслар ходимлар фаровонлигини оширади;

• яхши ходимларни иш жойларига жалб қилиш уларга мослашувчан иш соатларини таклиф қилиш билан боғлиқ. Бу айниқса 1981-2012 йилларда туғилган авлод вакилларини ишга ёллашаётганда кўпроқ муҳим;

• ходимларнинг умумий саломатлиги ва ҳаёт сифатини яхшилашга ёрдамлашиш;

• фаол ҳаётни тарғиб қилувчи дастурлар ишлаб чиқиш. АҚШ иш берувчилари 2023 йилда ортиқча вазн ва семириш билан боғлиқ соғлиқни сақлаш учун 90 миллиард доллар сарфлаган. Фаол турмуш тарзи дастурига ўтилгач ходимларнинг тиббий харажатларини 12 фоизга қисқартирган;

• соғлиқ бўйича дастурларга сармоя киритишнинг асосий сабаблари – рақобатбардош устунликни пайдо қилиш, ходимлар манфаатларига мос келиш, соғлиқни сақлаш харажатларининг камайиши ҳисобланади. Компанияларнинг соғлиқни сақлаш дастурлари уларнинг обрўсини оширади. Обрў ошса, унумдорлик ошади.

Шунингдек, иш жойларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳам семизлик билан боғлиқ касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ўтказилган сўровда 100 дан ортиқ ташкилотнинг 4 мингдан ошиқ ходими ҳамкасблари одатлари уларга ҳам таъсир кўрсатишини айтган.

“Ходимлар ҳўл мевалар ва сабзавотлар ейиш, жисмоний фаол бўлишга ҳаракат қилса, уларнинг ҳамкасблари ҳам шунга эргашади”, – деб ёзади Анне Ван Дер Пут BMC Public Health журналида.

Мавзуга оид