Жаҳон | 20:04 / 29.10.2024
12201
7 дақиқада ўқилади

NYT август ойида Курск областида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани акс этган видеони ўрганди

Гувоҳлар бу одамларни украин ҳарбийлари ўққа тутганини айтишган. Украина буни рад этади.

Александр Черных / Коммерсант / EPA / Scanpix / LETA

The New York Times газетаси 2024 йил август ойи бошида украин қўшини бостириб кирган Курск областида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганига бағишланган суриштирувини эълон қилди. Материалда нашр ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоёзувлар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда ушбу регионда яшовчи қарийб 20 нафар россияликнинг гувоҳликларига таянган.

Журналистлар хусусан Коренево посёлкасида нималар рўй берганини аниқлашга ҳаракат қилишган. Бу ерда дрон йўлда камида етти жасад ётганини видеога олган — уларнинг аксари фуқаролик кийимларида бўлган. Жасадлар Кореневодан шарқдаги Крепна дарёси устидан ўтувчи кўприк яқинида учратилган.

Жасадларни ўликхонага олиб боришда ёрдам кўрсатиш билан шуғулланаётган кўнгилли Марина Скроб The New York Times билан суҳбатда бу жойда 15 кишининг жасади топилганини айтиб берган. Нашр бу рақамларни тасдиқловчи мустақил манба йўқлигини қайд этган. Скробнинг сўзларига кўра, айрим жасадлар иссиқда шу қадар чириб кетганки, уларнинг шахсига фақат тишлари орқали аниқлик киритилган. У украин ҳарбийлари Кореневони ташлаб қочган аҳоли вакилларини ўққа тутганини айтган. Газета ушбу аёл ўз сўзларига далил келтирмаганини қайд этган. Украина бу айбловларни рад этган. 

«Бу ҳудудда Россия ва Украина қўшинлари орасида шиддатли жанг кечган, икки йўналишда ҳам ўт очилган, шу туфайли мавжуд маълумотлар асосида одамлар ўлимида ким айбдорлигини аниқ айтиб бўлмайди», — дея ёзади NYT. Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, жасадларнинг кўпчилиги Кореневодаги кўчада 10 августдан 14 августгача бўлган вақт оралиғида пайдо бўлган. «Булар битта эпизод натижасидаги ўлимлар» бўлгани ёки йўқлиги номаълум, дея қайд этади журналистлар. Скроб қурбонлар 11 август куни пистирмага дуч келишганини билдирган. 

Суджа районидаги Куриловка қишлоғида яшовчилар ҳам украин ҳарбийлари қочаётган одамларга қарата ўқ отганини айтишган. The New York Times ҳарбий ҳаракатлар давом этаётгани туфайли бу маълумотни «текшириш қийинлиги»ни ёзган 

Маҳаллий аҳоли ва уларнинг қариндошларининг ҳикояларига кўра, Куриловкада украин юришининг илк соатларида автомобил ўққа тутилиши оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган. Қурбонлардан бири — 28 ёшли ҳомиладор аёл Нина Кузнецова. Унинг синглиси ва турмуш ўртоғи у зарбага учраган автомобилда бўлганини айтишган. Эркак ўққа тутилган бошқа машинада бўлган ва омон қолган. Бундан бир неча дақиқа олдин худди шу йўлда портлаш оқибатида 28 ёшли Алексей Трубицин ҳам ҳалок бўлган. Унинг синглиси Кристинанинг сўзларига кўра, уларнинг онаси Алексейнинг жасадини машина парчалари орасидан чиқариб олишга уринаётганида унинг олдига украин аскарлари келишган ва машина танкка қарши минани босиб, портлаб кетганини айтишган. Улар портловчи қурилмани йўлга ким ўрнатганига аниқлик киритишмаган.

Журналистларнинг ёзишича, Украина қуролли кучлари Курск областида юриш бошлаганидан кейин маҳаллий аҳоли билан «қўпол муомила қилиш» ҳолатлари учраган. NYT ҳақиқийлигини тасдиқлашга муваффақ бўлган видеолардан бирида икки нафар украин ҳарбийси Суджа районида кекса ёшли кишини таҳқирлаётганини кўриш мумкин. «Сен — рус чўчқасан», — дейди ҳарбийлардан бири немис тилида. Худди шу видеодаги иккинчи украиналик аскар Иккинчи жаҳон уруши давридаги нацистлар рамзи туширилган каска кийиб олган, дея ёзади The New York Times.

Украин ҳарбийлари эълон қилинган ва ҳақиқийлиги NYT томонидан тасдиқланган бошқа бир видеода Украина қуролли кучлари Курск областидаги аҳоли яшаш кварталларига ҳам зарба бераётгани акс этган. Айрим видеоёзувларда россиялик ҳарбийлар бинога кириши ортидан зарба келгани кўринган. Кўп ҳолатларда бу биноларда тинч аҳоли бўлгани ёки бўлмаганини аниқлаб бўлмайди, дея қайд этади газета. Журналистлар видеоёзувларга кўра, Россия қўшини ҳам Курск областидаги қарши ҳужуми чоғида аҳоли турар жойларига зарба берган.

Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссар Дмитро Лубинец Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари гуманитар ҳуқуққа амал қилишини айтади. «Биз — бошқамиз. Бу халқаро ҳамкорларимиз ёрдам кўрсатиши учун асосий аргументимиз», — деган у NYT учун изоҳида. Газета ҳавола берган украин ҳарбийлари баёнотида Курск областида Женева конвенциясини «бузиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмагани» айтилади. Журналистлар «ўз баёнотларини далиллаш учун» украин расмийлари Украина қуролли кучлари оккупация қилинган ҳудудлар аҳолисига озиқ-овқат ва сув етказиб бераётгани видеосини намойиш этганини таъкидлашган. 

The New York Times Курск области аҳолиси ҳикоялари Украина қуролли кучларининг региондаги фаолияти тўғрисида «аниқ тасаввур ҳосил қила олмаслиги»ни қайд этади. Улардан айримлари ўзи яшайдиган аҳоли яшаш манзилларини эмин-эркин тарк этишгани ва йўлда учраган украин ҳарбийлари уларга тегмаганини айтиб беришган. Оккупация қилинган ҳудудларда қолган қариндошларига таяниб маълумот берган яна уч киши Украина қуролли кучлари томонидан «анча ғамхўрлик билан муносабат» кўрсатилаётганини билдиришган. Кекса ёшли бир киши украин аскарлари унга янги нон ва гўштли консервалар келтирганини айтади.

Октябр ойи бошида Россия ТИВнинг алоҳида топшириқлари бўйича элчиси Родион Мирошник Россия томони маълумотларига кўра, Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юриши бошланганидан буён тинч аҳоли вакилларидан 70 га яқин киши ҳалок бўлиб, 300 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилганди. 20 сентябр куни Курск области Суджа райони раҳбари Алексей Богачев жанглар майдонига айланган ҳудудларнинг ўзида 1350 нафар атрофидаги тинч аҳоли вакиллари қолаётганини билдирган. Суджа шаҳри ва Суджа районида яшовчиларнинг қариндошлари Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Володимир Зеленскийга мурожаат қилинган мактуб йўллашган. Улар тинч аҳолини олиб чиқиш учун гуманитар йўлак очишни сўрашган. Москва ва Киев томонининг жавобларида бу имконсизлиги, чунки иккинчи томон алоқага чиқмаётгани айтилган.

Мавзуга оид